Тошкентда ҳаво ифлосланишига қарши янги дастур ишлаб чиқилди

Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ифлосланишини камайтириш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қаратилган комплекс чоралар ишлаб чиқилди. Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган бўлиб, унда саноат корхоналари ва иссиқхоналардаги зарарли чиқиндиларни қисқартириш, чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ҳамда эски қозонларни экологик тоза тизимларга алмаштириш назарда тутилган.
Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ифлосланишини камайтириш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қаратилган янги комплекс чоралар ишлаб чиқилди, деб хабар берди Экология вазирлиги.
Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тақдим этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — саноат корхоналари ва иссиқхоналардан чиқадиган зарарли моддалар миқдорини кескин қисқартириш.
Ҳужжатда белгиланишича, корхоналарда чанг ва газ тозалаш ускуналари ўрнатиш, эски қозонларни энергия тежамкор ва экологик тоза тизимларга алмаштириш назарда тутилган. Шунингдек, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш босқичма-босқич чекланиб, альтернатив энергия манбаларига ўтиш режалаштирилган.
Қарор лойиҳасига кўра, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилаётган ва тозалаш иншоотлари ҳамда автоматик ҳаво мониторинги тизимларини жорий этаётган корхоналар молиявий имтиёзлар ва грантлар орқали қўллаб-қувватланади.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур чоралар амалга оширилса, пойтахт ва вилоятдаги ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланади. Бу нафақат экологик хавфсизликни оширади, балки аҳоли учун соғлом ва қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Экологик талабларни кучайтириш эса Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегиясида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.






























Изоҳлар 0
…