Мексиканинг шимолидаги Монтеррей шаҳрида сунъий интеллектга эга ноёб робот-ит кўчаларда сайр қилиб, одамларни ҳайвонларга меҳрибон бўлишга ундамоқда. Peopletalk хабарига кўра, Валдог номли ушбу робот ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш учун яратилган.
Лойиҳа ташаббускори, монтеррейлик федерал сенатор Валдо Фернандес, робот учун ўз шахсий маблағидан тўрт минг доллардан ортиқ сарфлаган. Қолаверса, у сунъий интеллектли итга ўз номини берган. Валдог масофадан бошқарилади ва унга доимий кузатувчи ҳамроҳ бўлиши шарт.
Робот-ит шаҳар кўчаларида нафақат сайр қилади, балки атрофдаги ахлатларни қайд этади ҳамда қаровсиз юрган бошқа итларни рўйхатга олади. Фернандеснинг айтишича, Валдогнинг иш жадвали жуда тиғиз: у мактаблар, майдонлар ва турли маҳаллаларга ташриф буюради, шу билан бирга, фуқаролар билан кўплаб селфиларга ҳам тушади.
Мутахассислар фикрича, бундай робот-итлар келажакда табиий офатлардан сўнг қидирув-қутқарув ишларида кенг қўлланилиши мумкин. АҚШ ҳукумати ҳам Мексика билан чегарани қўриқлаш учун шунга ўхшаш қурилмалар устида иш олиб бормоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!