Паненка ўз услубидаги пеналти зарбаси ҳақида фикр билдирди

Чехия футболи афсонаси Антонин Паненка «паненка» услубида тепиладиган пеналти зарбаси рақибга ҳурматсизлик, деган қарашга қўшилмаслигини айтди. У ушбу услубни 1976 йилги Европа чемпионати финалида муваффақиятли қўллаган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Паненкага кўра, ўша пайтда у рақибни масхара қилишни эмас, энг ишончли ечимни танлаган. «Бундай зарба ҳурматсизликми? Йўқ, мен бунга қўшилмайман. Ўша лаҳзада мен учун энг эҳтимолий гол уриш йўли шу эди. Европа чемпионати финалида ҳеч ким рақиб устидан кулишни ўйламайди. Мен футболни яхши кўраман ва ҳеч кимнинг устидан кулишни истамаганман. Менимча, бу гол уришнинг энг яхши йўли эди», — деди Паненка Cadena SER радиосидаги El Larguero дастурида.
Шунингдек, у аввалроқ Африка Миллатлар Кубоги финалида Браҳим Диас нега «паненка» услубида гол ура олмаганини ҳам ўз нуқтайи назаридан изоҳлаганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!