Осимҳен: футболчиларнинг аксарияти «Ювентус»да ўйнашни хоҳлайди

«Галатасарай» ҳужумчиси Виктор Осимҳен «Ювентус» ҳақидаги саволга муносабат билдирди. Сўнгги йилларда нигериялик форвардни бир неча бор туринликлар сафига ўтиши мумкинлиги ҳақида гапиришган, бироқ трансфер амалга ошмаган. Ўтган ёзда эса «Галатасарай» уни «Наполи»дан 75 млн евро эвазига сотиб олганди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Осимҳеннинг айтишича, «Ювентус» бой тарихга эга улкан клуб бўлиб, у ерда кўплаб афсоналар тўп сурган. Ҳужумчи Туринда ўйнашни шараф деб билишини таъкидлади, шу билан бирга ҳозир «Галатасарай»даги ҳолатидан мамнунлигини ҳам яширмади. «Келажакда нима бўлишини ҳеч қачон билмайсан. Менимча, дунёдаги футболчиларнинг 90 фоизи «Ювентус»да ўйнашни истайди», — дея Осимҳен сўзларини келтиради журналист Фабрицио Романо.
Чоршанба куни жамоалар Чемпионлар лигасида жавоб учрашувини ўтказади. Илк ўйинда Истанбул клуби ўз майдонида туринликларни 5:2 ҳисобида йирик мағлубиятга учратганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!