16:25 / 14.07.2018
2 725

Учинчи ўрин учун баҳс. У ўзи кимга керак?

Учинчи ўрин учун баҳс. У ўзи кимга керак?
Бугун, 14 июль куни Англия ва Бельгия терма жамоалари Санкт-Петербургда жаҳон чемпионатининг бронза медаллари учун кураш олиб боришади. Бундай ўйиннинг қанчалик кераклиги бўйича анчадан буён баҳс-мунозаралар тинмаяпти.

БРОНЗАДАН КЎРА ТАЪТИЛ ЯХШИРОҚ

Учинчи ўрин учун баҳс матбуотда «тасалли берувчи финал» деб ҳам номланади. Бу нотўғри. Биринчидан, финал ўйинидан сўнг соврин топширилиши шарт. Иккинчидан, 20дан ортиқ эркаклар беллашувини «тасалли берувчи» деб номлаш адолатдан эмас. Эркакларга тасалли эмас, балки катта ғалабалар керак.

Мухлислари бир ой давомида жаҳон кубоги ҳақида «У уйга қайтмоқда» деб куйлаган Англия терма жамоаси майдонда қандай тушсин? Жаҳон чемпиони бўлиш имкониятини йўқотган Бельгиянинг «олтин авлоди» бронза учун қандай курашсин?

«Биз бронза учун курашишимиз лозим, аммо иштиёқимизнинг баландлиги туфайли, бу ишни қилиш осон бўлмайди» - деган эди Бельгия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес яримфиналдаги мағлубиятдан сўнг.

Фото: REUTERS
Шунга ўхшаш фикрни унинг инглиз ҳамкасби Гарет Саутгейт ҳам айтди: «Бу биз орзу қилган ўйин эмас».

Фото: Спорт-Экспресс
Жаҳон чемпионати – кубок мусобақасидир. Уни бутун дунёда Жаҳон Кубоги деб номлашади. Кубок тизимида фақат битта ғолиб бўлади. Ютқазган жамоа мусобақани тарк этади. Ҳеч қандай «тасалли берувчи финал»лар кўзда тутилмайди. Ҳозир инглизлар ҳам, бельгияликлар ҳам фақат таътил ҳақида ўйламоқда. Бироқ, мана шу бемаъни ўйин туфайли, уларнинг таътили уч кунга қисқарган.

ФИФА ДАРОМАД ОЛАДИГАН ЎЙИН

Фото: AFP
Учинчи ўрин учун баҳс болалар турнирларига ярашади. Бунда яримфиналда ютқазган болакайларда ўзига юқори баҳо бериш имконияти пайдо бўлади. Катталар даражасида бу ўйиндан маъно йўқ.

Голландия терма жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал 4 йил олдин бронза учун баҳсни танқид қилган эди.

«10 йилдан буён айтаман, бундай ўйин керак эмас. Унинг спортга умуман алоқаси йўқ. Мусобақани яхши ўтказишинг, аммо якунда икки марта ютқазиб, омадсизга ўхшаб, уйга етишинг мумкин. Бундай турнирларда мақсад ягона - чемпион бўлиш».

Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган терма жамоалар эмблемасида юлдузча пайдо бўлади. Бронза учун ҳеч нарса берилмайди. «Фалон йили бронза медалини ким қўлга киритди?» - деган савол фақат футбол викторинаси ихлосмандларини қизиқтириши мумкин. Оддий мухлислар эса бразилияликларнинг - пентакампеонлар эканини, Уругвай эса қачонлардир жаҳон чемпиони бўлганини жуда яхши билишади.

Европа чемпионатларида учинчи ўрин учун баҳс 1984 йилда бекор қилинган - ҳозир яримфиналда ютқазган ҳар иккала терма жамоа бронза медалларини олади.

Аммо ФИФА жаҳон чемпионатидан иложи борича кўпроқ даромад олишни кўзлайди: яна битта ўйин, 60 мингта чипта, ҳомийлик шартномаларидаги ортиқча ноль. Бундан ташқари УЕФА ташкилотига ўхшаб, бронза медалларининг яна бир тўпламини тайёрлаш учун пул сарфлаш ҳам шартмас.

ҚЎШАЛОҚ МАЙНАВОЗЧИЛИК


Фото: REUTERS
Учинчи ўрин билан 1994 йили швецияликлар, 1998 йили хорватияликлар, 2002 йили туркияликлар фахрланишди. Болқонликлар Францияда дебют қилишганди, шу туфайли бронза улар учун мусобақадаги ғалабага тенг эди.

Аммо, Бельгия ва Англияда вазият ўзгача. Ҳар иккаласи ҳам олтин медалларни қўлга киритишга жиддий ҳаракат қилишганди. Шу туфайли, яримфиналлардаги мағлубиятдан сўнг, мусобақа улар учун ўз аҳамиятини йўқотди.

Катта эҳтимол билан Мартинес ва Саутгейт ўйинда аралаш таркибни туширади ва захирадагиларга кўпроқ имконият беради. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида буни кўрган эдик. Ҳар иккала терма жамоа муддатидан олдин 1/8 финалга чиққани боис, ўйинда захира футболчиларидан фойдаланган эди. Бу беллашувдаги мағлубият фойдалироқ бўлгани учун, ўйин қизиқарсиз ўтди. Якунда ютқазган Англия кейинги босқичда анча енгилроқ рақибларга тушди, Бельгия эса Бразилия ва Францияга дуч келди.

Энди бу терма жамоаларнинг сўнгги ўйини ярим кўргазмали баҳсга айланиб қолди. Бир томондан олиб қаралса, бу нейтрал мухлислар учун жуда фойдали. Чунки, бронза медали учун бўлган сўнгги 10та ўйинда учта голдан кам урилмаган. Футболчилар ҳар қандай босимдан ҳоли ва ҳимояга автобусни қўйиш ҳақида ўйламайдилар. Курашнинг жуда томошабоп экани - учинчи ўрин учун баҳснинг кераклигига ягона сабабдир. Демак, умид қиламизки, Бельгия ва Англия мухлисларни голлар билан хурсанд қиладилар.

ЖЧ-2018, 3-ўрин учун баҳс
14 июль, 19:00, Санкт-Петербург
БЕЛЬГИЯ - АНГЛИЯ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Учинчи ўрин учун баҳс. У ўзи кимга керак?