3 024
"Ал Ҳилол" устидан тарихий ғалаба, ўзбек ва тожик футболи ҳақида "Истиқлол" бош мураббийи Виталий Левченко билан катта интервью
Хабарингиз бор, 14-20 май кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда ОФК Кубоги-2021 Марказий Осиё минтақаси "F" гуруҳи беллашувлари бўлиб ўтди.
Унда Қаршининг "Насаф" клуби барча уч ўйинда ғалаба қозонди ва 100 фоизли натижа билан плей-оффга йўл олди. Ана шу мусобақани бевосита воқеа жойидан ёритиб борган Толибжон Қосимов гуруҳ баҳслари якунланганидан кейин Тожикистон чемпиони "Истиқлол" жамоаси машғулотига ташриф буюрди.
Ана ўша машғулот ўз якунига етганидан кейин ходимимиз душанбеликлар бош мураббийи Виталий Левченко билан интервью уюштирди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- Аввало "Насаф" жамоасининг ОФК Кубогидаги ўйинлари ҳақида фикрингиз қандай? Сиз қаршиликларнинг барча 3 ўйинини бевосита стадиондан кузатиб бордингиз.
- Ҳа, мен "Насаф"нинг барча ўйинини стадиондан кузатдим. Менга бу жамоа жуда ҳам ёқди, ўйинчилар сараланган, ўйин яхши йўлга қўйилган. Бу ҳақиқатдан ҳам ушбу гуруҳдаги энг кучли жамоа эди. Улар адолатли равишда гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишди. Бос устига, ўз дарвозаларидан бирорта ҳам гол олиб чиқишмади. Мусобақада ўйин бўйича ҳам улардан кучлироқ жамоани кўрмадим.
- ОЧЛда сиз бошқарган "Истиқлол" С.Арабистонининг "Ал Ҳилол"дек кучли жамоасини 4:1 ҳисобида мағлуб эта олди. Ваҳоланки, таркиб ва имкониятлар жиҳатидан рақиб сизлардан анча устун эди. ОФК Кубогида "Насаф"нинг 3 рақиби тўғри тактика ва ўйинга тўғри ёндашув эвазига "аждарлар"га сиз "Ал Ҳилол"га кўрсатганингиз каби қаршилик қила олишлари мумкинмиди?
- Гуруҳдан ким чиқишини белгилаб берган "Олтин Аср"га қарши ўйиндан бошласак. "Олтин Аср" баҳсни 5 ҳимоячи, 4 ярим ҳимоячи ва битта ҳужумчи (5-4-1) билан бошлади. Лекин, уларда мана шу схемада ўйин кўнгилдагидек чиқмади. Шу сабаб "Насаф" биринчи бўлимнинг ўзида 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Иккинчи бўлимда эса ўз-ўзидан жамоа бошқа схемага ўтиши ва ўйинни ўзгартириши керак эди. Иккинчи 45 дақиқаликда туркманистонликлар кўпроқ прессинг қила бошлашди. Бу тўғри эди. Чунки, "Насаф" кўпроқ қисқа ва ўрта масофага паслар билан ўйнайди. Агар уларга шундай футбол ўйнаш имконини берсангиз, бу жиддий муаммолар келтиради. Буни амалда кўрдик ҳам. "Олтин Аср" ўйинчилари эса бутун бўлим давомида прессинг қилиш учун жисмоний томонлама тайёр эмас экан. Уларни кучи тугаб қолди.
"Хўжанд" эса 4-3-3 схемасидан фойдаланди. Лекин, уларда ўйин "Насаф"дагидек маромида йўлга қўйилмагани сезилди. Нима учунлигини эса аниқ айтолмайман. Сабаби, бу борада аниқ фикр бериш учун сизда барча майда деталлар ҳақида маълумот бўлиши керак. Мен ички ҳолат ва мураббийлар талаби қандай бўлганини билмайман. "Хўжанд" ёмон ҳаракат қилмади, лекин "Насаф" ўйин жиҳатидан кучлироқ эди ва улардаги каби ҳамжиҳатликни рақибларда кўрмадим.
"Олой" бу гуруҳдаги энг кучсиз жамоа бўлди. "Насаф"га қарши улар шунчаки ҳимояда туришди ва келган тўпни тепиб юбораверишди. Бундай ҳолатда "Насаф" биринчи голни уриб олиши муҳим эди, шунда ўйин очиларди. Буни улар иккинчи бўлим бошида уддалашди. Гуруҳда "Насаф" энг кучли, ўйини тўғри йўлга қўйилган жамоа бўлди.
- "Насаф" бу йил ОФК Кубогини қўлга кирита оладими?
- Менимча, ҳа. Жамоада ҳам, раҳбариятида ҳам ушбу мусобақани ютиш учун амбициялар борлигини кўрдим. "Насаф" учинчи марта мусобақада иштирок этмоқда ва ҳар сафар гуруҳдан чиқмоқда. Украиналик Анатолий Демьяненко бошқарувида ғолибликни ҳам қўлга киритишган. Қўшимчасига уларда яхши ёш ўйинчилар ҳам бор, захирадан тушганда ўйинни бузиб қўйишмаяпти. Бу ротация учун катта устунлик беради. Баъзи учрашувларда мураббий етакчи футболчиларига дам бериб ёшларни тушириши мумкин. Улар эса ўйинни бузиб қўйишмайди. Плус уларда академия жуда яхши ишлаб турибди, ҳар йили бир неча нафар асосий ўйинчилари бошқа клубларга кетишади ва шунга қарамай жамоа ички чемпионат турнир жадвалида юқори ўринларда қолишда давом этмоқда. Ўйлашимча, уларда ОФК Кубогини ютиш учун катта имконият бор.
- "Насаф" таркибида қайси ўйинчилар сизга ёқди ва нима учун?
- Менга 77-рақам (Ойбек Бозоров)даги кичик жуссали ўйинчи жуда ёқди. Иккита таянч ярим ҳимоячилари серб (Марко Станоевич) ва Мозговой ҳам ёқди. Ўнгда ҳам креатив ярим ҳимоячи (Суҳроб Нуруллоев) ҳаракат қилди. Қанотда ўйнаган ярим ҳимоячилар учун бирга-бир ҳолатда алдаб ўтиш муаммо эмас. Бундан ташқари, қанот ҳимоячилари ҳам менга ёқди. Улар ҳужумларга фаол қўшилишяпти, бу эса ўйинни ташкил қилишда катта устунлик беради.
- Чап қанот ҳимоячи (Шерзод Насруллаев) ҳақида қандай фикрдасиз? У ҳар уччала ўйинда голли ҳаракатни амалга оширди (3 ўйинда жами 1та гол ва 4та голли пас).
- Бу замонавий қанот ҳимоячиси учун қўйиладиган талаб. У ҳужумга қўшилиши ва керак пайтда ҳужумчидек ўйнаши керак. Ёдингизда бўлса у (Насруллаев) "Хўжанд"га учинчи голни урганда худди марказий ҳужумчидек очилди, унга пас беришди ва у пасни голга айлантирди. Бу замонавий футболда қанот ҳимоячиларига қўйиладиган талаб.
- Сиз жамоангиз билан ОЧЛда "Ал Ҳилол", АГМК ва "Шабаб Ал Аҳли" билан бир гуруҳда баҳс олиб бордингиз. Сизнингча, "Насаф" ҳозирги ҳолатида Чемпионлар лигасида ҳаракат қилганида гуруҳдан чиқа олган бўлармиди?
- Битта чопнинг иккита учи бор. Ўйинга тайёрланаётганинда рақибни ўрганасан, улар нима ҳисобига ўйнашини кўрасан. Гуруҳдаги рақиблар орасидан фақат "Олтин Аср" иккинчи бўлимда "Насаф"га прессинг уюштирганини кўрдим. Бу қуролдан фойдаланиш керак эди. Бошқа мураббийлар манзилига тош отмоқчи эмасман, лекин "Насаф"га тўпни эркин назорат қилиш ва ҳужумлар ташкил этишга бермаслик керак эди. Лекин, ОФК Кубогида рақиблар нисбатан бўш ҳаракат қилишди. Ўйлашимча, "Насаф" ОЧЛда ўйнаганида ҳам шундай ҳаракат қиларди ва гуруҳдан чиқиш учун курашган бўларди. Бу аниқ.
- Чемпионлар лигасида бундай муваффақиятга ниманинг эвазига эришдинглар? Бу натижа тагида қандай меҳнат ётибди?
- Биз майдонда югуриш ҳажми устида катта иш олиб бордик, мусобақага жисмонан тайёр бўлиш учун ишладик. Ва албатта рақибларимиз ҳақида тўлиқ маълумотларга эга эдик. Менда барча рақибларимизнинг ўтган мавсумдан бошлаб ҳозирги кунгача Чемпионлар лигаси ва ички чемпионатда ўтказган ўйинлари бор эди. Мен ана шу ўйинларни кўриб чиқдим ва таҳлил қилдим. Бу жамоалар билан очиқ футбол ўйнаш биз учун жуда оғир бўлишини тушундим. Чунки, футболчилар даражаси ва маҳорати бу жамоаларда биздан юқори эди. Уларнинг йиллик бюджети ҳатто Европа футболи даражасида ҳам салмоқли. "Ал Ҳилол"да 72 млн доллар, "Шабаб Ал Аҳли"да йиллик бюджет 65 млн, АГМКда эса 5 млн атрофида. Бу борада энг кам бюджет бизники эди. Шу сабаб биз ўзимизнинг кучлироқ тарафларимизни кўрсатишга уриндик ва бу ўхшади. Бу ҳимоя, рақибга бўш ҳудуд бермаслик ва тез қарши ҳужумлар. Режалаштирган нарсаларимиз ҳаммаси ўхшаганидан жуда ҳам мамнунман.
Бошидан олдимизда гуруҳдан чиқиш вазифаси турганини айтиб келдим. Шунчаки, бунга ҳамма ҳам ишонмади. Бизни ақлдан озганлар деб ўйлаганлар ҳам бўлди. Амалда бу нарса ҳақиқатга айланганидан сўнг эса вазият ўзгарди. Энди одамлар мураббий айтган гапларга жиддий ёндошишмоқда.
- АГМК билан биринчи тўқнашувингиз (3:1 "Истиқлол" фойдасига)да ҳисоб 2:1 бўлиб турганда олмалиқликлар иккинчи голни ҳам киритишганди. Аммо, ҳакам голни ҳисобга олмади. Агар гол ҳисобланганида ўша ўйин умуман бошқача тус олиши мумкинмиди?
- Албатта, киритиладиган ҳар бир гол вазиятни ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳакамлик ҳақида гапирмоқчи эмасман. Чунки, хатолар у томонга ҳам, бу томонга ҳам бўлди. Ўйин бўйича эса гуруҳдаги барча жамоаларга қарши ўйнаш бизга жуда қийин бўлди. Шу жумладан, АГМКга қарши ҳам. Чунки, бу тажрибали ва комбинацион футбол ўйнашни ёқтирадиган жамоа. Биз АГМКга ўзининг энг яхши футболини кўрсатишга имкон бермаслик учун катта ҳажмда иш бажардик. Охирги ўйинда жисмоний ҳолатимиз ҳам, руҳий ҳолатимиз ҳам юқори даражада эмасди. АГМК иккинчи голни урганда рақиб ғалаба ҳақида ўйлай бошлади ва бизда бўш зоналар пайдо бўлди. Битта жавоб тўпини киритдик ва яна имкониятлар бўлди. Афсуски, улардан фойдалана олмадик. Шу боис ҳар бир гол ўйинни ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳақли равишда гуруҳдан чиқдик деб ўйлайман.
- "Ал Ҳилол" билан биринчи ўйиндаги мағлубиятдан кейин бундай тарихий натижа (4:1 ҳисобидаги ғалаба)га эришиш учун нимани ўзгартирдингиз?
- Аввало "Ал Ҳилол" билан биринчи ўйинда улар билан деярли тенг ўйнаган ва уларга имкон бермаган вазиятларимизни кўрсатдим. Кейин ўтказиб юборган голларимизни қайта қўйиб бердим. Бу ерда энг асосий жиҳат - руҳият. Мен йигитларга бу жамоа билан тўғри ўйналса натижа қилиш мумкинлигини, агар биринчи беллашувдаги каби нотўғри ҳаракат қилинса муаммоларга дуч келишимизни айтдим. Рақибнинг кучли томонларини, биринчи ўйинда нималарга имкон берганимизни кўрсатдим. Машғулотда тактик томонлама "Ал Ҳилол"нинг ҳужумларини тўхтатиш устида ишладик. Булар учинчи зонага пас ва қанотлардан югуриб кириш. Йигитлар билан жиддий гаплашиб олдик, хулоса чиқардик ва иккинчи баҳсда ижобий натижа қайд этдик.
- ОЧЛда Эрон чемпиони "Персеполис" билан беллашасизлар. Таркибда ўзгаришлар бўладими? Балки легионер олиб келиш мўлжалда бордир?
- Ҳозир потенциал янги футболчиларни кузатяпмиз, уларнинг имкониятини кўриб чиқяпмиз. Таркибимизда бор легионерлардан кимлардир бизга ёрдам берди, баъзилар эса аксинча. Ёзги трансфер ойнаси вақтида баъзи легионерлар билан ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қила олсак янги легионерларни олиб келамиз, агар шартномани бекор қила олмасак, ўзимизда бор футболчиларга эътибор қиламиз.
- Режангизда Ўзбекистондан ҳам футболчи жалб қилиш борми?
- Ўзбекистонлик икки футболчи билан музокара олиб бораяпмиз. Аммо ҳозир шартнома тузилмаган ва уларнинг исмини айтишим тўғри бўлмайди. Бундан ташқари ўзбекистонлик футболчиларнинг молиявий талаблари анча юқори. Агар бу жиҳатлар борасида келиша олсак албатта улар билан шартнома тузамиз.
- Ҳеч бўлмаса уларнинг қайси позиция вакиллари эканлигини айта оласизми?
- Марказий ҳимоячи ва ҳужумчи.
- Сизда қачондир Ўзбекистондан таклиф бўлганми?
- Ҳа, таклифлар бўлган. Чемпионлар лигасидан кейин таклиф бўлди, бунгача қишда ҳам таклиф бўлганди.
- Айнан қайси жамоалардан таклиф бўлди?
- Чемпионлар лигасидан кейин қайси жамоа чиққанини айтолмайман. Қишда эса Наманганнинг "Навбаҳор" жамоасидан таклиф бўлган.
- Нима учун ўша таклифни қабул қилмагансиз?
- Улар менинг молиявий талабимни юқори деб ҳисоблашган. Мен агентим билан, у эса клуб билан гаплашган. Молиявий саволлар асосий планга чиққан. Ўша вақтда жамоани Нўъмон Ҳасанов бошқарарди.
- Июнь ойида Усмон Тошев Тожикистон терма жамоаси бош мураббийлигидан кетади. Агар Тошевдан кейин сизга терма жамоа мураббийлигини таклиф қилишса, қабул қиласизми?
- Сиз бу саволни менга берган биринчи одам эмассиз. Менинг режаларим бироз бошқачароқ. Боз устига, терма жамоа бош мураббийи бошқа ишга чалғимаслиги ва бор эътиборини фақат терма жамоага қаратиши лозим. У клуб билан бирга терма жамоада ҳам фаолият олиб бориши керак эмас. "Истиқлол" билан шартномам бор. Бир вақтда иккита стулда ўтириш жуда қийин. Эмоционал нуқтаи-назардан ҳам чарчайсиз. Шу сабаб терма жамоада ишлайдиган мураббий эркин бўлиши керак, мени клуб билан шартномам бор ва мен уни бажаряпман. Ҳозирда бор эътиборимни клубдаги ишимга қаратганман ва ниманидир ўзгартириш ниятим йўқ. Менда бошқа режалар бор.
- Ўзбек ва тожик футболидаги инфраструктура ҳақида фикрингиз?
- Ўзбек футболида ҳозирги инфраструктура Собиқ совет давридан қолган. Ўзбек клублари ўз стадионларига, ўз базаларига ва ўз машғулот майдонларига эга бўлиб келишган. Футболда ўзбек ҳудуди бор эди. Йиллар ўтиши билан сизларда прогресс биздан кўра анча яхшироқ кетаётганини кўриш мумкин. Масалан, сизларда Суперлига клублари ўз стадионига, базасига, машғулот майдонига, тикланиш учун шароитга, ўйинчиларнинг нормал овқатданиши учун шароитларга эга. Футболчилар учун идеал шароитлар яратиб берилган.
Сизда яқинда қабул қилинган янги қарорга кўра сифатли майдонга ва жаҳон талабларига жавоб берадиган ёритиш тизимига эга бўлмаган клуб чемпионатда иштирок эта олмайди. Бу тўғри қарор. Чунки, футбол ривожланиши инфраструктурадан бошланади. Инфраструктура ва ривожланиш жиҳатидан Ўзбекистон Тожикистондан бироз олдинда. Қўшимчасига, ҳар бир ўзбек клуби ўз академияси ва футбол мактабларига эга. Масалан: "Насаф". Улар четдан деярли ўйинчи сотиб олишмайди. Ўз академияларидан тайёр ўйинчиларни асосий жамоага олиб ўтишади ва уларга ўйин амалиёти беришади. Бунинг эвазига ёш футболчиларда ишонч пайдо бўлади, улар ўсади ва клуб ҳар йили ўз тарбияланувчиларини сотади. Бу катта потенциал.
Биз ҳам ривожланяпмиз, лекин биз учун етарли тезликда эмас. Эҳтимол, иқтисодий саволлар сабаб Тожикистонда футбол инфраструктураси юқори темпда ривожланмаётгандир. Шунга қарамай, раҳбариятимизда футболни ривожлантириш учун ўз режалари бор. Улар ўзларига боғлиқ бўлган ҳамма нарсани қилишларига ишонаман.
- Яқин орада "Истиқлол" академиясини очиш режаси борми?
- Насиб, насиб. Чунки, ҳар бир буюк бўлишни хоҳлаган клубда, ҳар бир етакчи клубда ўз академияси, инфраструктураси, аёллар жамоаси, футзал жамоаси бўлиши керак. Бу ҳаммаси вақт масаласи. Бу ерда ҳаммаси хоҳлагандек тез амалга ошмайди. Лекин, бу нарса режада бор.
- Сиз ўзбек футболини ҳам диққат билан кузатар экансиз. Биздан қайси ёш ўйинчиларни эътироф этган бўлардингиз?
- "Насаф"ни деярли бутун таркиби ёш ўйинчилардан иборат. Бундан ташқари, Суперлигангиздаги ҳар бир клубда ўзининг ёш футболчилари бор. Охирги вақтларда эътиборимни тортган ёшлардан "Бунёдкор" аъзоси Иброҳим Ибрагимов. Биз уни "Истиқлол"га олиб келмоқчи ҳам бўлгандик. "Металлург" ҳам шу йигитни олиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилди. Ибрагимов потециали юқори бўлган ёш иқтидор. "Пахтакор"да ёш марказий ҳимоячи Марлен Чобанов бор. Мен кўплаб иқтидорларни санашим мумкин. Ўйлашимча, Ўзбекистонда ёш иқтидорли ўйинчилар танлови билан боғлиқ муаммолар йўқ.
Бундан ташқари, сизларда фақат ёш футболчилардан ташкил топган ва биринчи лига (Про лига)да ҳаракат қиладиган "Олимпик" жамоаси бор. Бу жамоани Тимур Кападзе бошқармоқда. Бу жамоада терма жамоага номзодлар бор ва улар айнан шу жамоада ўйин амалиётига эга бўлишмоқда. Бу жуда яхши. Кўряпсизми, менда ўзбек футболи ҳақида қанча маълумот бор (кулади).
Толибжон Қосимов суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди
Сирдарёда ЙТҲ содир этган ҳайдовчидан пул олган ЙПХ ходими қамалди