Олимлар: Интернет ва ноутбуклар ўқишга салбий таъсир кўрсатади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Олимлар: Интернет ва ноутбуклар ўқишга салбий таъсир кўрсатади

Технология 18-12-2016, 15:49 323
Олимлар: Интернет ва ноутбуклар ўқишга салбий таъсир кўрсатади

Интернетга кириш имкони мавжуд бўлган компьютерлар Америка университетларидаги талабаларнинг ўқишига салбий таъсир кўрсатиши маълум бўлди. Бу борада ўтказилган тажрибада ҳатто энг ақлли талабалар ҳам ёмон натижа кўрсатишди. Psychological Science журналида чоп этилган мақолада шу ҳақида сўз юритилди.

Мичиган штати университетида фаолият юритувчи Сьюзан Равицца ва унинг ҳамкасблари мақола муаллифлари ўтказган психология курсларига қатнаган юзлаб талабаларнинг ўқишини кузатиб, ана шундай хулосага келишди. Олимларнинг таъкидлашича, талабалар тажрибада иштирок этишга ўзлари розилик беришган ва уларнинг онлайн-фаолликлари назорат остида бўлишини билишган.

Олимлар талабаларнинг бир қисмига компьютер ва тармоқлардан фойдаланишга рухсат беришган. Бошқалари эса вақтинчалик бундай имкониятдан маҳрум қилинган. Баъзи иштирокчилар эса фақат билим олиш мақсадида интернетдан фойдаланган.

15 маърузадан иборат курс охирида Равицца талабалар орасида блиц-тест ўтказган. Ушбу тажриба натижалари кутилганидек бўлиб чиққан — якуний назорат ишида компьютердан фойдаланиш имконига эга бўлган талабалар бундай имкондан маҳрум бўлган талабаларга қараганда ёмон баҳо олишган.

Шуниси қизиқ-ки, ноутбуклардан билим олиш мақсадида фойдаланиш талабаларга ҳеч қандай ёрдам бермаган — уларнинг натижаси «компьютерли» гуруҳ натижаси билан деярли бир хил бўлган. Олимнинг сўзларига кўра, маърузани қўлда ёзиш талабаларни бошқа нарсага чалғимасдан, маълумотларни яхши эслаб қолишга ёрдам берган.

Манба: Kun.uz


Zamin.uz нинг Youtube’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.