08:27 / 16.11.2018
1 620

Носупер ўтаётган Суперлигага назар (2-қисм)

Носупер ўтаётган Суперлигага назар (2-қисм)
Мақоланинг илк қисмида чемпионлик учун курашадиган олтиталик ва у ердаги ҳолат ҳақида атрофлича тўхталгандик.

Энди элитада жон сақлаб қолиш учун курашаётган қуйи олтиликдаги ҳолат ҳақида гаплашамиз.

Аслида бу ерда деярли барча масалага ойдинлик киритилди. Фақатгина плей-офф ўйинлари орқали элитада жон сақлаб қолиш учун имконият берадиган 11-10 ўринларни қайси жамоалар эгаллаши номаълум бўлиб турибди. Бу борада "Сўғдиёна", "Қўқон-1912" ва АГМК жамоалари кураш олиб боришмоқда. Шу учала жамоадан бирига Суперлига масаласини ҳал этиш насиб этади. Қолган икки клуб эса ўз омадинини плей-офф ўйинларидан излашига тўғри келади.

"Нефтчи" эса аллақачон охирги ўринда қолиши маълум бўлди. Демак регламент бўйича фарғоналиклар келаси мавсумни Про-лигада ўтказишади. Қуйи олтиталикдаги "Насаф" ва "Қизилқум" жамоалари эса Суперлигада қолиш вазифани уддалаб бўлишди.

Бу ерда асосий интригага барҳам берилган. Фақатгина биргина "Қизилқум" ва "Насаф" қаторида қайси жамоа Суперлига масаласини ўз фойдасига ҳал этиши очиқ қолмоқда. Суперлигадаги 9-ўринга номзодлар эса "Сўғдиёна", "Қўқон-1912" ва АГМК. Айнан шу учала жамоанинг қолган иккита турдаги имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Келаси турда Суперлигадаги жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви Қўқонда содир бўлади. Айнан жиззахликларнинг Қўқон сафари кўп нарсага ойдинлик киритиб бериши мумкин. Мазкур баҳс Суперлигадаги тўққизинчи жамоа номини аниқлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

"Сўғдиёна" чемпионатдаги охирги турни ўз уйида "Насаф"га қарши ўтказади. "Қўқон-1912" эса Суперлигадаги финишни Фарғонада, водий дербисида "Нефтчи" билан ўтказади.

Шунингдек, "Қўқон-1912" ва "Сўғдиёна" билан биргаликда тўққизинчи ўринга курашаётган АГМК Қаршига сафар қилади. Мазкур ўйинда Ашурматов жамоаси аллақачон чемпионатда қолиш вазифасини уддалаб бўлган "Насаф" меҳмони бўлади. Охирги турни эса АГМК ўз уйида яна бир Суперлигадаги вазифасини уддалаб бўлган "Қизилқум"га қарши ўтказади.

АГМКда тақвим нисбатан яхшироқ. Аммо Бахтиёр Ашурматов жамоасининг тақдири ўз қўлида эмас. Олмалиқликлар нафақат ўзлари ғалаба қозонишлари, балки рақиблари очко йўқотишларини ҳам кутишларига тўғри келади. "Қўқон-1912" устунлик тарафи шундаки, бу жамоанинг суперлигадаги тақдири ўз қўлида. Қолган иккита турдаги ғалаба қўқонликларнинг элитадаги ўрнини мустаҳқамлаб беради. Шунингдек, "Сўғдиёна" ҳам охирги иккита турни ғалаба билан якунлайдиган бўлса, унда жиззахликлар ҳам ўз ўринларини сақлаб қолишади. "Қўқон-1912" ва "Сўғдиёна"да ҳаммаси ўз қўлида. Кўп нарса ҳали таъкидлаганимдек ушбу жамоаларнинг ўзаро тўқнашувида ҳал этилади. Дурангдан эса АГМК манфаатдор.

Суперлига дея ном олган чемпионатимизнинг мазкур мавсуми тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Чемпионлик масаласи деярли ҳал, совринли ўринлар интригаси ҳам кутилганидек қизиқиш ва курашни юзага келтира олмади, элитадиган тушиб кетадиган тўғридан-тўғри биргина ўрин эгаси ҳам аллақачон маълум. Фақатгина назарий жиҳатдан "Пахтакор"да чемпионлик учун кураш имконияти сақланиб қолган. Бунинг учун "шерлар" ТТЗда камида 3та тўп киритган ҳолда иккита тўп фарқи билан ғалаба қозонишлари талаб этилади. Шунда сўнгги тур олдидан чемпионлик имконияти сақланиб қолинади. Бу ҳаммаси назария.

Чемпионат формати нима берди?

Аввало мантиқсизлик эвазига қурилган ва кутилган интрига келгани йўқ. Форматни ўзгартиришдан кўзланган мақсад - интрига. Чемпионлик учун курашни қизиқарли қилишдан иборат эди. Бу мақсадга қанчалик етилди ёки йўқ, буни аввало фактлар ҳамда мухлисларнинг стадионга ташрифи ва қизиқиши белгилаб беради.

Чемпионлик кураши айнан олтита жамоанинг иккига бўлиниши ва олтин очколар эвазига юзага келган жамоаларнинг сунъий кўтарилиши ва пасайиш орқали янги даражага етгани йўқ. Айнан мазкур формат иҳтироси бизга янги интрига ва қизиқишни ошириш учун хизмат қилолмади.

Масалан, олтин очколар туфайли Суперлиганинг иккинчи босқичини пешқадам сифатида бошлаган "Навбаҳор" якунда барибир чемпионлик пойгасини давом эттира олмади. Чемпионатнинг биринчи босқичини бир текисда ўтказган ва пешқадам бўлиб турган "Пахтакор" эса пастга шўнғиди. Мавсумни жуда суст бошлаган ва якунда олтиталикка кира олган "Локомотив" эса айнан олтин очколар эвазига ҳолатини кескин яхшилаб олди.

Ёки қуйи олтиталикдаги "Нефтчи"нинг тепадаги кучли жамоаларга қарши ўйинда қўлга киритган қимматли очколари ҳавога учиб кетди.

Юқори олтиталикка илашиб қолган "Бухоро" Суперлиганинг иккинчи босқичини шунчаки ўтказди. Гарчи жамоа қатор мағлубиятларга учраган бўлсада, минимум вазифасини чемпионат ўртасида уддалаб қўя қолди. Иккинчи босқичда эса гуёки расмиятчилик учун ўйнагандек бўлди. Тепага сакраш учун имконият йўқотилган, пастга тушиб кетиш хавфи эса буткул йўқ. "Бухоро" ва "Металлург" чемпионатни иккинчи қисмини ҳеч қандай мақсадсиз номига ўтказган бўлиб қолди. Мазкур жамоалар хаттоки совринли ўринлар учун ҳам кураш таклиф эта олишмади.

Ёки саноқли очколар эвазига қуйи олтиталикда қолиб кетган "Қизилқум" ва "Насаф"да ҳеч қандай мотивация қолмади. Жамоа иккинчи босқични қатор ғалабалар билан ўтказган тақдирда ҳам 7-поғонадан тепага кўтарила олмайди. Футболчиларда, умуман жамоада иштиёқ йўқолди. Ўйинларда қизғин кураш, кескинлик ва олдинга интилиш жуда пасайди. Буни ўйинлар сифати ва даражасидан ҳам пайқаб олиш қийин эмас.

Масалан, чемпионлик учун курашадиган юқори олтиталикдаги икки жамоа хаттоки медаллар учун ҳам кураша олмади. Аксинча, қуйи олтиталикдаги жамоалар чемпионатнинг иккинчи қисмидаги ўйинлари орқали медаллар учун курашга киришиш имкониятидан мосуво қилинди. Бу ҳаммаси мантиқсиз формат эвазига юзага келган тушунарсиз ҳолат.

Формат ўзини оқламагани, ишқибозларда қизиқишни кескин пасайтириб юборгани стадионга мухлислар ташрифи камайиб кетганидан ҳам яққол кўриниб турибди. Бу энг адолатли ва холис баҳо аслида. Биринчи босқич билан иккинчи босқич тафовутини аниқ рақамлар кўрсатиб турибди. Суперлига старти ва финишидаги фарқ жуда катта тафовутни ташкил этмоқда.

Нега Суперлиганинг биринчи босқичида стадионга кўплаб мухлислар келди?

Бунга энг асосий омил - янгилик. Яъни, чемпионат янги форматда ўтказилиши ва ПФЛ қайта ребрендинг бўлгани таъсири эвазига мухлислар стадионга қайтишганди. Кўпчилик янги ишга катта ишонч билан қарайди. Шу боисдан ҳам ишқибозлар ташрифи ошди. Қизиқиш уйғонганди. Аммо чемпионатда юзага келган тўхталиш ва жамоаларнинг иккига бўлиниши оқибати мухлисларни стадиондан узоқлаштириб юборди. Масалан Қўқон, Навоий ёки Қаршида мухлислар ташрифи кескин пасайиб кетди. Чунки уларда мотивация ва қизиқиш қолмади. Улар муддатидан олдин нафақат чемпионлик курашидан четда қолишди, балки медаллар учун ҳам куч синашишлари эҳтимоли йўқотилди.

Қўл урилган янгилик, форматдаги ноодатий регламент якунда кутилган мевани бермади. Аксинча, бу чемпионатга бўлган қизиқишни сўндириб юборди.

Исталган чемпионатда юқори мақсадларни қўядиган жамоалар энг катта силжишни мавсумнинг якуний қисмида амалга оширишади. Яъни, мураббийлар жамоаларнинг асосий кучини чемпионатнинг муҳим ва энг керакли палласи бўлмиш якуний қисмига тақсимлаб тайёрлайди. Суперлигадаги мазкур форматда эса бу ишни амалга оширишни нафақат амалий, балки назарий жиҳатдан ҳам имконияти йўқ қилинди. Нафақат мухлислар ёки журналистлар, балки баъзи футбол билимдонлари ҳисобланмиш мутахассислар тарафидан ҳам танқид қилинди.

Суперлигага баҳони ПФЛда ишлаётган маслаҳатчи эмас, аввало мухлислар ва журналистлар беришади. Ёки шу соҳада ишлаётган ва бевосита чемпионатда ўйнаётган футболчиларни фикрини эшитган маъқул. Ўзи килган ишни ташкилот ишчиси сифатида оқлаб ўтириши аслида чемпионатга бўлган энг холисона баҳо. Фақат аксинча. Агарда чемпионат барчага манзур келганида, ушбу формат ўзини оқлаганида, буни мақташ ёки оқлаш Диёр Имомхўжаев зиммасида қолмасди, назаримда.

Сўнгги йиллардаги Олий лигани мунтазам кузатган ва Суперлигани кўрган инсон сифатида бемалол айтишим мумкинки, чемпионат савияси ошиб қолгани йўқ. Тўғри, ҳеч бир иш бир йилда натижа бермайди. Аммо мазкур форматдаги сунъий интрига кўплаб жамоалар оёғига болта урмоқда. Мантиқсиз формат эвазига олтин очколар турнир жадвалини сунъий ўзгартириб юбормасди. Бу эса жамоаларнинг иштиёғига таъсир кўрсатди.

Футболда, умуман спортда энг керакли жиҳат - мотивация йўқолди. Мотивациясиз эса футболда кураш, ўсиш ва шаклланишни кутиш абсурд.


Агарда олтин очколар бўлмаганида, ҳозирда "Бухоро" иккинчи босқичдаги натижалари туфайли Суперлигада жон сақлаш учун курашаётган, "Насаф" кучли бешталикка кирган, "Бунёдкор" учинчи ўринда мустаҳкамлашган ва "Локомотив" "Пахтакор"ни чемпионлик пойгасида қизғин қуваётган бўларди. Чемпионлик интригаси ҳозиргидан кўра қизиқарлироқ кечарди.

Янгилик керак, тўғри. Аммо ҳеч ким қилмаган янгиликни эмас, барча профессионал лигалар амал қиладиган, аммо бизда аввал амалга оширилмаган ишларни қилган мақсадга мувофиқ бўларди. Футболда янги нимадир иҳтиро қилишни ҳожати йўқ. Шунчаки ишга тўғри ёндошув эвазига табиий интрига ва курашларни кўпайтириш мумкин.

Суперлигадаги олтин очколар "Пахтакор"нинг чемпионлик курашини қийинлаштиргани формат ўзини оқлади, деган хулоса бермайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Носупер ўтаётган Суперлигага назар (2-қисм)