2 263
Бабаян миллий жамоада ишончни оқламагани учун узр сўраб, Лобанов бўйича қарорига изоҳ берди
24 июнь куни «Локомотив»нинг янги бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди. Бу ҳақда Tribuna.uz нашри хабар беради.
Аввалроқ мазкур анжуманнинг кириш қисмида Бабаян билдирган фикрлар келтириб ўтилган эди.
– (интернет орқали мухлислар йўллаган савол) Сиз ўзингизни ўзбек футболига фойдали инсон деб ҳисоблайсизми? Агар ҳа бўлса, футболимизга қандай фойдангиз борлигини тушунтириб ўтсангиз.
– Бу саволни берган мухлисга жавобим шундай: ҳурматли мухлис, мен ўз-ўзимга баҳо бера олмайман. Менинг фаолиятимга тарих баҳо беради. Лекин менимча, ҳурматли мухлис, мен «Пахтакор»да ишлаган вақтимда миллий жамоага 42 футболчини тарбиялаб бердим. Қўл остимдан чиққан 200 нафар футболчи турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнади, улар орасида жаҳон чемпионатларида қатнашиб, Осиё чемпиони бўлганлари ҳам талайгина.
Қолаверса, ўзбек футболининг байроқдори «Пахтакор» мен келганимда етакчи ўринларда эмас эди. Ўша вақтда «Нефтчи» ҳаммадан олдинда юрарди. «Пахтакор» ҳақиқатда ўз анъаналарини қайтара олди.
Оддий болакай, катта футболда ўйнамай, спортнинг бу турини чин дилдан яхши кўриб, жамоа администраторидан ўзбек футболининг байроқдор клуби бош мураббийи бўлиши ва кейин миллий жамоани бошқаришгача етиб бориши – менинг ўзбек футболига қўшган ҳиссам шубҳасиз эканини англатади. Баҳони, албатта, тарих беради.
Менинг «Локомотив»даги вазифам фақатгина асосий жамоага жавоб бериш эмас, балки кейинроқ ўз мевасини берадиган вертикал тизимни яратишдир. 7 ёшида бу клубга келган ҳар бир бола «Локомотив» учун фидойи бўлиши, шу клуб фалсафасида улғайиб, асосий жамоада ўйнашни мақсад қилиши керак.
– Миллий жамоада ишлаган пайтингиздаги хатоларингизни тан олиб, мухлислар олдида узр сўрайсизми?
– Бу саволни берган мухлиснинг хабари бўлмаса керак – мен Жанубий Корея билан ўйиндан кейин қисқа гапириб, матбуот анжуманини тарк этган бўлсам ҳам, ЎФФ матбуот хизмати орқали мухлислардан узр сўраган эдим. Улардаги ҳиссиётларга бефарқ эмасдим, ўзим ҳам ич-ичимдан жаҳон чемпионатига чиқишимизга ишонгандим.
Бизга бор-йўғи биттагина гол етишмади. Биз ҳеч қачон Жаҳон чемпионатига чиқишга бу қадар яқин келмаган эдик. Ким нима дейишидан қатъи назар, бизга салгина омад етишмади.
Табиийки, хатолар бўлганди. Футбол ўйинининг ўзи хатолардан иборат. Шу жумладан биз ҳам адашамиз. Агар холис ёндашсак, мақсад сари жуда кичик масофа қолганди. Ҳайдаровнинг зарбаси голга айланганида ёки 86-дақиқада гол ўтказмаганимизда ЖЧга тўғридан тўғри чиққан бўлардик.
Нима бўлганда ҳам, мен миллий жамоамизга муваффақият тилайман. Ким мураббий бўлишидан қатъи назар, биз жаҳон чемпионатига чиқа оламиз, бунинг учун бир нарса керак – жамоа бутун мамлакатга, бутун мамлакат бир жамоага айланиши зарур. Барчамиз шу миллий жамоа атрофида бирлашишимиз керак.
Миллий жамоа бош мураббийи бўлганимдан кейин журналистлар билан, мураббийлар билан, мухлислар билан учрашгандик. Улардан шу жамоа атрофида бирлашишни сўрагандик. Энг бошида шундай бўлганди. Ўзимизга ишонч билан мағлубиятсиз бораётгандик, тўртинчи турдан кейин биринчи ўринда эдик. Одил Аҳмедов Европа лигаси ўйинида жароҳат олиб, Эрон билан қийин ўйинда қатнаша олмаганди. Эронни барча техник ва тактик кўрсаткичлар бўйича мағлуб этгандик, лекин битта стандарт вазият сабаб ютқазгандик.
Биринчи мағлубият йигитларга босим юклади. Бу йигитларни доимо қўллаб туриш керак. Охирги матбуот анжуманимда қачондир буларни гапириб беришимни айтгандим. Биринчи навбатда, менга ишонч билдирган ва ўзбек футболи учун кўп ишларни амалга оширган Мираброр Усмоновдан миннатдорман. Афсуски, миллий жамоага шароит яратишга масъул кишиларнинг айримлари... Бу менга боғлиқ эмасди.
Охирги ўйинимизда бу муҳим роль ўйнаган. Хитойга бориб келиш учун, Тошкент-Ухань-Тошкент йўналиши бўйича чартер рейс сўраганмиз. Агар чартер рейсда борганимизда максимум 10-11 соат вақт кетарди. Лекин масъуллар чартер қилиб бера олишмаган. Оқибатда 28-29 соат учишимизга тўғри келган. Жанубий Корея термаси эса самолётга ўтириб, 6 соатда Тошкентга қўнган.
Ўша сўнгги ўйиннинг биринчи бўлимида барча техник-тактик кўрсаткичлар бўйича рақибдан устун келганмиз, лекин иккинчи бўлимда шунчаки чарчаб қолгандик. Самолёт муаммоси – баҳона эмас, реал рўй берган ҳолат. Миллий жамоага шароит яратиб қўйиш керак.
Шунингдек, агар ажратилаётган маблағ миқдори ва эришилаётган самара нисбатини оладиган бўлсак, бизнинг футбол – Осиёда биринчи ўринда. Нега?
Мисол учун, сўнгги саралаш босқичида Қатар ва Хитой билан бир гуруҳда ўйнагандик. Бугунги кунда Хитой футболга ҳар йили 2 млрд доллар сарфламоқда. Қатар футболга қанча инвестиция киритаётганини билмайман, лекин Ўзбекистондан анча кўпроқлигига ишончим комил. Шунга қарамай, биз энг барқарор жамоамиз. Шартли равишда Иордания ёки Сурия муваффақиятли бўлиб қолиши мумкин, лекин биз [чекланган молиявий ресурслар билан бўлса-да] барқарорлик бўйича энг устун жамоамиз. Жаҳон чемпионатига чиқишга жуда-жуда яқин келяпмиз.
Айтмоқчиманки, агар футболга киритилган пулларнинг фойдалилик коэффициентини ҳисобласак, ҳозир Ўзбекистон – бу кўрсаткич бўйича Осиё чемпиони, деб ўйлайман.
Мен ўша вақтда узр сўраганман ва буни такрорлашим мумкин. Мухлислар умидини оқлай олмаганим учун улардан кечирим сўрайман. Биз шунчалик яқин келдикки... Биз жаҳон чемпионатида қатнашишимизни, мухлисларимиз хурсанд бўлишини жуда ҳам истагандим. Лекин бунга менинг хатоларим ҳам сабаб бўлди. Чунки футбол хатолар устига қурилган. Агар хатолар бўлмаганда, у компьютер ўйинига айланиб қолган бўларди. Футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам хато қилади.
– Терма жамоадан кетганингиздан кейин нега матбуотдан узоқлашдингиз? Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор, ўша ҳақиқатларни айтишга уринмадингиз?
– Биринчидан, вазият шундай эдики, ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб турганди. Ҳаммаси барбод бўлганди. Бу «провал» эди. Эришишни энг кўп хоҳлаган нарсангни қўлдан чиқариш эди. Шу ҳолатда булар ҳақида гапириш осон эмасди. Буни бошидан ўтказган одам билади.
Иккинчидан, ўша матбуот анжуманида деструктив кайфиятдаги қиёфаларга кўзим тушганди. Гап уларнинг саволларида эмас, менда уларга айтадиган гапнинг ўзи йўқ эди. Бироз ўтиб, матбуот хизмати менинг мухлисларга қарата айтган самимий сўзларимни эълон қилди.
Мен ҳали ютуққа эришмай туриб, интервью бермасликни ирим қилгандим. Ниманидир гапиришим керак, деб ҳисобламадим. Менинг атрофимда, ЖЧга чиқа олмаганимиз мавзусида жуда кўп нарсалар бўлди. Мухлисларга, матбуотга у ёки бу қарорларим ҳақида гапирмаганим хатом бўлган эди.
Мисол учун, нега Лобановни майдонга туширганман? Шу масалани тушунтириб ўтиб кетмоқчиман. Мени қачон бош мураббий этиб тайинлашганини эслайлик: иккинчи саралаш босқичининг биринчи ўйинида Жанубий Корея билан ўйнаб, биринчи бўлимдан кейин 0:4 ҳисобида ютқазгандик, якуний ҳисоб 2:4 бўлганди. Шундан кейин Мираброр Зуфарович мени чақириб, миллий жамоада ишлашни таклиф қилди. Бу – ҳар қандай мураббий фаолиятининг чўққиси, табиийки, мен ҳам бунга рози бўлдим.
Ўз-ўзидан олдинги ўйинни таҳлил қилиб чиқдик ва бир фактга дуч келдик: ўтказиб юборилган 4 та голдан 3 таси ҳаводаги тўп учун курашда ютқазганимиздан кейинга тўғри келган. Ва бу Нестеровнинг ўйинида тенденцияга айланиб қолганди. Мен уни Ўзбекистонинг замонавий тарихидаги энг яхши дарвозабон деб ҳисоблайман. Лекин афсуски, у шундай хатоларга йўл қўйганди. Бу – биринчидан.
Иккинчидан, Лобанов ўша пайтда Ўзбекистон чемпиони эди, кетма-кет иккинчи марта мамлакат чемпиони бўлишга яқин эди. У менинг қўл остимда ўйнаган ва менинг талабларимни биларди.
Мана шу нарсаларни халққа, журналистларга тушунтирмаганим ҳақиқатан ҳам менинг хатом бўлганди. Буларни айтмаганим мен мухлис ва журналистларга терс ўгирилиб олганимни англатмайди. Мен, шунчаки, ўз ички тасаввурларим туфайли гапиришни истамасдим. Мен аввал қандайдир натижага эришиб қўйиб, кейин матбуот билан хотиржам ўтириб гаплашиш керак, деб ҳисоблардим. Ва бу менинг хатом бўлиб чиқди, тан оламан. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?