18:37 / 27.08.2021
2 421

Сречко Катанец Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи сифатидаги илк матбуот анжумани бўлиб ўтди

Сречко Катанец Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи сифатидаги илк матбуот анжумани бўлиб ўтди
Бугун словениялик мураббий Сречко Катанец иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"Ўзбек футболининг асосий жонкуярларига алангали салом. Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийини тайинлаш учун жуда кўп изланиш олиб бордик. Мураббийлар ва фахрийлар кенгаши 30дан ортиқ мураббийни кўриб чиқдик. Улар орасида катта мураббийлар ҳам бор эди. Аммо мураббийлар кенгаши бизга аниқ критерияни айтиб ўтди: терма жамоада ишлаш бўйича тажрибаси бўлиши ва Европа футболини яхши билиши. Яна бир критерия Ўзбекистонда ишлашга хоҳиши ва исташи. Юртимизга келгач шу мамлакат "фарзанди"га айланиб кетиши керак.

Бош мураббий доимий равишда Ўзбекистонда яшаши ва барча лигаларимиз ўйинларини кузатиб уни таҳлил қилиши керак. Бу асосий талаблардан бири. Футболга замонавий ёндашиши ва технологиялардан фойдаланишни билиши ҳам керак. Мураббийнинг характери ҳам муҳим аҳамият касб этарди. Чет тилларини ҳам билиши керак эди. Ёши жиҳатидан ҳам ўртача бўлиши керак. Инсоннинг ишлашга бўлган лоқайдлиги ҳам инобатга олинди. Моддий томонни ҳам ҳисобга олдик. Мураббийнинг ўз штаби бўлиши, у штабда тажрибали мутахассислар бор ёки йўқлигига ҳам эътибор қилдик.

Мана шу критерияларга мос 4-5 нафар мураббийлар қолди. Улар орасидан словениялик Сречко Катанецни танладик. У юртимизга келиб дарҳол стадионларга бориб кўрди ва ҳатто машғулотларга ҳам борди
", - деди Равшан Эрматов.

"Барчага хайрли кун. Мен ва мураббийлар штабим билан шу ерда эканимдан хурсандман. ЎФА раҳбариятига ишонч учун раҳмат айтмоқчиман. Видеоролик учун раҳмат айтаман, кўп нарса ёдимдан чиққан экан. Футбол бир жойда турмайди. Албатта бизнинг мақсадимиз Жаҳон чемпионатига чиқиш, аммо унгача қиладиган ишларимиз кўп. Ёш ва қувватга тўла жамоа тузишимиз керак. Матбуот вакилларининг ҳам ёрдами керак бўлади. Жамоа ютганида ҳам, ютқазганида ҳам қўллаб қувватлашингизни сўраб қоламан", - деди Сречко Катанец.

- Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи бўлганингиз билан табриклайман. Сиздан олдинги мураббийлар йўл қўйган қайси хатоларни айта оласиз?
- Биз атиги 1 ҳафта олдин Ўзбекистонга келдик. Олдимизда турган асосий вазифа Жаҳон чемпионатига чиқиш. Кўплаб ёши катта футболчилар терма жамоадан кетди, уларнининг ўрнини ёшлар билан тўлдириш керак. Олдинги мураббийлар ҳақида гапира олмайман. Сизлар яхшироқ биласизлар. Терма жамоада мен деган нарса йўқ, терма жамоада биз деган нарса бор!

- Сизнинг фалсафангиз қандай: мавжуд футболчилардан тактика тузасизми ёки ўз тактикангизга футболчиларни мослайсизми?
- Иккаласи ҳам. Қайсидир жойда ундай, қайсидир жойда бундай. Футболчиларни кўпини кўрдим, улар тактикамизга мос тушишади. Юқори даражадаги футболчилар исталган тактикага мослашиши керак. Замонавий футбол шундай, рақиб кучлироқ бўлса унга мослашиши шарт.

- Шартнома 2025 йилгача тузилди. Олдинда Осиё Кубоги ҳам бор. Агар Осиё Кубогида муваффақиятсиз иштирок этилса жараён қандай кечади?
- Футбол шунақа нарса эртага нима бўлишини билмайсиз, аммо мен ҳатто ўртоқлик ўйинида ҳам ғалаба қозонишни истайман. Жамоа ҳам шундай бўлишини хоҳлайман. Албатта Осиё Кубогида ҳам яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Агар ёмон қатнашсак нима бўлишини раҳбарият ҳал қилади, мен эмас.

- Бир қатор клубларимизнинг ўйинларини стадиондан кузатдингиз. Қайси жамоа ўйини сизда яхши таассурот қолдирди?
- Жуда шошилаяпмиз, биз ҳали кўп ўйин кўрмадик. Масалан бир футболчи битта ўйинда яхши ўйнаши мумкин, кейингисида ёмон ўйнаши мумкин. "Пахтакор" чемпион жамоа ва кўплаб футболчилар айнан шу клубдан таклиф этилади. Жуда муҳим позицияларда кучли легионер бор экан.

- ЎФАдан таклиф бўлганидан кейин терма жамоамизни ўргандингизми? Охирги ўйинларини кўрдингизми? Футболчиларимизнинг ҳолати билан танишдингизми? У ерга бориб нима бера оламан деб ўйладингизми?
- Албатта! ЎФАдан таклиф тушганида жуда кўп таҳлил қилдим. Агар жамоа мураббийни алмаштираётган бўлса демак нимадир яхши кетмаётган бўлади. Ўзбекистон терма жамоаси деганда хаёлимга яхши савиядаги футболчилар келади. Энди мана шу футболчилар бир жамоага айланиши керак. Италия, масалан Европа чемпионатида қандай ўйнаганини кўрдингиз, керак пайтда ҳимояланди, керак пайтда ҳужумга ўтди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини ҳам кўтариш керак.

- Катанец олдига аниқ вазифа қўйилдими? Ёки Осиё Кубоги ЖЧ йўлида қурбон қилинадими?
Равшан Эрматов: - Йўқ. Катанец олдига вазифа қўйилди - Жаҳон чемпионатига чиқиш. Ушбу вазифа бир неча босқичда бажарилади. Осиё Кубогидек катта мусобақа қурбон қилинмайди. Катанец ҳам айтиб ўтди ҳар бир машғулотда ғолиб бўлишни истайман деб. Демак биз ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз.

- Сентябрь ойидаги йиғин ҳақида гапириб беринг.
- Терма жамоа йиғини эртадан бошланади. Футболчилар рўйхатини шакллантиришда бу сафар ЎФА вакиллари ёрдамидан фойдаландик. Сабаби ўзим яқинда келдим ва футболчиларни билмасдим. ФИФА кунлари одатда жуда кам бўлади. Шомуродов тўғри Швецияга учиб боради. Режамизда январь ойида терма жамоа йиғинини ташкил этиш бор.

- Ироқ чемпионати ва Ўзбекистон чемпионатини таққослай оласизми?
- Илтимос олдинги иш жойим ҳақида савол берманг. Ироқ мен учун тарихга айланди. Ўзбек футболи ҳақида савол беришингиз мумкин. Энг муҳим нарса клублар билан алоқамиз яхши бўлиши керак. Чунки футболчилар кўп вақтини клубда олиб боради. Масалан, "Пахтакор" ёки бошқа ўзбек клуби ОЧЛни ютса ажойиб бўларди. Шунда яхши савиядаги футболчилар кўпаяди.

- Эктор Купер ишлаганида кўп янги нарсаларни олиб келди футболимизга. Аммо кўплаб танқид тошлари остида қолиб кетди. Сабаби у футбол оммаси билан иши бўлмади. Сиз бунга қандай қарайсиз?
- Ҳаммамиз бир хил инсонлармиз. Албатта ўзбек футболи жамоатчилиги муҳим, балки энг муҳимидир. Футбол муҳитини айнан сизлар яратасизлар. Ютамизми ёки ютқазамизми сизлар танқид қилишга ҳақлисизлар. Агар нимадир ўхшамаса буни тўғри қабул қиламан. Аммо ҳар доим сизлар билан биргаликда йўл топиб ишлашга умид қиламан. Мақсадимиз ҳар бир баҳсда ғалаба қозониш!

Ижтимоий тармоқларда фейсбук ёки инстаграмда умуман саҳифаларим йўқ. Чунки бунинг учун вақтим ҳам йўқ. ОАВ учун доим очиқман ва доим бирга ишлашга тайёрман. Кейин яна бир илтимосим бор, савол бераётганда бир футболчи ҳақида савол берманглар. Чунки бу терма жамоа.

- Ўзбекистон терма жамоасининг камчиликларини йўқотиш учун қайси терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинларини ўтказишни истардингиз?
- Кучли терма жамоаларга қарши ўйнашни истайман. 5 сентябрь куни Швециядек кучли жамоа билан ўйнаймиз. Фақат кучли эмас, ўзимизга мос жамоалар билан ҳам ўйинлар ўтказамиз. Бу ёш футболчиларимизнинг ўсиши учун ёрдам беради.

- Терма жамоа штабига маҳаллий мураббийни ҳам кўрамизми ёки йўқ?
- Биринчи ойларда албатта консультант керак бўлади. Кейинчалик ўзимиз давом эттирамиз. Биринчи навбатда менга яхши таржимон керак бўлади. Бирга яшаши ва хафа бўлсам хафа бўлиши лозим. Шундан кейин футболчилар билан битта тилда - футбол тилида гаплашамиз.

- Терма жамоани тузишда таниш билишчиликларга йўл қўйилади деган гап сўзлар бор. Агар сиз шундай ҳолатга тушсангиз қандай курашасиз?
- Бундай ҳолатларга умуман йўл қўйилмайди. Бошқа жамоаларда шундай вазиятлар бўлган, аммо бунга йўл қўймаганман. Қандайдир босим остида таркиб шакллантириш керак бўлса уни таркибга қўшмайман. Словения мамлакати президенти ўйинимизга келганида фақат томоша қилган ва таркиб тузишга аралашмаган.

- Ўзбекистон терма жамоасидаги маошингиз қанча?
- (кулади) Бу муҳим эмас деб ўйлайман.

- Европалик мураббийларни Осиёга катта пуллар бошлаб келади. Аммо Катанецнинг ўз бизнеслари бор ва пул учун Ўзбекистонга келмагани аниқ. Бу ердаги мотивациянгиз айнан нима?
- Мақсадим терма жамоа билан ғалаба қозониш. Бизнес ҳақида ўйламайман. Футбол менинг ҳаётим, уни яхши кўраман.

- Сиз фақат миллий терма жамоада ишлайсизми ёки турли ёшдаги терма жамоаларга ҳам ўз услубингизни олиб кирасизми?
- Мен доим турли ёшдаги мураббийлар учун очиқман, улар билан ҳамкорликда ишлашимиз керак. Сабаби ёш терма жамоалар келажакда айнан миллий терма жамоага футболчи етказиб беради.

- Сиз Словения терма жамоасини илк бор Жаҳон чемпионатига олиб чиққансиз. Энди Ўзбекистон терма жамоани ҳам ЖЧга олиб чиқишга ҳаракат қиласиз. Жаҳон чемпионатига чиққанидан кейин ўша мамлакатда футбол ривожланади деб айта оласизми?
- Албатта, сабаби ўша давлатда нафақат терма жамоа, балки клублар ҳам ривожланади. Шунда умумий футбол ҳам ўсади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанец Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи сифатидаги илк матбуот анжумани бўлиб ўтди