Бугун Қозоғистонда миллий футбол куни кенг нишонланмоқда. 2002 йилнинг айнан 25 апрелида Стокҳолм (Швеция)да қўшни давлат Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА)га расман қабул қилинган эди.
Қозоғистон футболини аёвсиз танқид қилишларига қарамасдан, ўз ўрнида ижобий вазиятларни ёдга олиш, ушбу спорт турига дахлдор барчани кичик юбилейча билан табриклаш ҳам мумкин.
УЕФАга ўтилганидан сўнг дарҳол равшанлашдики, қозоқ футболида қилинадиган ишларнинг адоғи кўринмас эди. Мамлакатдаги инфратузилма Европанинг аксарият давлатларидан жуда орқада эди.
Айни пайтда давлат инфратузилмани ривожлантириш учун маблағларни фаол сарфламоқда. Мамлакатдаги стадионлар янгиланган, замонавий кўринишга эга бўлди, республиканинг бош аренаси — «Астана Арена» эса яқин йилларда Европа Суперкубогини қабул қилишга номзод саналади.
Бутун мамлакат бўйлаб оммавий ҳамда болалар ва ўсмирлар футболи ривожланмоқда, турли мусобақалар ташкиллаштирилмоқда. Бутун мамлакатдаги болакайлар ўзлари келажакда Смаков, Жумаскалиев, Нусербаев, Исломхонов каби футболчилар бўлишига ишонишади. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари йирик халқаро мусобақаларда иштирок этмоқда ва муваффақият қозонмоқда. Шу йилнинг январида 18 ёшгача бўлган Қозоғистон ўсмирлар терма жамоаси Санкт-Петербургда ўтган ва 16 терма жамоа иштирок этган Валентин Гранаткин хотира турнирида кумуш медалларга сазовор бўлишди.
Қозоғистон миллий терма жамоаси халқаро майдонларда ватан шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Терма жамоанинг Сербия, Нидерландия, Туркия, Чехия, Хорватия, Украина, Польша, Руминия ва бошқа кучли терма жамоаларга қарши ўйинларини эслашнинг ўзи кифоя. Европа терма жамоаларидан ҳозир ҳеч ким Қозоғистонга сафарни навбатдаги уч очкони қўлга киритиш сифатида қабул қилмаяпти.
Сўнгги йилларда Қозоғистонда клуб футболи Европа кубок турнирларида юқори натижалар намойиш этиб келмоқда. 2007 йилда Қўстанайнинг «Тобол» клуби Интертото кубогини ютиб, илк қалдирғоч бўлган эди. Ундан сўнг Қарағанданинг «Шахтёр»и 2013 йилда Европа лигасининг гуруҳ босқичига йўл олди. Мамлакат футболи тарихида энг катта натижага пойтахтнинг «Астана» клуби эришди, улар қитъанинг энг йирик футбол турнири — УЕФА чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўл олишди. Бир неча йил аввал бунга ишониш ҳам қийин эди, чунки қозоғистонликлар бу нуфузли турнирни фақат телевизор орқали кузатиб келишган. «Астана»нинг муваффақияти тасодиф эмаслиги келгуси йил ҳам исботланди, улар Европа лигаси гуруҳ босқичига йўл олишди ва унда еврокубоклардаги илк ғалаба ҳам тантана қилинди. Пойтахт клубидан Олмаотанинг «Қайрат»и ҳам ортда қолишни истамаяпти ва у ҳам Европада сербларнинг «Црвена Звезда» ва французларнинг «Бордо» каби кучли клубларига қарши теппа-тенг кураш олиб борди.
Футзал терма жамоаси
Қозоғистонлик футзалчилар ҳам мухлисларга кам қувонч бахш этишмади. Улар ўтган йили Европа чемпионатининг бронза медалини қўлга киритишди, боз устига, бу мусобақа терма жамоа учун асосий босқичдаги дебют ўйин бўлди. Қозоғистон футзал терма жамоаси Колумбияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, гуруҳ босқичини омадли якунлаб, 1/8 финалга йўл олди. Бу йил футзалчилар саралаш босқичини осонгина босиб ўтишди ва келгуси йил Словенияда ўтадиган Европа чемпионатида иштирок этишади.
Қозоғистонда клуб футзали ҳақида гапириладиган бўлса, Олмаотанинг «Қайрат» клуби кўҳна қитъадаги энг нуфузли мукофот — УЕФА кубогини икки бор қўлга киритган. Бундан ташқари, «Қайрат» мудом совриндорлар қаторидан ўрин олмоқда. Бу йил клуб турнирда учинчи бор зафар қучишга жуда яқин турибди. Яқин кунларда Олмаотада Европанинг энг кули тўрт жамоаси «Тўртликлар финали»да баҳслашишади.
Аёллар футболи
Қозоғистонлик қизлар ҳам йигитлардан ортда қолишни исташмаяпти. Қозоғистон аёллар терма жамоаси ЖЧ-2019 саралаш гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритган ва асосий саралаш босқичига йўл олган. Чимкентнинг «БИИК-Казигурт» аёллар футбол жамоаси кўҳна қитъада мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда ва улар ўтган йили илк марта Чемпионлар лигасининг 1/8 финалига йўл олишди.
Спортнинг бу турини ривожлантириш учун Қозоғистондаги бош орган Қозоғистон футбол федерацияси ҳисобланади. 2016 йилнинг сўнгида таниқли совет ва қозоқ футболчиси, Олмаотанинг «Қайрат» клуби собиқ сардори Сеилда Байшаков футбол федерациясининг президенти этиб сайланди ва у мамлакатда футболни ривожлантиришнинг аниқ сиёсатини белгилаб олди.
Европада ҚФФ нуфузи борган сари ортиб бормоқда, буни европалик ҳамкасбларнинг фикрлари ҳам исботлаб турибди. 2014 йилда Остонада УЕФАнинг XXXVIII Конгресси ўтказилди ва европалик меҳмонлар томонидан юқори баҳога эга бўлди. Бу йил Олмаота футзал бўйича 2018 йилги Европа чемпионати асосий саралаш босқичини ўтказиш жойи этиб танланди. УЕФА назоратчиси бу муҳим воқеани ташкиллаштиришда ҚФФ меҳнатини юқори баҳолаб, қитъа турнирининг финал босқичини ҳам мамлакатнинг жанубий пойтахтида ўтказиш имкониятини қўллашини маълум қилди.
Шунингдек, Қозоғистон футбол федерацияси мамлакатда ҳар йили яна бир нуфузли турнир — Президент кубогини ҳам ташкиллаштиради-ки, унда ҳам кучли жамоалар бош соврин учун кураш олиб боришади. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади