Европа футболи трансфер бозорида сенсацияга сабаб бўлиши мумкин бўлган хабарлар тарқалмоқда. Мадриднинг машҳур ва нуфузли "Реал" клуби сафида тўп сураётган Франция терма жамоаси юлдузи Килиан Мбаппе Саудия Арабистони чемпионатининг асосий трансфер мақсадларидан бири сифатида тилга олинмоқда. Бу ҳақда "Defensa Central" нашри маълумот тарқатди.
Манбаларнинг айтишича, Саудия Арабистонидаги етакчи клублардан бири Мбаппе учун мисли кўрилмаган рекорд миқдордаги маблағни – 350 миллион еврога яқин тўловни амалга оширишга тайёр турибди. Агар ушбу шартнома амалга ошса, у бутун футбол тарихидаги энг қиммат трансфер сифатида ёдда қолиши аниқ.
Қизиғи шундаки, Саудия арабистониликлар дастлаб "Реал"нинг яна бир ёрқин юлдузи – бразилиялик Винисиус Жуниорни мақсад қилиб қўйган эди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси янгиланмаётган бўлса-да, ҳозирча у ўз келажаги борасида якуний қарорни ҳам қабул қилгани йўқ.
Мбаппе эса айни пайтда "Реал" сафида қолишдан бошқа сценарийни кўриб чиқмаяпти. Аммо юқорида тилга олинган улкан миқдордаги расмий таклиф Мадрид клубига етказилса, "қироллик жамоаси" раҳбарияти бу вазиятга қандай муносабат билдириши ҳозирча аниқ эмас.
Футбол олами эса ушбу воқеалар ривожини қизиқиш билан кузатмоқда. Саудия чемпионати сўнгги йилларда дунё футболи юлдузларини жалб қилиш борасида улкан қадамлар қўйган бўлса-да, Мбаппе каби супер юлдузнинг йўл олиши ҳақиқий трансфер инқилоби бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!