Футбол деганда кўпчиликнинг кўз олдига Месси ва Роналду келса керак. Чунки бу йигитлар чиндан ўзгача. Улар чиндан ҳам дунёда тенгсиз футболчилар. Шу боис уларга қарши ноҳақликлар мухлислар томонидан оғир қабул қилинади. Мухлиснинг наздида ҳар қандай қоидалар ҳам бу икки йигит учун истиснога эга бўлиши керакдек. Яъни ашаддий мухлислар бошқалар қизил карточка оладиган ишни қилганида ҳам (аслида бу икки юлдуз ҳеч қачон бунақа иш қилмаган) Месси ва Роналду майдонда қолиши керак деб ҳисоблашади. Ҳа, бу ўта ашаддий мухлисларнинг фикри, лекин мухлисларни ўзгартира олмайсиз, чунки футбол аслида уларники...
Шу вақтгача Месси ва Роналду бошқалар қилганида албатта майдондан четлатиладиган ҳаракатни амалга оширганига қарамай майдонда қолганини кўрмаганмиз, лекин бошқалар қилса ҳакам умуман эътибор бермайдиган ҳаракатлар учун уларга қизил карточка кўрсатилганини биламиз. Масалан, Роналдунинг ўтган йили Чемпионлар лигаси доираисада «Валенсия»га қарши кечган ўйинда четлатилиши ва Мессининг кеча Америка Кубоги доирасида Чилига қарши ўйинда майдондан ҳайдалиши...
Нафақат кечаги ўйинни бошқарган ҳакамлар, балки бутун бошли Жанубий Америка футболи Мессига нисбатан ноҳақлик қилаётгандек туюлди Лео майдондан четлатилганда. Ваҳоланки, у бу вазиятда жабрланувчи эди. Вазиятнинг иккинчи иштирокчиси Гари Медель ҳам майдондан четлатилишини кутмаганини айтди: «Тўғриси, ҳатто сариқ карточка ҳам оламиз деб ҳам ўйламагандим».
Лекин ўйинни бошқариб борган ҳакам (унинг исми ҳеч кимни қизиқтирмайди, у шунчаки Мессини майдондан четлатиб машҳур бўлган инсон деб эсланади бундан кейин) ўта аҳмоқона қарор қабул қилиб, дунёнинг энг зўр футболчисини майдондан четлатди. Медель ҳам Месси билан бирга майдонни тарк этгани кўпчиликнинг парвойига ҳам келгани йўқ, чунки Месси қизил карточка олганди! Ноҳақ тарзда! Бундай ҳолатда бошқа футболчи ҳеч қанақасига диққат марказида бўла олмасди.
Ўйин давомида Мессига қарши ишлатилган қўполликларни санасангиз, адашиб кетасиз. Яхшиям у ўйинни тўлиқ ўтказмади, чунки чилилик футболчилар майдонга худди Мессининг оёғини синдириш учун тушгандек кўринишди. Леога бу мусобақа давомида нафақат майдондан, балки унинг ташқарисидан ҳам босим жуда кўп бўлди. Бутун бошли КОНМЕБОЛ Мессининг гапларига нисбатан раддия билан чиқаверди (худди биздаги расмий идоралар ўзлари ҳақидаги танқидий чиқишларга бемазадан бемаза раддия беришни хушлашгани каби).
Чили билан ўйиндан сўнг Лео жуда таъсирли гапирди: «Мен медални тақмайман ва шоҳсупага ҳам чиқмайман, чунки коррупциянинг бир қисми бўлишни истамайман. Финалда шубҳасиз Бразилия ғалаба қозонади, ҳаммаси уларнинг ғалабаси учун ташкиллаштирилган».
КОНМЕБОЛ эса ўзининг манзилига айтилган эътирозларни қабул қила олмай, Мессининг бу чиқишини ҳурматсизлик деб атади.
Биласизми, нега Осиё, Африка, Америка футболи Европа олдида қолоқ бўлиб (Осиёни ўта қолоқ десак ўринлироқ) кўринади? Чунки бу қитъалар футболи чиндан ҳам коррупцияга ўралашиб қолган. Ҳакамни урадиган ҳам шулар, жаҳон чемпионатида ўз дарвозасига гол урган футболчини ўлдириб кетадиган ҳам шулар, ҳакамлар тугул бутун бошли рақибни сотиб оладиганлар ҳам шулар. Шу боис Европа жамоалари алмашиб жаҳон чемпион бўлаверишади.
Бутун бошли Америка Кубогининг ярим финалида Аргентина ва Бразилия тўқнашди. Бу ўйин қитъанинг класикоси ҳисобланади ва унга тайёргарлик ҳам шунга яраша бўлиши керак. Ҳакамлар ҳам албатта. Аммо ўйинни бошқариб борган ҳакам хато қарорлар чиқаргани етмагандек бирор марта видеотакрорларга мурожаат ҳам қилмади. Бу эса Мессининг эътирозлари йўқ жойдан айтилмаганини кўрсатади.
Чилига қарши ўйинда ҳам оддий елкама-елка курашдан сўнг Медель келиб Мессини кўкраги билан туртди. Бу футбол ахир, эҳтирослар ўйини. Бироқ ҳакам югуриб келиб икки футболчини ҳам майдондан четлатди. Бу ерда Меделга нега карточка кўрсатгани тушунарли, ҳакам кейинчалик ўзини танқидлардан ҳимоялаш учун шундай қилди. Гўёки «Мана, иккисини ҳам ҳайдадим-ку», дейиш учун. Аслида эса бу умуман карточка кўрсатиладиган ҳолат эмасди, ҳакам худди Мессини четлатиш учун пайт пойлагандек туюлди.
Биласизми, нега Англия футболи дунёда тенгсиз ҳисобланади? Чунки у ерда футболчиларни қадрлашади. Масалан, спиртли ичимликларга муккасидан кетган Пол Гаскойн неча марталаб даволаниш учун пулга муҳтож бўлганида футболчилар ёрдам беришди. Англияда собиқ футболчилар номига трибуналарни аташади, тирик футболчилар қариб қолганида стадионларда фахрий меҳмонлар қаторидан жой олишади. Шу боис Англияда футбол маданият даражасига кўтарилган.
Жанубий Америкада қандай? Улар футболчиларни қадрлашмайди. Улар ўзларидан чиққан Месси дунёнинг энг яхши футболчиси эканидан фахрланиш ўрнига унга қарши баёнотлар билан чиқишади, Месси ноҳақ майдондан четлатилганида номига бўлсада видеотакрорга мурожаат қилишмайди. Улар ўз дарвозасига билмасдан гол уриб қўйган 27 ёшли Андреас Эскобарни ўлдириб кетишади... Улар футбол деганда жанжаллар ва можароларни тушунишади, ўша можаро марказида бўлишдан завқ олишади. Балки шунинг учун собиқ футболчилар фаолияти тугаганидан кейин ҳам Европада қолишар...
Ўткир Жалолхонов
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди