date

“Манчестер Сити” ўнг қаноти учун кураш: Ҳусанов олдида жиддий синов

“Манчестер Сити” ўнг қаноти учун кураш: Ҳусанов олдида жиддий синов

Ўтган мавсумда кечган жиддий инқироздан кейин “Манчестер Сити” 2025 йилги икки трансферлар ойнаси давомида жамоа таркибини тубдан янгилашга киришди. 20 январь куни Абдуқодир Ҳусановнинг келиши билан бошланган авлодлар алмашинуви ҳали тўлиқ якунланмади, аммо айни пайтда жамоада муҳим позициялар бўйича янги рақобат шаклланмоқда.

Янги мавсум бошланиши билан Хосеп Гвардиола жамоасининг энг мураккаб нуқтаси айнан ўнг қанот ҳимояси эканини кўриш мумкин бўлди. Кайл Уокер кетганидан сўнг бу позицияни универсал даражада ёпиб бера оладиган ўйинчи топиш клуб учун жиддий муаммога айланди.

Рико Льюис ва Матеуш Нуньеш ҳисобда қанот ҳимоячиси сифатида қайд этилган бўлса-да, аслида ҳар иккиси ҳам ярим ҳимоячи сифатида шаклланган. Мавсум бошидаги учрашувлар уларнинг ҳимояланишдаги камчиликларини ойдинлаштириб қўйди. Мутахассислар ҳам айни жиҳатни бир неча бор алоҳида таъкидлашган.

Шу шароитда Гвардиола ўнг қанотни ёпиш вазифасини Абдуқодир Ҳусановга топширди. 21 ёшли ўзбек футболчиси табиийда марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, қанотда ҳам ишонч билан ўйнай олиши билан ёрқин таассурот қолдирди. У бир нечта муҳим учрашувларда ўз вақтида тўғри жой танлаши, руҳий барқарорлиги ва қийин вазиятларда ҳам хато қилмаслиги билан мураббийлар штаби эътиборини қозонди.

Бироқ жароҳатлар Ҳусановнинг инерциясини бузди, унинг ритмдан чиқиб қолиши эса ўйинлар сонига ҳам таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, қанотдан ҳужум бошлаш, олдинга тезкор ўтиш каби вазифалар унга марказий ҳимояга нисбатан кўпроқ қийинчилик туғдиргани ҳам сезилди.

Гвардиола қишки трансферлар ойнасида ўнг қанот ҳимоячиси масаласи Абдуқодирнинг жароҳатдан қайтганидан кейинги ўйинларига боғлиқ эканини айтганди. Ҳозирча у қайтганидан кейин фақат Англия Лигаси кубогида битта учрашувда майдонга тушди ва баъзи баҳсларда қайдномага ҳам киритилмади.

Эндиликда “Сити” яна бир бор ўнг қанотга янги ўйинчи олиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Журналист Бен Жейкобснинг хабар беришича, клуб “Ньюкасл” футболчиси Тино Ливраменто номзодини яна муҳокама қила бошлаган.

23 ёшли Ливраменто илк фаолиятини “Челси” академиясида бошлаган, кейинчалик “Саутгемптон”да асосий таркиб ўйинчисига айланган ва икки йил олдин “Ньюкасл”га 37,2 миллион евро эвазига кўчиб ўтганди. Ҳозирги баҳоси 40 миллион евро атрофида ва бу “Сити” учун мутлақо реал сумма ҳисобланади.

Шундай бўлса-да, жорий мавсумда ўнг қанотда асосий рақобатчи Матеуш Нуньеш бўлиб турибди. Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ спорт формасини тиклаб олгач, айнан шу позицияни қайтариб олиш учун жиддий ҳаракат қилиши кутилмоқда.

Унинг олдида мавсум охиригача муҳим имконият бор: марказий ҳимоячи сифатидаги тажрибасини, тезкорликни, майдонни тўғри ҳис қилишни ва аниқ узатмалар бериш қобилиятини ўнг қанотга мослаштириш. Агар у бу вазифани бажара олса, жамоадаги рақобатда устунликка эришиши мумкин.

Зеро, “Манчестер Сити” каби гранд клубларда бир позиция учун бир нечта кучли рақиблар бўлиши – бу оддий ҳол. Ички рақобат доимийлиги эса ҳар бир ўйинчидан максимал даражада меҳнат қилишни талаб қилади.

Умид қиламизки, Абдуқодир Ҳусанов ўзига хос ирода, меҳнатсеварлик ва техник сифатлари билан бу синовдан ҳам мардона ўтади ва жамоада ўз ўрнини яна мустаҳкамлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити” ўнг қаноти учун кураш: Ҳусанов олдида жиддий синов