22:35 / 09.02.2017
4 566

«Буюк девор» ортида

«Буюк девор» ортида

Ўзбек футболида шаклланган бир анъана бор, аммо унинг яхши ёки ёмонлигини аниқ айта олмаймиз. Журналистлардан тортиб мураббий ва футболчиларгача бир гапни кўп айтишади - Ўзбекистон терма жамоаси Осиёда тўртинчи ўринда туради. Бу тахлит гап-сўзларнинг кўпайишига 2011 йилги Осиё кубоги сабаб бўлса керак. Ўша йили Ўзбекистон миллий жамоаси дарҳақиқат, қитъада тўртинчи ўринни қўлга киритганди. Сал қолса, учинчи бўлиши ҳам мумкин эди-ю, қурғур, Жанубий Корея термасига қарши баҳсда биргина Гейнрихнинг уринишлари камлик қилганди. Бутун жамоа у каби ўйнаганида, балки ҳозир «Осиёнинг учинчи жамоаси» ҳақида гапираётган бўлармидик... 2015 йилги қитъа биринчилиги эса, ҳисоб эмас. Биз учун асосан, ўзимиз учун омадли кечган мусобақаларни эслаш маъқулроқ.

КУЧЛИЛАР

Аммо майли, мавзудан чалғимайлик. 2011 йилдан буён «тўртинчи ўрин» ҳақида кўп гапирилди. Бироқ ҳақиқатга тик қарайдиган бўлсак, бу ўринга қай даражада муносиблигимиз баҳсли масала. Биздан олдинда турганлар - Япония, Жанубий Корея ва Австралия бўлса, бу ёқда Эрон ва БАА ҳам бор. Шундай экан, асл жойимиз беш ва ҳаттоки, олтинчи поғона, десак, тўғри бўлар, балки. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Аҳвол шу зайл давом этаверса, тез кунларда янада қуйироқ ўринларга тушиб кетишимиз ҳеч гап эмас. Зеро, Хитойнинг қандай шиддат билан ривожланаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Ҳозир шу ҳақда.

ХИТОЙ

Чин юртининг бугунги футболи хусусида гап кетар экан, кўз олдингизга энг аввало, пул тўлдирилган қоп келади. Ҳеч қандай муболағасиз. Пул ёмон нарса, у Жанубий Америка тугул, Европанинг энг сара ўйинчиларини ҳам «буюк девор»нинг нариги томонида тўп суришга мажбур қилмоқда. Эндиликда дунёнинг энг кўп маош оладиган футболчиси «Реал» ёки «Барселона»да эмас, «Шанхай Шенхуа»да тўп суради. Бу ўринда гап Карлос Тевес ҳақида кетаётганини тушундингиз: унга хитойликлар йилига 30 миллион евро тўлашмоқда. Ҳали бу ҳам чегара бўлмаса керак, «янги Тевеслар» албатта, чиқади ва шунга кўникиш лозим. Хитойнинг шашти анча баланд.

Эслаб қолинг, агар Чин ўлкаси футболи шу йўлдан қайтмайдиган бўлса, қачондир нафақат Осиё, балки дунё етакчиларидан бирига айланиши ҳам ҳеч гап эмас. Ўзлари бу ишни 2050 йилга бориб амалга оширишни кўзлашган. Режа бўйича аввал жаҳон чемпионатини қабул қилишлари лозим, сўнгра эса чемпионликни ҳам қўлга киритиш керак. Ҳозир бу гаплар кулгули туюлиши мумкин, аммо икки йил олдин «Оскар ва Тевес Хитойда ўйнайди», дейилса ишонармидингиз? Хитойликлар ўша бемисл мақсадларини амалга оширишга астойдил бел боғлашган. Ҳозир кўпчилик «само ости ўлкаси»да трансферлар учун сарфланаётган пулларни гапиришни хуш кўради, аммо футбол ривожи учун амалга оширилаётган бошқа ишлар назардан четда қолиб кетаётгандек, гўё. Зеро, хитойликлар аҳмоқ эмас, шунчаки, юлдузлар учун миллионларни сарфлаб қўядиган. У ерда шу билан бирга, бошқа қатор ишлар ҳам амалга оширилмоқдаки, ҳозир айни мавзуга ҳам бироз тўхталсак.

50 БАНД

Хитойда юлдузлар сотиб олиниши баробарида футбол ривожи ҳам буткул ислоҳ қилинмоқда ва 50 банддан иборат ривожланиш дастури ишлаб чиқилган. Бу дастурнинг асосий мақсади - болалар футболини давлат ҳисобидан ривожлантириш. Умумий ҳисобда 2020 йилга бориб мамлакатда 50 миллион киши футбол билан фаол шуғулланиши кўзда тутилган. Шулардан 30 миллиони мактаб ўқувчиларидан иборат бўлиши шарт. Бора-бора шуғулланувчилар сони ошиб бораверади. Уларга етарлича шароит яратиб бериш учун бутун мамлакат бўйлаб 70 мингта машғулотлар базаси қурилади. Ушбу масканларда болаларга немис мураббийлари дарс ўтишади. 2030 йилга бориб, футбол майдонлари сони яна ҳам ошиб бориши лозим. Келажакда ўртача 10 минг киши учун битта майдон барпо этилиши режалаштирилган. Шунақасини тасаввур қила оласизми?

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Яқин йиллар ичида ўрта таълим мактабларида ҳам футбол дарслари жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Айни вақтда илмий ходимлар таълим муассасаларига мослаб миллионлар ўйини дарсликлари яратиш устида иш олиб бормоқдалар. Умумий жиҳатдан олиб қаралганда, футбол фан даражасига кўтарилади. Бу ишларнинг барчаси, энг аввало, Хитой чемпионати ривожини таъминлашга қаратилган. Чин юрти футболи раҳбариятининг наздида кучли чемпионат ўз-ўзидан кучли терма жамоа шаклланишига олиб келиши лозим. Бу қарашлар қай даражада тўғри бўлиб чиқишини вақт кўрсатади. Аммо Хитой суперлигаси ривожига ҳозирдан катта туртки бўлаётганини бемалол айтиш мумкин.

СУПЕРЛИГА

Бугунги кунда Хитой клубларига сармоя киритишнинг ҳар қандай йўли маъқулланмоқда. Футболга пул тиккан компаниялар учун даромад солиғи 25 фоиздан 15 фоизга қадар туширилган. Бу эса, ўз навбатида, футболга катта пул «оқиб» келишини таъминлаб беряпти. Охирги икки қишки трансфер бозорида Хитой суперлигасида янги футболчилар учун Англия премьер-лигасидан кўра кўпроқ пул сарфланди. Ўтган йилнинг қишида «осмон ости ўлкаси»да 345 миллион еврога футболчи сотиб олинган бўлса, Англияда мазкур кўрсаткич 248 миллионни ташкил этди. Хитойликларнинг бу йилги уринишлари ҳам кам эмас. Улар шу вақтга қадар 128 миллион евро ишлатиб улгурдилар. Англияда эса ҳозирча 72 миллион еврога футболчи сотиб олинган. Ишонинг, бу маблағ ҳали анча ошиши турган гап.

РИВАЛДО СИНДРОМИ

Хўш, биз бу гапларни нимага айтмоқдамиз? Сабаби бор, албатта. Ҳозир Хитойда Халк, Карлос Тевес, Оскар, Жексон Мартинес, Жервиньо, Рамирес, Фредди Гуарин, Демба Ба, Паулиньо ва Асамоа Гьян каби футболчилар тўп суришмоқда. Биз бу рўйхатга яна Диего Тарделли, Алекс Тейшейра, Стефан Мбиа ва Тим Кейхилл кабиларни қўшмадик. Чунки улар Европада у қадар танилишмаган, аммо исталган чемпионатни кучайтиришлари мумкин ва бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Энди бир ўйлаб кўринг, шундай иқтидорлар билан елкама-елка ўйнаган хитойлик футболчилар яқин йилларда қай даражада кучайишлари мумкин? Ёдингизда бўлса, бир вақтлари олий лигада Ривалдо тўп сурганда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари савия жиҳатидан бир неча поғона кўтарилишга муваффақ бўлгандилар. Эътибор беринг, Хитойга Ривалдо каби қариялар эмас, балки энг кучга тўлган даврини бошидан ўтказаётган футболчилар йўл олишмоқда. Уч-тўрт йилдан сўнг воқеалар ривожи қандай тус олиши мумкинлигини тасаввур қиляпсизми?

ҚАРШИ ТУРИШ

Албатта, биз бу мақола билан Хитой футболини осмонга кўтариб мақташни мақсад қилмаганмиз. Шунчаки, Ўзбекистон терма жамоаси ОФКда бўларкан, демак яқин вақтлар ичида яна бир жиддий рақиб билан тўқнашиш мумкинлигини тахмин қилмоқдамиз, холос. Табиийки, биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўришимиз шарт. Хитой футбол ривожи учун миллионларни тикмоқда ва ишонинг, бу ишлар вақти келиб қайсидир кўринишда бўлмасин самара келтиради. Хўш, Ўзбекистон футболи унга қарши нима қўйиши мумкин? Келинг, ҳозир шу ҳақда гаплашайлик.

Биз шу вақтга қадар юртимизда спорт, хусусан, футболга берилаётган эътибор хусусида кўп гапирганмиз. Энг муҳими, бу гаплар етарлича асосга эга. Ҳозир янги қурилган стадионлар ҳақида яна гапирмоқчи эмасмиз, шундоқ ҳам яхши биласиз. Шундай экан, ўзбек футболининг келажагига ишонч билан қараш учун бизда асос бор. Бироқ ўз навбатида, қилиниши керак бўлган ишлар кўплиги ҳам аниқ.

Биз Хитой каби ўз футболини кескин ривожлантириш йўлини танлаган мамлакатга қарши фақат бир нарсани қўйишимиз мумкин - ички ресурслар. Бизда шундай ресурс борми? Ҳа, албатта - иқтидорли ёшлар. Анча сийқаси чиққан гап, шундай эмасми? Аммо ҳақиқат эканини ҳам яхши биласиз. Футбол - бизда биринчи рақамли спорт тури. Уни бемалол миллионлар ўйини, деб атай оламиз, чунки бизда уни ҳамма яхши кўради. Боксда қўлга киритилган олтин медаллар билан истаганча фахрланишимиз мумкин, аммо хаёлимизнинг бир чети барибир, футболни кузатишга ундайди.

КОБИ БРАЙАНТ. КИМ У?

Билсангиз, Хитой бугунги миллионларини айнан шу натижага эришиш учун ҳам сарфламоқда. Ҳар қанча ҳайратланарли бўлмасин, у ерда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. Baidu интернет-қидирув тизимининг маълумот беришича, Чин юртида асосан, баскетболнинг оммавийлиги юқорироқ экан. Хитойликлар интернетда қидирадиган калит сўзларнинг 50 фоизи айнан баскетбол билан боғлиқ. Ўтган йили Хитойда энг машҳур спортчи ким бўлганини биласизми? Кобе Брайант! У машҳурлик борасида ҳатто Криштиану Роналду ва Лионель Мессини ҳам ортда қолдирган.

Мабодо Брайантни танимасангиз, ўзингизни койиманг. Шунчаки, бизда баскетболга эмас, балки футболга қизиқишади. Коби Брайант эса Америкада, «Лос-Анжелес Лейкерс» клубида 20 йилдан буён ўйнаб келаётган баскетболчи. Сиз уни билмаслигингиз мумкин, аммо «Осасуна» ёки «Милдсбро»да кимлар ўйнашини айтиб беришингиз турган гап. Чунки миллионлар ўйинини яхши кўрасиз.

Хитой эса халқига ўша футболчиларни танитиш учун юлдузларни сотиб олишга мажбур...


БИЗ ОЛДИНДАМИЗ

Биз футбол бўйича Хитойдан олдиндамиз. Буни ҳеч иккиланмай айта оламиз. Тўғри, бизда Карлос Тевес ўйнамайди, аммо ўзбек халқи шундоқ ҳам футбол билан нафас олади, футбол билан яшайди. Қолаверса, Ўзбекистон жамоаси ҳамиша Хитой термасини ютиб келмоқда ва келажакда ҳам мағлуб этишига умид қиламиз. Юртимизда Коби Брайант кимлигини айтиб берадиган одам кўп топилмас, аммо Роналду ва Мессини ҳамма танийди. Бироқ Роналду ва Мессини таниш бошқа, футбол ривожи бўйича бошқалар билан басма-бас рақобатлашиш бош-қа. Хитой шу тахлит юришда давом этса, яқин вақтлар ичида биздан ўзиб кетиши ҳеч гап эмас. Демак, улардан ортда қолмаслик учун отни қамчилашимиз лозим. Мақоламиз якуни шу ҳақда бўлади.

Бахтимизга ўша «қамчиланадиган от» бизда бор. Юқорида Хитойда минглаб машғулотлар базалари очилаётгани ва уларга немис мураббийлари жалб этилаётгани ҳақида гапирдик. Эътиборли томони, бундай инфратузилма бизда ҳам етарли. Ҳар бир вилоят ва туманларда давлат дастури доирасида замонавий иншоотлар қурилган. Ҳали яна қурилади. Бироқ энди мана шу инфратузилмадан самарали фойдаланишни ҳам ўрганиб олишимиз лозим. Бунинг учун эса хориждан мутахассислар таклиф этиш лозим бўлади. Бизга кўп мураббий келиши шарт эмас, чунки яхши устозлар ўзимизда ҳам топилади.

Аммо замон билан ҳамнафас бўлиш учун ҳар бир футбол мактабида ҳеч бўлмаси икки-уч нафар хорижлик мураббий ишласа, зарар қилмаса керак. Ишонинг, улардан ўрганадиган нарсалар топилади. Ахир Хитой қачон биздан ўзиб кетаркан, деб юрак ҳовучлаб, қўл қовуштириб ўтира олмаймиз-ку! Шундай эмасми?!

АБДУЛЛОҲ

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Буюк девор» ортида