09:27 / 14.11.2017
5 272

Бирлашган Араб Амирликлари қандай рақиб...?

Бирлашган Араб Амирликлари қандай рақиб...?
Куз фасли, янада аниқроқ айтсак, ноябрь ойи Осиёда мавсум охири ҳисобланади. Шунинг баробарида олтин кузда йирик турнирлар саралаш баҳсларига навбат берилади - аҳамиятли ўйинларга.

Бу йил эса вазият сал бошқача. ЖЧ-2018 саралаши якунлангач, ноябрь ойи ОФК таркибидаги етакчи жамоалар учун ўртоқлик ўйинлари даврига айланди.

Мисол учун, Россия-2018 мундиалига биринчилардан бўлиб йўл очган Эрон термаси 9 ноябрь куни панамаликларга қарши ўйнаган бўлса, кеча Венсуэла миллий жамоаси билан куч синашди.

Японлар эса анча номдор рақибларни танлашди - Бразилия (10 ноябрь) ва Бельгия (14 ноябрь) термаларини. Саралаш гуруҳида бизни яна бир бора армонда қолдирган корейслар 10 ноябрь куни Колумбия термаси билан ўйнашди ва энди сербларга қарши майдонга тушишади.

Саудия Арабистони термаси ҳам муносиб спарринг-рақиблар топди - Португалия (10 ноябрь) ва Болгария (13 ноябрь). Булар - ОФКдан ЖЧга йўл олган жамоалар.

Биз каби мундиал йўлланмасидан қуруқ қолган БАА термаси эса 10-куни Гаити жамоаси билан ўйнади. Умуман, терма жамоамиз ҳам энди ўртоқлик ўйинлари ташкиллашга алоҳида эътибор қаратиши шарт.

Чунки олдимизда Осиё кубоги-2019 турибди. Демак, 2018 йил учун «ўтоқлик»лар лойиҳасини ҳозирдан тайёрлаш мақсадга мувофиқ.

Бугунги рақибимизга келсак, миллий жамоамиз 1996-2014 йиллар оралиғида БАА термаси билан жами 15 марта тўқнаш келган. Шу ўйинлардан 6таси ўртоқлик мақомида бўлиб, уларнинг барчаси меҳмонда ташкиллаштирилган.

Айтиш ўринли, шу кунга қадар миллий жамоамизга энг кўп рўбарў бўлган рақиб ҳам айнан БАА термасидир. 1996 йил 19 ва 26 ноябрь. Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти - Абу-Дабидаги «Зайд Спорт Сити» аренасида XI Осиё кубоги олдидан икки жамоа ўртасида бирданига 2та «ўртоқлик» уюштирилганди.

Айни ўша учрашувлар айниқса, биз учун катта аҳамият касб этарди. Зеро, жамоамиз Осиё футболининг бош мусобақасида дебют қилишга тайёргарлик кўраётганди.

Қолаверса, 19 ноябрь куни миллий жамоамизнинг чинакам ўртоқлик ўйинлари ҳисоби очилганди. Ўша тарихий ўйинда бош мураббий Баҳодир Иброҳимов қуйидаги таркибга таянганди: Павел Бугало (Дмитрий Башкевич, 46), Тоҳир Мадраҳимов (Равшан Бозоров, 46), Фарҳод Магометов, Эдуард Мамотов (Николай Ширшов, 70), Улуғбек Рўзимов, Сергей Лебедев, Илҳом Шарипов, Степан Атоян, Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Мақсудов (Азамат Абдураимов, 75), Дилмурод Назаров.

Ёдингиздами?
БАА термасига қарши кўплаб ўйинларимиз ўта ҳаяжонли ўтган. Биринчи навбатда, Шуҳрат Мақсудовнинг майдондан четлатилгани-ю, Максим Шацкихнинг ажойиб голи ёдга тушади.

1997 йил 27 сентябрь.
ЖЧ-98 саралаши биз учун биринчи мураккаб синов бўлганди. 1994 йили Осиё ўйинлари ғолиби бўлган кўплаб йигитларимиз катта ҳаяжонда борларини бериб ўйнашгани ёдимизда.

Дейлик, «Пахтакор» стадионида БАА термасига қарши кечган баҳс ўша саралаш цикли доирасидаги энг драматик ўйин бўлганди. Тезкор гол урган (10-дақиқада) вакилларимиз 37-дақиқада устунликни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишади.

Лекин Миржалол Қосимов пенальтидан фойдаланолмаганди. Айнан шу омадсизликдан 3 дақиқа ўтмай туриб, 3 нафар футболчимиз огоҳлантирилади, айниқса, Шуҳрат Мақсудовга кўрсатилган «қизил» оғир ботганди.

Ўша вазиятда эронлик ҳакам Жалол Моради рақиб футболчилари ҳийласига учганини ўйинни кўрган холис мухлислар яхши эслашади. Хуллас, шу омил сабабми, иккинчи бўлимда ҳаммаси мутлақо ўзгариб кетиб, меҳмонлар кетма-кет 3та гол уришганди.

Равшан Бозоровнинг 90-дақиқада дарвозабон хатосидан фойдаланиб урган голи эса натижага таъсир ўтказолмаган. 1999 йил 27 ноябрь. Ливанда ташкиллаштирилган Осиё кубоги саралаш босқичига муайян мамлакатлар мезбонлик қилган.

Хуллас, терма жамоамиз чекига БААда мураккаб синовдан ўтиш тушади. Максим Шацких томонидан 71-дақиқада урилган голга қадар ҳаммаси БАА термаси фойдасига ишлаётганди.

Ўша голгача ва ундан кейин ҳам Андрей Фёдоров бошчилигидаги ҳимоя чизиғимиз ўз олдидаги вазифани шараф билан уддалаганди. Отабек Пирматов эса ўйинда Одил Аҳмедовдек «стоппер» ролини идеал даражада бажарганди.

Хуллас, футболчиларимиз рақибнинг турли провокацион ҳаракатларига берилмай, ортга Осиё кубоги йўлланмаси билан қайтишади. Марҳум бош мураббий Маҳмуд Раҳимовнинг қисқа муддатда бажарган иши қитъада муносиб баҳолангани ҳам эсимизда.

Уни йилнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этишади. Афсуски, Маҳмуд ака бу кунларни кўрмади. Машъум автоҳалокат уни орамиздан олиб кетди.

БАА қандай рақиб?
Янги мураббий Альберто Заккерони олдида мураккаб вазифа турибди - ўта истеъдодли авлодни қайтадан янги манзил сари йўлга солиш.

Хуллас, итальян мутахассиси эътиборни ошириш асносида терма жамоани халқаро мусобақаларга муносиб тайёрлаши керак. Янги мураббий хусусан, Аҳмад Халил - Али Мабҳут ҳужум жуфтлиги («Ал-Жазира» клубидаги супердуэт)ни мутлақо янги даражага олиб чиқиши лозим. Терма жамоанинг ишонган «тоғи» - Умар Абдураҳмон ҳам ўзгача стретегияларга муҳтож.

Ўзаро рақобат. Ўзаро ҳисоб-китобга келсак, жами 15та ўйинда вакилларимиз 3та ғалаба, 4та дуранг ва 8та мағлубият қайд этишган. 2014 йилнинг 14 октябрь куни бўлиб ўтган охирги баҳс (ўртоқлик ўйини)ни йирик ҳисобда фойдамизга ҳал қилганмиз.

Айтганча, БАА термаси жамоамизни кетма-кет 3 марта ютган. Бундай ҳолат терма жамоамиз тарихида фақат бир марта учраган. ЖЧ саралашларига алоҳида тўхталсак, ўзаро 4та учрашувнинг 3тасида араблар устун келишган ва яна бирида дуранг қайд этилган.

Бу ўйинларда рақибнинг 8та голига 3 марта жавоб берганмиз. Охирги ўзаро ўйин. 2014 йил 14 октябрь. Дубай. «Дубай клуб» стадиони. Ҳакам: Иброҳим Али (Миср). БАА - Ўзбекистон - 0:4. Голлар: Т.Кападзе (31), Моҳаннад Салим (45+1-авт.), С.Жепаров (68), Н.Алимов, (90+3). Ўзбекистон (бошланғич таркиб): Э.Суюнов, Ш.Муллажонов, А.Исмоилов, Ш.Муҳаммадиев, Ф.Сайфиев, С.Турсунов, А.Ҳайдаров, О.Аҳмедов, Т.Кападзе С.Жепаров, В.Шодиев. Бош мураббий: М.Қосимов.

Маълумот учун. Бирлашган Араб Амирликлари (арабчада - Давлат ал Имарат ал Арабияҳ ал Муттаҳҳидаҳ) - Ғарбий Осиёдаги давлат. Ер майдони - 83600 километр|квадрат (жаҳон бўйича 114-ўрин). Аҳолиси - 9,4 миллион (2017 йил, жаҳон бўйича 94-ўрин).

Пойтахти - Абу-Даби. Давлат бошқаруви - федератив мутлақ монархия. 1971 йилнинг 2 декабрида ўз мустақиллигини эълон қилган. Расмий тили - араб. Пул бирлиги - БАА дирҳами.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми - 68424 доллар (жаҳон бўйича 7-ўрин). Президенти - Халифа бин Зайд ал Наҳиён (2004 йил 3 ноябрдан буён).

Сўнгги йилларда БАА аҳолисининг илм-фанга меҳри ортиб бораётганлиги боис, мамлакатда жаҳон даражасидаги олий ўқув юртлари, йирик компанияларнинг илмий марказлари очиляпти. 2007 йилдан буён мамлакатда Яқин Шарқ халқаро кинофестивали ўтказилмоқда.


Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бирлашган Араб Амирликлари қандай рақиб...?