date

Гвардиола таркибдаги навбатдаги ўзгаришни бошлашга тайёр...

Гвардиола таркибдаги навбатдаги ўзгаришни бошлашга тайёр...

“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоада бошланган авлодлар алмашинувини давом эттириш ниятида. Унинг сўзларига кўра, бу жараён йил бошида ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг келиши билан янги босқичга кўтарилган ва ҳозирда клуб тузилишида яна бир неча муҳим ўзгаришлар кутилмоқда.

Яқинлашиб келаётган қишки трансферлар ойнасида “шаҳарликлар” таркибида катта ротациялар бўлиши кутилмоқда. Ишончли манбаларнинг таъкидлашича, жамоани тарк этадиганлар рўйхатининг юқори қисмида тажрибали ярим ҳимоячи Матео Ковачич номи бор.

Хосеп Гвардиола футболчига январда бошқа клуб топишни тавсия этгани айтилмоқда. Бу қарор ортида жамоани ёшлаштириш ва тезлик ҳамда универсалликни устувор йўналишга айлантириш мақсади ётиши мумкин.

Англия матбуоти ёзганидек, Ковачичга “Астон Вилла” ва “Вест Хэм” жамоалари қизиқиш билдирган. Улар 31 ёшли футболчининг тажрибаси ва майдондаги барқарорлиги орқали ярим ҳимояни кучайтиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек, Италиянинг катта клубларидан бири — “Милан” ҳам собиқ “Реал” ва “Челси” футболчисини рўйхатига киритгани хабар қилинди. Қизиғи шундаки, Ковачични Италияга кўчиб ўтишга кўндириш вазифаси унинг терма жамоадаги ҳамюрти ва дўсти Лука Модрич зиммасига юклатилган.

Матео Ковачич профессионал фаолиятини “Динамо Загреб” сафида бошлаган. Кейинчалик у “Интер”, “Реал” ва “Челси” каби катта клубларда тўп сурди. 2023 йили эса “Манчестер Сити”га келиб қўшилди.

Айни пайтда у трансфер бозорида тахминан 20 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. Футболчининг “шаҳарликлар” билан тузилган амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнигача амал қилади.

Гвардиоланинг бу қарори “Сити”нинг келажакдаги йўналиши аниқ эканини кўрсатмоқда: ёш, ҳаракатчан ва универсал таркиб — клубнинг асосий устуворлиги бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола таркибдаги навбатдаги ўзгаришни бошлашга тайёр...