date

Уоткинс ўйинни ўзгартирди: «Астон Вилла» Лондонда «Челси»ни мағлуб этди

Уоткинс ўйинни ўзгартирди: «Астон Вилла» Лондонда «Челси»ни мағлуб этди

Англия Премьер-лигасининг 18-тур марказий учрашувида Лондоннинг «Челси» клуби «Астон Вилла»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Унаи Эмери жамоаси иккинчи бўлимда босимни кучайтириб, Олли Уоткинснинг дублига таяниб камбек қайд этди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.

«Стэмфорд Бриж»да мезбонлар учрашувни анча ишончли бошлади ва ташаббусни қўлда ушлаб турди. «Челси»нинг устунлиги бурчак зарбасидан кейин Жуаун Педру киритган гол билан натижага кўчди. Биринчи тайм тўлиқ лондонликлар назоратида ўтган бўлса-да, ҳисоб минимал даражада қолди.

Танаффусдан сўнг вазият кескин ўзгарди: «Астон Вилла» ўйин суръатини оширди ва Роберт Санчес дарвозаси олдида тез-тез хавфли эпизодлар яратишга киришди. Ўйин тақдири асосан бир соат атрофидан кейинги бўлакда ҳал бўлди — Эмерининг алмаштиришлари меҳмонлар прессингини янада кучайтирди.

Аввалига Уоткинс Морган Роджерснинг узатмасидан сўнг тўпни илиб кетиб, ҳисобни тенглаштирди. Орадан кўп ўтмай, ҳужумчи яна бир бор ўз сўзини айтди: Юри Тилеманс узатган бурчак зарбасидан кейин бош билан аниқ зарба йўллаб, дублни расмийлаштирди. Айнан шу гол «Астон Вилла»га ғалабани тақдим этди.

Учрашув якунида «Челси» мағлубиятдан қутулиш учун босимни кучайтирди, бироқ Эмилиано Мартинес дарвоза чизиғида ишончли ҳаракат қилди. «Астон Вилла» ўйинни ғалаба билан якунлаб, юқори ўринлар учун курашдаги барқарорлигини яна бир бор тасдиқлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Уоткинс ўйинни ўзгартирди: «Астон Вилла» Лондонда «Челси»ни мағлуб этди