2015 йилнинг 16 июни. Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш баҳсларидаги дастлабки учрашувини Шимолий Кореяга қарши ўтказган. Ўшанда учрашув трансляция қилинмаган, ўйиндан репортаж олиб борилмаган. Ҳаттоки, машҳур спорт сайтлари ҳам «Ўйин кетяпти. Учрашув ҳисоби» билан кифояланишган. Биринчи бўлимдан сўнг КХДРнинг 4:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганини билган мамлакат футбол фанатлари ажабланишганди.
Ўша учрашувдан сўнг барча айб Миржалол Қосимовга ағдарилган. Унинг машҳур бўлиб кетган «Боллада айб йўқ...» жумласи бот-бот такрорланганди. Шунингдек, унинг ҳимоявий тактикаси тинимсиз танқид қилинган. Умуман олганда, Қосимов ҳимоявий футбол тарафдори бўлмаган. Унинг услуби ўйинни назорат қилиш ва ҳисобни ушлаб туришга қаратилганди. Қайсидир маънода, ҳимоявий футболга тортиб кетарди. Ҳар ҳолда, қандайдир консерватор эмас. Жозе Моуриньо ёки Қурбон Бердиев каби «автобус ҳайдовчилари» бор. Лекин Жозе «Реал»да, Бердиев эса «Ростов»да ҳимоявий усулдан воз кечишган. Миржалол Қосимов ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин эди. Аммо ўша ўйиндан сўнг уни ишдан олишган. Ўрнига эса Самвел Бабаянни тайинлашган.
2019 йилнинг 5 сентябри. Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2022 саралашидаги биринчи ўйинини ўтказди. Яна сафарда. Яна ФИФА рейтингида 100-ўриндан пастда бўлган жамоага қарши. Ўшанда КХДР рейтингда 155-поғонада эди. Фаластинликлар эса 102-ўринда боришмоқда. Ўзбекистон ТОП-100дан 2010 йилнинг декабрида тушиб кетганди. Яъни, ўз тарихида илк бора Осиё кубоги ярим финалига чиқишидан бир ой олдин. Фаластинга қарши учрашув терма жамоанинг мундиал йўлидаги бошланғич нуқтаси бўлиши керак эди.
Бу ўйин Эктор Купернинг узоқ масофадаги ишончлилигини кўрсатиши керак эди. Ҳеч кимга сир эмаски, Куперни терма жамоанинг ривожланиши учун танлашган. Унинг олдига эса аниқ мақсад қўйилган - терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқиш. Гап-сўзларга қараганда, ЎФАнинг олдинги раҳбарияти Куперга тўлиқ «карт-бланш» берган. Боз устига, аргентиналик мутахассисга январда бўлиб ўтган Осиё кубогида аниқ бир вазифа тайинланмаганди.
Ўшанда Купер Австралияга қарши ўйиндан сўнг обрўсини бироз ошириб олганди. Лекин Ўзбекистон гуруҳдан чиқа олмаганида ҳам терма жамоа тарихида энг кўп маош (йилига 2 миллион евро атрофида) оладиган мураббий вазифасидан озод этилмасди. Ваҳоланки, унга бериладиган товон пули ҳам озгина эмас.
Фаластинга қарши учрашувда Купер 4-2-3-1 сҳемасидан фойдаланди. Дарвозада, ниҳоят, имкониятга эга бўлган Элдорбек Суюнов турди. Мамлакатнинг энг яхши посбонларидан бўлган Суюнов унчалик ҳам кўп ўйнамасди. У Қосимов даврида захирада ўтирган. Бабаян эса кутилмаганда Лобановга ишонч билдирди. Агар Игнатий Нестеровнинг дисквалификацияси бўлмаганида, асосийда тушармиди ёки йўқми, бу аниқ эмас.
Ҳимоя Сайфиев - Исмоилов - Кримец - Ҳошимов тўртлигидан ташкил топди. Охирги марта бу квартетдан Туркияга ҳарши ўртоқлик учрашувида фойдаланишганди. Осиё кубогидан кейинги ўртоқлик учрашувларида Купер кўплаб ҳимоячиларни синаб кўрди. Бироқ Ислом Тўхтахўжаевнинг асосийга кирмагани кутилмаган бўлди. У нафақат марказда, балки қанотда ҳам ўйнай оладиган футболчи. Шунингдек, Купер Виталий Денисовни ҳам инкор этиб келмоқда. Виталийдаги жиҳат Фаррух Сайфиев, Олег Зотеев ва Акром Комиловларда йўқ. Ёши бироз ўтиб қолганига қарамай, Денисов мамлакатдаги энг яхши қанот ҳимоячиларидан биридир. Шунингдек, мазкур учрашувда марказий ҳимоячиларга ҳам эътирозлар бор.
Ярим ҳимоя қуйидаги кўринишда бўлди: иккита таянч ярим ҳимоячи - Ҳамробеков ва Аҳмедов. Чапда Жалоллидин Машарипов, ўнгда Қувондиқ Рўзиев, «ўнлик» позициясида Икром Алибоев. Шу ўринда айтиш жоиз, Алибоев рақибларни эргаштириб юришга ҳаракат қилди. Унинг ўрнига Одил Аҳмедов ўтиб турди. Одил Ҳамробеков эса ўзининг энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказди. «Пахтакор» вакили рақибнинг қарши прессингларига бардош бера олмади. Айнан унинг зонасидан биринчи гол ташкил қилинди. Қолаверса, Ҳамробеков тўп узатишда ҳам тез-тез хато қилиб турди. Бунинг оқибатида Аҳмедов мажбуран ортга қайтиб турди. Натижада ҳужум қилиш имконияти пасайиб кетди.
Купернинг бўлажак муаммоси ҳам шунда. Одил Аҳмедов терма жамоадаги 100-учрашувини ўтказди ва жамоанинг энг тажрибали ўйинчиси ҳисобланади. Лекин ҳеч ким ёшармайди ва сардоримиз ҳамма ўйинларни ҳам юқори савияда ўтказишига кафолат йўқ. Отабек Шукуровнинг эндигина ўйини чиқаётганди, бироқ у оғир жароҳат олди. Азиз Ҳайдаров фаолиятини якунлади. Бошқалар эса ўзларини кўрсата олишмади. Агар терма жамоа очколар ишлашни истаса, бор маҳсулотдан унумли фойдаланиши керак. Бунинг ўрнига эса Фаластинга қарши ўйинда Куперни Самвел Бабаяннинг қиммат версияси сифатида кўрдик.
Эктор Купернинг муаммоси ёмон мураббий эканлигида эмас. Купернинг муаммоси унинг услубида. Бу усул терма жамоамиз таркибига мос келмайди. Афсуски, Жепаров, Ҳайдаров, Гейнрих ва шу авлоднинг бошқа футболчилари энди йўқ. Бироқ ҳозирги жамоада потенциал бор. Шунчаки, улардан нотўғри фойдаланишмоқда. Аргентиналик мутахассиснинг охирги муваффақиятлари 2000 йилларда «Валенсия» билан боғлиқ бўлган. Ўшандан буён у кўплаб жамоаларда ишлади, аммо ҳеч қаерда муваффақият қозонмади. ЖЧ-2018да ҳам у бошқарган Миср терма жамоаси Салоҳ бошчилигида кучли бўлгани билан консерватив кўринганди.
Шу ўринда Шомуродов ҳақида гапирсак. Иқтидорли футболчилардан бири. Валерий Карпин қўл остида ажойиб ўйинларни намойиш қилмоқда ва Россия Премьер-лигаси тўпурарлари баҳсида етакчилик қилмоқда. Лекин фаластинликлар устози Шомуродовни билгани ҳолда ҳимоячиларини ақлли тарзда жойлаштирди. Жарима майдонига тўп оширишга уринишлар ҳимоячилар томонидан блокланди. Улар ҳар сафар тўп йўлига тўғаноқ бўлишди. Шомуродов олдида фаластинликларнинг у ёки бу футболчиси шу заҳоти пайдо бўлди. Улар тўпни ишлаб олишига йўл қўйишмади.
Шомуродов тўпни асосан рақиб дарвозасига орқаси билан ўгирилган ҳолда қабул қилди. Бундай вазиятда иккита йўл бор: тўпни югуриб келаётган қанот ўйинчилари (Рўзиев, Машарипов, Ҳамдамов)га узатиш ёки ўз-ўзига вазият яратиш. Биринчи ҳолатда қанотлар ёпиб қўйилди ёки вакилларимиз фаоллик кўрсатишмади. Иккинчи ҳолатда фаластинлик ҳимоячилар ажойиб ўйин намойиш қилишди. Хусусан, жамоа сардори Абдулатиф ал Бахдари «Ростов» ҳужумчисига прессинг уюштириб, унинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўймади. Россияда Шомуродов Роман Ерёменко, Ивелин Попов ва Алексей Ионов билан бир-бирини яхши тушуниб ҳаракат қилади. Ижрочилар бошқа дейишингиз мумкин. Бироқ Фаластин таркиби Ўзбекистонники билан бир хил кучга эга эмас. Бундай вазиятларда жамоа эмас, мураббий мағлуб бўлади.
Ўзингизга маълум, гуруҳимизда Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони терма жамоалари ҳам бор. Иккинчи турни вакилларимиз ўтказиб юборишди. Учинчи турда терма жамоамиз Тошкентда Яманни қабул қилади. Октябргача вақт етарли. Лекин ҳозирданоқ биринчи ўйиндан хулоса чиқариш керак.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Купер «Биринчи мағлубиятдан сўнг ҳеч қаерда мураббийни истеъфога чиқаришмайди», деди. Бунга эътироз билдириб бўлмайди. Энг муҳими, кеч бўлмаса бўлгани. Мураббий жамоанинг кучли томонларидан тўлиқ фойдаланиши керак. Гуруҳда Саудия Арабистони борлигини инобатга олсак, вазифа осон эмас. ЖЧ-2022 саралаш баҳсларининг кейинги босқичига гуруҳда биринчи ўринни эгаллаганлар билан энг яхши кўрсаткичга эга бўлган тўртта иккинчи ўрин соҳиблари чиқишади.
Сурия, Фаластин ва Шимолий Корея каби терма жамоалар бизни мағлуб этишни ўрганишибдими, демак, биз ўрганадиган жиҳатлар ҳам ҳали кўп. Бир неча йиллар олдин бундай жамоалар осонлик билан мағлуб этиларди. Ўшанда кўплаб мутахассисларимиз «Австралия, Эрон, Японияни мағлуб этиб, олдинга қадам ташлаймиз», дейишарди. Якунда эса биз орқага қадам ташладик.
Евдоким РАИМОВ.
Ж.Бобохонов таржимаси
Ж.Бобохонов таржимаси
Манба: interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди