
“Al Ain Cup” мусобақаси финалига саноқли соатлар қолди. Эртага кечки илк учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон билан юзма-юз келади. Икки жамоа ҳам ғалаба учун кўп нарсани беришга тайёр, рақиблар таркибида эса финал олдидан бир қатор ўзгаришлар кузатилди.
Эрон бош мураббийи Амир Ғаленойи ФИФА кунлари учун аввал катта рўйхат эълон қилганди. Бироқ Кабо-Вердега қарши ўтказилган баҳсдан сўнг терма жамоада кутилмаган кадрлар алмашинуви рўй берди. “Сепахон” ҳимоячиси Амин Хазбави ва Россиянинг “Ростов” клуби учун ҳаракат қиладиган Муҳаммад Моҳебби жароҳатлар сабаб йиғинни тарк этиб, ўз жамоалари ихтиёрига қайтди.
Айниқса, Моҳеббининг ҳолати ҳайрат уйғотди. У Кабо-Вердега қарши тўлиқ ўйин ўтказган, кейин эса ўзини ноқулай ҳис қила бошлаган. Пенальтилар сериясида ҳам аниқ зарба берган футболчи жароҳат ортидан умумий ритмдан чиқиб қолди. Хазбави эса ўтган ўйинда қайдномага ҳам киритилмаганди.
Ғаленойи ушбу йўқотишларни тезда қоплашга интилиб, уларнинг ўрнига икки қанот ҳужумчисини чақирди. Дубайнинг “Ал-Наср” клуби ҳужумчиси Меҳди Гаеди ҳамда “Ал-Иттиҳод Калба” вакили Муҳаммадмехди Моҳеби тезкор равишда терма жамоа йиғинига қўшилди. Бу ўзгаришлар амалда Эроннинг қанотдаги уқувини янада кучайтиришга қаратилгандек кўринади.

Шу билан бирга, “Персеполис” жамоаси вингери Муҳаммад Омри кичик жароҳатдан тузалиб, асосий таркиб билан тўлиқ машғулотни бошлади. Унинг қайтиши Ғаленойига ҳужумдаги вариантлар сонини кўпайтириш имконини бермоқда.
Иккала терма жамоа ҳам жуда масъулиятли баҳс остонасида турибди. Ўзбекистон таркиби барқарор ва яхши кайфиятда финалга тайёрланмоқда. Эрон эса кучайган қанотлар ва янги вариантлар билан финалга кириб келяпти.
Футбол ишқибозлари кутган кун ҳам етиб келмоқда. Эрон — Ўзбекистон ўйини эртага соат 21:00 да старт олади. Финалда қайси жамоа сўзини айтади? Мухлисларни олдинда жуда мароқли кеча кутиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.