
Полша ишбилармон доираларидан таркиб топган кенг кўламли делегация ноябр ойининг охирги ҳафтасида ўтказилиши кутилган Биринчи Ўзбекистон–Полша ишчи гуруҳи йиғилишида иштирок этиш мақсадида мамлакатимизга келади. Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга деб баҳоланмоқда.
Расмий ташриф доирасида Полша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазири Стефан Краевский бошчилигидаги нуфузли бизнес делегацияси билан G2B ва B2B форматида бир қатор учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу мулоқотлар давлат идоралари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш, шунингдек, ишлаб чиқарувчи компаниялар ва инвесторлар учун янги имкониятлар эшигини очиб бериши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, Стефан Краевский ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдурахмонов ўртасида алоҳида учрашув ҳам ташкил этилади. Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инновация ва технологияларни жорий этиш, етиштирилаётган маҳсулот турларини кўпайтириш ва аграр сектордаги икки томонлама шерикликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.
Полша делегацияси 26–28 ноябр кунлари ўтказиладиган "Agro Expo Uzbekistan" халқаро кўргазмаси доирасида ўз миллий павилонини тақдим этади. Маълумотларга кўра, бирлашма таркибидаги 19 та етакчи компания ушбу тадбирда иштирок этиб, ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан таништиради. Бу, ўз навбатида, икки давлат агросаноат бозорлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Полша вакиллари деҳқончилик, чорвачилик, гўшт ва сутни қайта ишлаш, қанд лавлаги ва шакар ишлаб чиқариш каби муҳим йўналишлар бўйича Ўзбекистонда фаолият юритаётган етакчи корхоналар мутахассислари билан ҳам учрашувлар ўтказади. Ушбу мулоқотлар томонларга ўзаро тажриба алмашиш, янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва аграр соҳадаги имкониятларни кенгайтириш имконини беради.
Мазкур ташриф доирасидаги фаол мулоқотлар ва кўргазма тадбирлари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий йўналишларни янги марраларга олиб чиқиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.