09:00 / 01.11.2021
1 857

Рўзиқул Бердиев: "Бир қадам қолди, жамоамга ишончим бор"

Рўзиқул Бердиев: "Бир қадам қолди, жамоамга ишончим бор"
Ўзбек клубларининг Осиё майдонларида муваффақият қозониши футболимиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда бизда бундай имконият бор.

Биласиз, “Насаф” клуби 5 ноябрь куни Баҳрайнда “Ал-Муҳаррақ” жамоасига қарши майдонга тушади. Ҳаммамизни эътиборимиз бўлажак ўйинга қаратилган. “Насаф” эса Манамадаги учрашувга жиддий тайёргарлик кўряпти.

Бу жамоа ўз тарихида иккинчи бор ОФК Кубогини ютиш учун яхши имкониятга эга бўлиб турибди. Мазкур финал олдидан “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- 2011 йили ОФК Кубогини ютган “Насаф” орадан 10 йил ўтиб, яна финалга чиққани бу тақдир ҳазилими? Бунга муносабатингиз қандай?
- Тарих такрорланаётганидан жуда хурсандмиз. Яна бир хурсанд қилаётгани шуки, ўзим ҳақимда гапирсам, ўшанда ёрдамчи мураббий эдим. Анатолий Демьяненкога яқиндан кўмаклашардим. Ҳозир қўл остимдаги йигитлар билан финалга йўл олдик. Охирги йилларда жамоамиз ўз имкониятидан келиб чиқиб, тарбияланувчиларига эътиборни тўғри йўналишда олиб борганининг меваси деб биламан. У таркиб билан ҳозирги таркибни катта фарқи бор.

Биринчидан, ўша йилги таркибда ҳатто, иккита таркибдан ҳам кўпроқ ўйинчилар бор эди, ҳаммаси тажрибали футболчилар эди. У пайтда ёш ўйинчилар деярли кам эди. Бугунги жамоамизга келсак, Ўзбекистон миқёсида оладиган бўлсак ёшроқ жамоа ҳисобланамиз. Шунинг учун бундан икки ҳисса хурсандмиз. Футболимиз юзини кичикроқ мусобақада бўлса ҳам кўрсатиб беряпмиз. Бундан ташқари, ёш жамоамиз тажриба орттиряпти. Қолаверса, юртимиз футболига озми-кўпми, ғалабалар керак. Ўйлайманки, бундай юришимиздан Ўзбекистондаги мухлислар хурсанд бўлишяпти.

Бир қадам қолди ва биз охиригача курашамиз. Балки бу сафар ўйини бўлгани учун сал қийинроқ ўтиши мумкин. Аммо жамоамга ишончим бор. Халқимизни хурсанд қилиш учун бор кучимиз ва имкониятимизни ишга соламиз. Яна шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, 10 йил аввал ОФК Кубогини ютишимизда марҳум Мираброр Усмонов ҳам катта ташаббус кўрсатганди. Қолаверса, ўша пайтдаги вилоят ҳокими марҳум Нуриддин Зайниевнинг ҳам ҳиссаси катта бўлган. Умуман, клуб раҳбарияти ҳам қўллаб-қувватлаган.

- “Насаф”нинг финалга қадар босиб ўтган йўлига қарасак, дастлаб гуруҳда Марказий Осиё клубларини катта қийинчиликсиз енгиб ўтди. Кейинги босқичларда ўз майдонида ўйнаб ғалабалар қозонди. “Насаф”ни энди ўзингиз айтганингиздек, меҳмондаги учрашув кутяпти. Жамоа ОФК Кубогини ўз уйида ўтказиб ўрганиб қолмадими?

- Жамоам анча ўсишга эришди. Албатта, кўп клублар билан ўз уйимизда ўйнадик. Қаердадир қоқилишимиз мумкин эди, руҳий ёки жисмоний тайёргарлик тарафидан. Лекин бу нарсага йўл қўймадик. Бу нимадан далолат? Жамоамнинг барқарор ўйнаётганидан ва руҳий тарафдан ҳам анча ўсганини кўрса бўлади. Чунки ёш таркиб билан қаердадир ёмон ўйнаб ютқазиб қўйиш ҳеч гап эмасди. Худога шукр, бу ҳолат юз бермади. Тожикистондаги гуруҳ босқичи ҳам осон бўлмасди. Туркманистонни яхши жамоаси бор эди. Тожикистон клуби эса ўз майдонида ўйнаётганди. Бироз хатоларга йўл қўйганимизда балки ҳозир финалга етиб келмаган бўлардик. Шунингдек, ўз майдонимиздаги учрашувларни яхши ташкил қилмаганимизда ёки руҳий тарафдан тайёргарлигимиз саёз бўлганида қаердадир қоқилишимиз мумкин эди. Тактика тарафдан ҳам анча ўсишга эришдик. Ўйлайманки, ўсишда давом этамиз. Битта ўйин учун бор кучимиз ва стратегиямизни ўйлаб топиб, ижобий натижа учун курашамиз.

- “Насаф”нинг ОФК Кубогидаги ўйинларини таҳлил қиляпмиз. Агар ўтказиб юборган голларига қарасак, бу рақибнинг тажовузкорлиги, кучлилигидан эмас, балки жамоангизнинг ўзига-ўзи хато қилганидан кейин голлар ўтказиб юборилганига гувоҳ бўлдик. “Насаф”нинг бу мусобақада рақибларидан устун эканлиги кўриняпти. Энди шундай хулоса пайдо бўляпти: “Насаф”нинг даражаси Осиё Чемпионлар лигасига мосми ёки ОФК Кубогининг савияси пасайганми?

- Йўқ, ОФК Кубогининг савияси тушган демаган бўлардим. 10 йил олдин ҳам ўзим бунга гувоҳ бўлганман. Унинг савияси ва даражасини яхши биламан. Ундан аввал Виктор Кумиков билан бирга ишлаганимизда ҳам ўша мусобақада қатнашгандик. Кейин Анатолий Демьяненко билан иштирок этдик. Жамоалар кучсизланди деб ўйламайман. Ўшанда Таиланд жамоаси билан ўйнаганимизда ҳам анча қийналгандик. Пенальтилар сериясида ютганмиз. Яқинда Гонконг жамоаси билан ўйнадик. Кўпчилик кучсиз дейишди-ю, лекин амалда улар кучлилигини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Бу мусобақада кучсиз клуб нима учун бўлмайди?

Чунки ОФК Кубогида ҳам ҳар бир мамлакатнинг энг етакчи жамоалари қатнашади. Шундай экан, ҳар бир давлатнинг энг яхши клуби кучсиз бўлмайди. Албатта, Осиё Чемпионлар лигасининг даражаси анча юқори. Агар биз ўсишда давом этсак, жамоамизни сақлаб қолиб, ўйинимизни янада яхшироқ ташкил қилиб борсак, менимча, ўша даражага ҳам чиқишимиз мумкин. Хатоларимиз тўғрисида айтдингиз, бу ҳар бир жамоада учраб туради. Аммо охирги ўйиндаги хатоимиз анча қимматга тушиши мумкин эди. Лекин бу ҳол биринчи марта такрорланмаяпти.

Бизда тез-тез учраб турибди. Афсуски, йигитларга хатоларга йўл қўймаслик ҳақида айтганим билан барибир такрорланиб турибди. Менимча, бироз руҳият билан боғлиқ бўлса керак. Ўша ярим финалнинг танаффус пайтида ҳам йигитларга аниқ кўрсатмалар бергандим, олдинги ўйинларни мисоллар билан айтгандим. Барибир яна бироз бўшашишга йўл қўйдик. Асосийси, яна ўзимизда куч топа олдик. Ўйинга қайтдик ва ғалаба қозондик.

- “Ли Ман” сафида “Насаф”га анча муаммоларни туғдирган легионер футболчи Гилни жамоангиз сафида кўришни хоҳлаган бўлармидингиз?
- Тажрибали ўйинчилар бизга ҳам асқотарди. У Гонконгнинг энг бой клубида ўйнаяпти. Уларни талаблари жуда юқори бўлса, биз бажара олмаймиз. Аммо ўйин томонидан олиб қарасак, бизга анча ёрдами тегарди. Уни ҳужум чизиғида анча сермаҳсуллиги бор. Гил менга жамоавий ўйинга ҳам тез киришиб кетадигандек кўринди.

- Шунингдек, 10 йил олдинги ғалабада Демьяненкони Демьяненко қилган бу Рўзиқул Бердиев бўлган, деган гапларни ҳам эшитганман. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- Йўқ, менимча бу гап ноўрин. Чунки Демьяненконинг салоҳияти ҳам, ҳурмати ҳам ҳар қандай жамоани бошқаришга етади. Лекин унга ёрдамимиз кўп текканини ўзи ҳам менга айтарди. Биринчи келганида ўзбек футболчиларини яхши билмайман, сен селекция ишларида яхши қатнашишинг керак, менга 20 га яқин футболчилар рўйхатини кўрсатишинг керак, деб айтганди. Ўшанда унга яқиндан ёрдам бергандим. Маҳаллий ўйинчиларнинг барчасини ўзим таклиф қилгандим. Масалан, Геворкянни “Насаф”га ўтиши учун “Пахтакор” билан музокараларни ўзим олиб боргандим. Тўғри, жамоани ўйинга тайёрлаш ва таркиб танлашда биз билан ҳам маслаҳатлашарди. Барибир охирги таркибни ўзи танларди. Демьяненко менга яқиндан ёрдам бердинг дея ўзи ҳам айтарди. Машғулотларда ҳам ўз ташаббусимизни кўрсатиб турардик. Лекин Анатолий Демьяненко асосий ролда барчасини ўзи ҳал қиларди.

- “Насаф”нинг финалга чиққани учун камида 750 минг АҚШ долларини клуб ҳисобида бор деб турамиз. Агар жамоангиз финалда ютса, раҳбарият тарафидан қандай бонуслар берилиши бизни қизиқтиряпти...
- Турнирда қатнашишимизни бошлаганимизда клубнинг молиявий томондан қанча миқдорда пул ишлашимизни билардик. Лекин биз йигитлар билан гаплашиб олганмиз ва мусобақада ютиш учун бор куч ҳамда эътиборимизни қаратганмиз. Қанча бонус оламиз ва бизга қанча тегиши хусусида муҳокама қилмаганмиз. Аммо раҳбарият ва ҳокимият тарафидан яхши мотивация бериляпти. Ўйлайманки, футболчилар меҳнатига яраша рағбатлантирилади. Чунки раҳбариятни ҳам, ҳокимиятни ҳам эътибори анча жиддий. Яна бир асосий масала бу келаси йил учун ОЧЛга квота олишдир. Пул ёки бошқасидан ҳам кўра, квоталаримизнинг ошиши футболимиз учун жуда муҳим.

- “Ал-Муҳаррақ”ни ҳам ўрганяпсиз, фикрингиз қандай?
- Албатта. Уларнинг ярим финалдаги ўйинини кўрдим. У ерда ҳам иккита иорданиялик бор. Кейин марокашлик ҳимоячи ҳам тўп суради. Ҳужумчиси ҳам хорижлик ва нигериялик футболчисини ҳам кўрдик. Ҳар бир чизиқда легионерлар тўп суради. Маҳаллий ўйинчиларнинг кўпчилиги терма жамоа аъзолари. Рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини йигитларга етказамиз.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Бир қадам қолди, жамоамга ишончим бор"