Суперлига 18-туридан ўрин олган “Андижон” – “Навбаҳор” (0:1) баҳси шиддатли ва кескин руҳда ўтди. Мазкур учрашувдан кейин “Андижон” жамоаси бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, бу баҳс натижаси ҳақиқатан ҳам дурангга мос келган, аммо футболда баъзан биргина зарба ҳам тақдирни ҳал қилиши мумкин.
— Дурангга мос ўйин эди. Баъзан шундай ҳолатлар бўлиб туради — рақиб битта ҳужумга ўтиб, гол уради ва ғалабани қўлга киритади. Бугун ҳам худди шундай бўлди. Биз ҳам кўп имконият яратмадик, аммо ўйин сифати жиҳатидан яхшироқ эдик. Бу — футбол, мағлубият эса ҳар доим ёқимсиз. Яна бир бор такрорлайман: бу баҳс натижаси дурангга арзийди. Энди ўйинни таҳлил қилиб, хатолардан хулоса чиқарамиз, — деди мураббий.
Мураббий журналистлар саволларига жавоб берар экан, бу мағлубият учун шахсан ўзини айбдор деб ҳисоблашини ҳам очиқ тан олди:
— Албатта, ўзимни айбдор деб ҳисоблайман. Жамоа ютқазса, биринчи навбатда мураббий масъул. Балки нотўғри алмаштириш қилгандирман ёки таркиб танлашда адашгандирман. Балки футболчиларни руҳан тўғри тайёрлай олмагандирман. Лекин иккинчи тарафдан, бундай баҳслардан сўнг ортиқча баҳс қилиш шарт эмас. Кучли рақиблар билан ўйинларда ҳамма руҳан тайёр бўлиши шарт. Ҳатто ютиб чиққанимизда ҳам “бу баҳс дурангга мос эди” дердим. Мен ростгўйман — битта зарба, битта гол. Бизда ҳам зарбалар бўлди, аммо омад юз ўгирди. Машғулотларда ҳар куни зарбаларни голга айлантириш устида ишлаймиз, лекин ўйин пайтида шунга эриша олмаяпмиз. Нега шундай бўлаётганини ўзим ҳам англай олмаяпман.
Журналистлар Крезиу Алтин ҳақида ҳам сўрашди:
— Крезиу Алтин — таянч ярим ҳимоячи, у орқароқда ҳаракат қилади. Биз эса ҳужумни кучайтириш мақсадида олдинга ҳужумкор ярим ҳимоячи қўйишимиз керак эди. Шу боис уни майдонга тушириш мантиқан тўғри эмас эди, — деди Шацких.
Шунингдек, Саиднуруллаев ўрнига Ислом Маматказин майдонга туширилгани ҳақида ҳам изоҳ берилди:
— Ўйин охирларига келиб “иккинчи қават”даги курашлар кучайди. Маматказин бош билан яхши ўйнаши билан танилган, шу боис ундан стандарт вазиятларда фойда чиқар, деб ўйладик, — деди мураббий.
Унинг бу чиқиши мухлислар томонидан самимийлик ва очиқлик сифатида қабул қилинди. Шацких танқиддан қочмади ва ўз жавобгарлигини тан олди, бу эса жамоа ичида ишончни мустаҳкамлаши мумкин.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!