
Ўзбекистон терма жамоаси яримҳимоячиси Остон Ўруновнинг инстаграмда эълон қилган оддийгина видеоси қисқа вақт ичида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Мисрга қарши ўйинда урган голларини ўз саҳифасида жойлаган футболчимиз учун бу фақатгина одатий пост эди, аммо Эрон терма жамоаси ҳимоячиси Ҳусайн Канони бу видеога жавобсиз қолмади.
Канони изоҳда қисқа, аммо маъноси жуда кенг бўлган сатрни қолдирди:
— “Финалда бошқача бўлади.”
Бир қарашда оддий гап, аммо футбол мухлислари буни ўзича талқин қиляпти. Кимдир “Бу қўрқитиш ишораси”, деса, яна кимдир “Эроннинг ўз кучига ишончи”, деб баҳоламоқда. Баъзилар эса Канонининг “Биз Миср эмасмиз, финалда бундай имконият ололмайсан”, деган маънони назарда тутган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Ўрунов эса одатдагидек тинч ва ишончли. Унинг майдондаги ўйини, фаоллиги ва характерини яхши биладиганлар бу изоҳ унга сира таъсир қилмаслигини ҳам таъкидлашмоқда. Чунки Остон сўнгги ўйинларда терма жамоанинг етакчи қаҳрамонларидан бирига айланган.
Эслатиб ўтамиз:
“Al Ain International Cup” мусобақасининг финалида айнан Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари баҳслашади. Беллашув 18 ноябрь куни, соат 21:00 да старт олади. Финал олдидан икки терманинг футболчилари ўртасидаги бундай майда “психологик зарбалар” эса табиий ҳол — бу катта ўйин олдидан ҳар икки томон қай даражада жиддий тайёргарлик кўраётганини ҳам кўрсатади.
Мухлислар эса энди янада қизиқиш билан финални кутмоқда. Чунки бу нафақат кубок учун кураш, балки майдондан ташқарида бошланган "сўзлар дуэли"нинг ҳам давоми бўлади.
Ўзбекистон термасига омад тилаймиз — жавобни энг яхши тарзда майдоннинг ўзида беришнинг вақти келди!
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.