«Монако» мутасаддилари 2014 йили клуб тараққиёт дастурини ўзгартириб, трансферлар бюджетини кескин камайтирдилар. Ана шу жиддий ислоҳотдан кейин монегаскларнинг чемпионликка даъвогарлик қилишларига ҳаттоки, энг ашаддий мухлислар ҳам ишонмай қўйишганди. Таажжубки, князлик клуби жорий мавсум нафақат ички мусобақа, балки ЧЛда ҳам муваффақиятли тўп сурмоқда. Хусусан, жамоа маҳсулдорлик бобида Европа миллий чемпионатлари иштирокчилари орасида етакчи бўлиб турибди.
Дарҳақиқат, янада юксакроқ марраларни кўзлаган ҳолда, Англияга йўл олган Радамель Фалькаонинг у ердаги жиддий жароҳат ва омадсиз ижара келишувларидан сўнг ҳозирда Европанинг энг сермаҳсул жамоаларидан бири ҳужум чизиғида бош ролни ўз қўлига олишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди.
Боз устига, «Монако» қимматбаҳо легионерлардан воз кечиб, асосий эътиборни маҳаллий академия тарбияланувчиларига қарата бошлаганди. Қарангки, князлик клуби шу сиёсат самараси ўлароқ, фантастик статистика қайд этмоқда: 30та учрашувда 87та гол! «Кўҳна қитъа»да ҳеч қайси клуб миллий чемпионатдаги бундай маҳсулдорлик билан мақтанолмайди. Диққатни тортадиган томони, олдинги чизиқда Фалькаога машҳур юлдузлар эмас, Валер Жермен ёки Килиан Мбаппе сингари маҳаллий тарбияланувчилар ёрдам беришмоқда. Бу футболчилар «Монако» академияси - Ла-Тюрбида таҳсил олишган.
Яна бир далил шуки, «Монако» чемпионатда нафақат ёш футболчилар, балки мутахассислар масаласида ҳам бошқа жамоаларга жиддий рақобат тақдим этяпти. Хусусан, Франция футболининг мартабали арбобларидан бири Бертран Резо академия президенти лавозимига таклиф этилди.
Эътиборлиси, бу мутахассис Парижда нақ 11 йил айнан шу вазифани бажарганди. Унинг хизматлари самарасини «ПСЖ»нинг ички аренада чинакамига ҳукмрон қилганидан ҳам билиб олиш мумкин. Қолаверса, пойтахт клуби ЧЛда «Барса»дек грандни анча уялтирди (1|8 финалнинг биринчи учрашувида 4:0 ҳисобида зафар қучганини эсланг) гарчи кейинги раундга чиқолмаган бўлсада.
Тўғри, Бертраннинг ўзи камтарона фикр билдиради: «Мен келмасимдан аввал ҳам «Монако»нинг ишлари рисоладагидек эди». Баёнотнинг мазмунини тўлиқ тушуниш учун яқин ўтмиш воқеаларини ёдга олиш талаб этилади. Асосан хорижликлар макони ҳисобланган миттигина князлик ҳеч қачон клубга етарли эътибор қаратмаган.
Дейлик, аҳолининг 50 фоизини ўз бағрига сиғдирадиган 18 минг ўринли стадион кўпинча ҳувиллаб ётарди. Оқибатда жамоа чипталар сотувидан олинадиган даромад бўйича антирекордчи бўлиб қолди. Таажжубки, сайёрамизнинг энг сўлим ва қимматбаҳо масканидан макон топган «Монако» моддий ресурслар етишмовчилиги туфайли «лифт-жамоа» мақомини олди.
1975 йили «Монако» бошқарувини қўлга олган Жан-Луи Кампора «Сошо» ва «Нант» клубларидан ибрат олиш зарурлиги ва жамоа асосан ўз академияси тарбияланувчилари ҳисобига юксак марраларга интилишини эълон қилганди. Шундан кейин Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган ажойиб билим даргоҳи том маънода тагчилликка дуч келди. Гап шундаки, князликдаги ўзига хос демографик шароит (аҳолисининг умумий сони 35000 киши) туфайли у ерда болалар жуда оз. Шу боис, Ла-Тюрбига 10-13 ёшли иқтидор соҳибларини жалб этиш иконияти паст. Бошқа шаҳарлардаги болаларни қабул қилиш эса қонун билан тақиқлаб қўйилган. Шу сабаб, «Монако» деярли шаклланиб улгурган футболчиларни таклиф этишга мажбур бўларди. «Ихтиёримизда болалар жамоалари йўқ. Шундай экан, олдимизда Клерфонтен сингари бошқа ўқув масканларидан 15 ёшли ўсмирларни таклиф этиб, улар савиясини талаб даражасига олиб чиқиш билан шуғулланишдан ўзга чора йўқ»,-дейди Резо академия ишига тўхталиб. Ҳа, князлик мустақил салтанат мақомида бўлсада, клуб тараққиётдан ортда қолиб кетмаслиги учун Франциядаги футбол марказлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Айни пайт Францияда 12та машҳур футбол маркази фаолият юритмоқда. Тьерри Анри, Лилиан Тюрам ва Эммануэль Пети каби афсоналар энг самарадор академия - Клерфонтенда таҳсил олишган.
Хуллас, Ла-Тюрби мутасаддилари болалар гуруҳларининг йўқлигини ўзига хос йўл билан билинтирмаяптилар. Ноёб иқтидор соҳибларини саралаб олиш учун етарли вақт ва имкониятга эга мутахассислар энг яхши тарбияланувчиларни князлик академиясига таклиф қиладилар ва уларнинг чинакам профессионал даражага кўтарилишлари учун ҳеч нарсани аямайдилар: «Даргоҳимизга асосан болалик ва ўсмирлик йиллари оилалари даврасида ўтган ёшлар келишади. Бирор иқтидорли йигитни аниқласак, дарҳол музокара жараёнини бошлаймиз. Аниқроқ айтсак, 12-13 ёшли пайтиёқ болакайни ўз томонимизга оғдириш ҳаракатига тушамиз. Муҳими, тарбияланувчиларнинг мактабимизга кўчиб ўтишлари арафасида уларга иложи борича қулай шароитлар яратиб берамиз ва албатта, муддатга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз»,-дейди Резо. Ортда қолган 40 йил давомида «Монако»га қанчадан-қанча президентлар, мураббийлар ва футболчилар келиб кетишди. Аммо ноёб иқтидор соҳибларини қидириб топиш ва тарбиялаш фалсафаси ҳанузгача ўзгаргани йўқ. Чунки у бугунги кунда ҳам ўз самарасини бермоқда.
Энди сўнгги пайтларда жиддий шов-шувларга сабаб бўлаётган Килиан Мбаппе хусусида. Ҳа, у чиндан ҳам, ўтган йили «Арсенал» таклифини рад этди, гарчи афсонавий Тьерри Анри изидан бораётган бўлсада. Мазкур ўхшатиш бежиз эмас. Зеро, ҳар иккиси Зумрад соҳилига келишдан аввал битта футбол марказида таҳсил олган. Бертран Резо бу масалада шундай фикрда: «Футбол академияларининг энг сара тарбияланувчилари айнан «Монако»ни танлайдилар. Чунки бизда ёш футболчилар мунтазам равишда камолот чўққисини забт этаётганларини кўриб турадилар». Килиан Мбаппе, Тома Лемар ва Тьемуэ Бакайоко каби иқтидор соҳиблари аллақачон АПЛ грандлари эътиборини тортган бўлсаларда, «Монако» мутасаддилари бундан умуман ташвиш тортмайдилар: «Уларни клубда олиб қолиш учун ортиқча бош қотиришимизнинг ҳожати йўқ. Бу йигитларга Англияга барвақт йўл олган франциялик ёш футболчилар қайд этаётган натижаларни кўрсатиш кифоя қилади».
«Монако» академияси: жиддий эътиборга муносиб ёш тарбияланувчилар (топ-5)
Лоик Бадиашиле (дарвозабон, Франция U-18)
Франко Антонуччи (вингер, Бельгия U-17)
Адриен Бонжованни (вингер, Бельгия U-17)
Ирвин Кардона (ҳужумчи, Франция U-20)
Мусса Силла (ҳужумчи, Франция U-18)
«Монако» академияси: 5та энг муҳим хусусият
Скаутинг. «Шуни аниқ айта оламанки, мен иш бошлаган пайт «Монако» энг яхши скаутлар тармоғига эга бўлиб, у франциялик ёшлар орасидан ноёб иқтидор соҳибларини топишга йўналтирилганди. Юқори малакали мутахассислар мамлакатнинг барча ҳудудларидаги ёш футболчилар, ҳаттоки, 11-12 ёшли болаларни ҳам жиддий назорат остига олишганди»,-дейди клуб спорт директори вазифасини бажарган Тор-Кристиан Карлсен.
Хилма-хиллик. Резонинг фикрича бу жуда муҳим: «Мақсад - ҳар бир позицияга турлича фазилатларга эга бўлган номзодларни топиш. Шу йўл билан улар ўртасидаги кераксиз рақобатга чек қўйиш мумкин». Собиқ спорт директори эса бунга шундай қўшимча қилади: «Ла-Тюрбида иқтидорли ўйинчилар малакали мураббийлардан сабоқ олиб, маҳоратларини мукаммалаштириб борадилар».
Ихтисослашув. Академияда ёш футболчилар турли позицияларда ўз иқтидорларини синовдан ўтказадилар. U-17 гуруҳи сафига қўшилгунларича уларнинг асосий амплуалари маълум бўлади. Илғор тарбияланувчилар тўртинчи дивизионда иштирок этаётган ўринбосарлар жамоаси таркибидан жой оладилар.
Майдон ташқарисидаги хулқ-атвор. Табиийки, академияда тартиб-интизомга жиддий эътибор қаратилади. «Одатда беодоб ва бадфеъл табиатли ўйинчиларни қабул қилмаймиз, минг иқтидорли бўлишсада. Чунки улар майдонда ҳам ҳаётдагидек панд беришлари мумкин. Зеро, бош мақсадимиз - аввало, болаларни ҳар томонлама мукаммал инсон даражасида тарбиялаш. Хуллас, ижтимоий таълим-тарбия самараси ўлароқ, ҳар бир футболчи ўз шеригини осон тушунадиган ҳолатга келади»,-дейди Резо бу борада.
Big data. Тор-Кристиан Карлсеннинг айтишича, академияда ўзгача маълумотлар базаси яратилган: «Барча клублар футболчилар ҳақида бир хил услубда маълумот тўплашади. Биз эса бу масалада ҳам ажралиб туришга интилганмиз. Масалан, болаларга маълумотларни етказишда махсус иловалардан фойдаланилади. Хуллас, ўйинчилар барчаси билан смартфондаги таҳлил ёрдамида танишишлари мумкин».
Манба: www.interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Олимлар қаҳванинг ичакдаги бактериялар таркибига таъсирини аниқлади
АҚШ Украинани ҳарбий хизматга чақирув ёшини 18 га туширишга чақирмоқда
АҚШ Японияга HIMARS тизимларини жойлаштиради
Суперлига. 2025 йилги мавсум қачон старт олиши маълум қилинди
Қуръонни ёққани учун қамалган Никита Журавелга янги ҳукм ўқилди