14:45 / 22.01.2019
6 078

Жомадон, аэропорт, Аргентина – Купер истеъфога чиқарилиши керак!

Жомадон, аэропорт, Аргентина – Купер истеъфога чиқарилиши керак!
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер истеъфога чиқарилиши керак. У терма жамоага ҳеч нарса беролмади ва бундан кейин ҳам беролмайди, бунга ишончим комил. Унинг бош мураббий қилиб тайинланишини эса ЎФА томонидан йўл қўйилган жиддий хато деб ҳисоблайман.

Гап Ўзбекистон терма жамоасининг пенальтилар сериясида Австралияга ютқазиб, Осиё Кубогини 1/8 финалдаёқ тарк этгани ва ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмаганида эмас. Ваҳоланки, мусобақадан олдинги баландпарвоз ваъдаларда терма жамоамиз Осиё чемпиони бўлиши ҳақида гапирилган эди. Гап терма жамоанинг ўйинида ўсиш бўлмаганида, пассив ва ҳимоявий, қандайдир тушунарсиз, ёқимсиз футбол намойиш этганидадир.

Мағлубият билан мағлубиятнинг фарқи бўлади. 2007 йили Осиё Кубоги чоракфиналида биз Саудия Арабистонига 1:2 ҳисобида ютқазганмиз. Аммо қандай ютқазган эдик? Терма жамоа жуда чиройли ва ҳужумкор ўйин намойиш қилган, фақат ҳакамнинг қўпол хатоси туфайли, биз урган гол инобатга олинмаганидан сўнг, мусобақани аламли тарзда тарк этган эди. Ўша мағлубиятдан сўнг, футболчиларни айблашга ҳеч кимнинг тили бормаган, ҳатто ОФК президенти ҳакамнинг хатоси учун шахсан биздан узр сўраган эди.

Эктор Купер нима учун терма жамоага тайинланди?
Купер тайинланганида унинг аввалги ютуқлари тилга олинди. «Валенсия» билан Чемпионлар Лигаси финалига 2 марта чиққани, Миср терма жамоаси билан жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани баралла айтилди. Қайд этишга арзийди - 2000 йилда УЕФА уни энг яхши мураббийи деб эътироф қилганди.

Бироқ, Купернинг мураббийлик фаолиятида муваффақиятсиз ўтган, баъзан эса яққол барбод қилинган йиллар бўлган. Улар эса ютуқли даврларга қараганда кўпроқ, бу жиҳатларга негадир эътибор қилинмади. «Валенсия» билан қўлга киритилган ютуқлардан сўнг, Купер «Интер» билан Италия А Сериясида 2-ўринни эгаллаган. Шундан кейин унинг фаолияти тубанликка қараб кетади: «Мальорка» клубини Примерада сўнгги ўринни эгаллаб турганида тарк этади, «Бетис»да муваффақиятсиз мавсум ўтказади, «Парма» клубида атиги 2 ой ишлаб, қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилади. Грузия терма жамоасини бирорта ўйинда ғалаба қозонмай тарк этади, «Расинг» клубида қониқарсиз натижалар туфайли, мавсумни охирига қадар етказа олмайди, Туркиянинг оммага таниш бўлмаган «Ўрдуспор», Грециянинг «Арис», БААнинг «Ал-Васл» клубларида ҳам узоқ ушланиб қолмайди. ЎФА бу маълумотларни таҳлил қилиб кўрганмикан?

2015 йилда Купер Миср терма жамоасини қўлга олиб, у билан Африка Миллатлари Кубоги финалигача етиб борди, кейинчалик ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритди. Балки ЎФА шу ютуқлардан илҳомлангандир? Бу ғалабаларга Купернинг асосан муваффақиятсиз ўтаётган фаолиятидаги истисно тариқасида қараш мумкин. Чунки, Мисрда сўнгги йилларнинг зўр ҳужумчиларидан бири Муҳаммад Салоҳ бор эди. Терма жамоанинг юки асосан унинг елкасига тушди. Футболчи жароҳат олиши билан Миср нурсиз ўйин намойиш қиладиган ўртамиёнага айланди қўйди (ЖЧ-2018 гуруҳ босқичини эслаш кифоя).

Афсуски, бундай футболчи Купер бошқараётган Ўзбекистон терма жамоасида йўқ эди. Натижа қандайлиги эса ҳаммага аён. Демак, Куперни дунёнинг яхши мураббийлари қаторига жуда катта истиснолар билан қўшиш мумкин холос.

2018 йил август ойида Эктор Купер Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий қилиб тайинланди. Жаҳон чемпионати саралашидаги инқироздан кейин катта ўзгаришларни амалга оширишини эълон қилган Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг бу танлови иштиёқ билан кутиб олинди. Фақат баъзи хорижлик журналистлар бу тайинловдан ҳайрон қолиб, таажжубга тушишди холос. Уларнинг фикрига кўра, ҳимояга асосланган, пассив ва йиллар давомида сийқаси чиқиб, ҳеч кимга сир бўлмаган услубни қўллайдиган, ҳеч қачон ёшлар билан ишлай олмайдиган, иқтидорларни кашф қилолмайдиган Купер Ўзбекистонга мос мураббий эмасди.

Терма жамоа 12 йилдан бери хорижлик мураббий қўл остида ўйнамагани сабабли, биз Куперга умид ва ишонч билан қарадик, унга имкон берилишини истадик, кўп нарсани ўзгартира олишига ишондик.

2018 йил январь ойида Равшан Ҳайдаров қўл остидаги Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё чемпионатида ғалаба қозонган эди. Бу йигитлар терма жамоамизнинг кейинги авлоди сифатида Осиё Кубогида ҳам иштирок этишини умид қилган эдик. Хўш, Купер бу футболчилардан нечтасини Осиё Кубогида майдонга туширди? Роппа-роса икки нафарини – Жавоҳир Сидиқов ва Достон Ҳамдамов.

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 6та гол уриб, тўпурар бўлган қатарлик Али Алмуиз ва 5та гол билан бу рўйхатда иккинчи ўринни олган вьетнамлик Нгуен Қуанг Ҳаи исми сизларга танишдек туюлмаяптими? Ҳа, улар мана шу Осиё Кубогида ҳам иштирок этишмоқда ва тема жамоасининг етакчисига айланишган. Алмуиз эса (ҳозирча) 7та гол билан Осиё Кубоги тўпурарлари рўйхатини бошқариб турибди.

Хўш, Осиё чемпиони бўлган қайси футболчиларимиз Купер қўл остида терма жамоада ўйнаб кета олишди? Қайси бирининг ўйини очилиб, ҳақиқий кашфиётга айланди? Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси бўла олган Одилжон Ҳамробеков Осиё Кубогида бирорта ўйинда майдонга туширилмади. Купер унга бир дақиқа ҳам имконият бермади. Аммо аллақачон мотивацияни йўқотган ва фикру хаёли Португалиянинг «Насьонал» клубига жароҳатсиз етиб бориш ниятида бўлган Сардор Рашидов эса ўйнади.

Купер ҳеч қачон ёшлар билан ишлай олмаган. Эрон терма жамоаси устози Карлуш Кейрушдан, Хитой терма жамоаси бош мураббийи Марчелло Липпидан фарқ қилган ҳолда, унинг қўл остида ёш футболчиларнинг ўйини ўсмаган, иқтидорлар кашф қилинмаган. Менимча, бундай мураббий Ўзбекистон терма жамоасига керак эмас.

Осиё Кубогидан олдин Купер бирорта терма жамоа билан ўртоқлик ўйини ўтказишга рухсат бермади. Қанчалик ғалати бўлмасин, Ўзбекистон терма жамоаси йирик мусобақадан олдин ўртоқлик ўйини ўтказмаган ягона терма жамоа бўлди. Купер бунинг сабаби сифатида «жароҳатлардан қўрқиши»ни айтди. Аммо, ҳақиқий сабаб – Купернинг «ўзига хос услуби ва тактикасини сир сақлаш» эди. Натижаси эса ҳаммамизга аён – супер махфийликни сақлаган Ўзбекистон Купернинг «оламшумул тактикаси» билан кучли саккизликка ҳам киролмади. Бундай инқирозли ҳолат охирги марта 19 йил олдин кузатилган эди.

Уммонга қарши дастлабки ўйинни (2:1) биз тасодифан ютдик, шунчаки, омадимиз келди. Рақиб жуда кўп қулай вазиятлардан фойдалана олмади. Нестеровнинг қаҳрамонлиги бўлмаганида, биз балки йирик ҳисобда ютқазишимиз мумкин эди. Биз бу баҳсда «чориғимизни зўрға судраб қолдик». Гапга чечан Купер матбуот анжуманида нима дегани эътиборга лойиқ: «Мен ҳисоб 1:1 бўлиб турганида ҳам ғалаба қозонишимизга ишонган эдим». Ғалати гаплар... Ҳисоб ҳатто 2:1 бўлиб турганида ҳам, то ҳакам ҳуштаги янграгунча мухлислар юрак ҳовучлаб ўтиришди. Уммон терма жамоаси бизни ўз жарима майдонимизга қамаб қўйган эди.

Туркманистон терма жамоаси бизга муносиб рақиб эмас. Бизнинг даражамиздаги рақиб эмас. Бу ўйиндаги йирик ғалабани Купернинг ютуғи сифатида кўрмаслик керак. Биз Туркманистонни ҳар қандай мураббий қўл остида мағлуб эта оламиз.

Японияга қарши гуруҳнинг сўнгги ўйини ҳамма нарсага ойдинлик киритди. Бизнинг ҳақиқий савиямизни кўрсатиб берди. Рақиб асосий таркибнинг 7 футболчисини захирада қолдириб, осонликча бизни мағлуб этди. Ҳатто, бунинг учун ортиқча куч сарфлаб, чираниб ҳам ўтирмади. Япония, Жанубий Корея, Австралия каби Осиё грандлари гуруҳ босқичида унчалик жон куйдириб ўтиришмайди. Асосий эътиборни плей-оффга қаратишади. Биз уларнинг қаторига кирмаймиз. Аммо биз Купердан бошқа нарсани, терма жамоани кучли рақибларни юта оладиган даражага олиб чиқишини истаган эдик.

Нимчоракфиналда Австралия билан ўйнадик. Беллашувдан олдин Купер Австралия кучсиз эканини, бемалол ғалаба қозонишимиз мумкинлигини таъкидлади. Ҳа, бу ўйинда гол ўтказмадик, тарихда илк маротаба Австралия бизга гол уролмади (хурсанд бўладиган нарсамизга қаранг). Аммо, статистикага қараймиз: рақиб дарвозамиз томон қанча зарба йўллади? 17та! Улардан 9таси дарвоза соҳасига борган. Бизнинг кўрсаткичимиз қандай? 6:2! Мана «кучсиз» бўлган Австралия билан Ўзбекистоннинг фарқи – биз бу ўйинда аутсайдерларга хос ўйнадик.

Терма жамоани нима кутмоқда?
Игнатий Нестеров тез орада терма жамоадаги фаолиятини якунлашини айтди. Одил Аҳмедов, Анзур Исмаилов, Марат Бикмаевнинг ёши 30дан ошди, Ислом Тўхтахўжаев ва бошқа бир қанча футболчилар ёши 30га яқинлашди. Вақт ўтган сайин терма жамоа юкини тортиш улар учун мушкуллашиб бораверади. Авлодлар алмашинуви, «янги қон» ҳақида ўйлашга тўғри келади. Аслида бу нарсалар Купер тайинланган вақтдаёқ хаёлимизга келган эди. Аммо у ёшларга имкон бермади, уларни катта мусобақа ўйинлари билан тобламади, тажриба тўплашига шароит яратмади. Натижани бой бериб бўлса-да (аслида натижа салбий бўлди), терма жамоанинг ўзагини янгиламади.

ЎФА Куперни танлаб адашди. У бизга мос, биз кутган мураббий эмас. Менимча, Осиё Кубогида гуруҳдан чиқиш ва нимчоракфиналдаёқ уйга қайтиш масаласини ўзбекистонлик мутахассислар ҳам бемалол эплай олишарди. Шу пайтгача эплаб келишган. Купернинг маоши қанча экани ошкор қилинмаган, аммо ўзимизни мураббийлар унинг ҳозирги натижаларига анча кам сарф-харажат билан эришган бўлишарди.

Куперга ташаккур эълон қилиб, у билан хайрлашиш лозим. Бизга ёш иқтидорларни кашф қилишга қодир бўлган, уларга ишонч билдириб, оёққа турғизадиган, ёш футболчиларнинг ўйинини ўстирадиган хорижлик мураббий керак. Бошқачаси ўзимиздаям тўлиб ётибди.
Нурмуҳаммад Саид

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жомадон, аэропорт, Аргентина – Купер истеъфога чиқарилиши керак!