Microsoft Ўзбекистонда киберқароқчилик даражасининг юқорилигини маълум қилди

  • Технология
  • 9-01-2015, 17:42
  • 1 208
  • Microsoft Ўзбекистонда киберқароқчилик даражасининг юқорилигини маълум қилди

    Microsoft компаниясининг Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонда бизнесни ривожлантириш бўйича бош директори Алексей Трубинов компаниянинг Ўзбекистон бозоридаги режаларини маълум қилди. Бу ҳақда ICTNEWS'га асосланиб Daryo нашри хабар бермоқда.

    Унинг сўзларига кўра, компания 2015 йилда Ўзбекистонда қатор тадбирларни ўтказишни режалаштирмоқда. Жумладан Imagine Cup тренинглари ярим финали ва финалини ўтказиш учун Ўзбекистондаги йирик университетлардан бири танланиши қайд этилган.

    Трубиновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон дастурий таъминот бозорида «қароқчилик» дастурлари улуши 85−90 фоизни ташкил этади. Ноқонуний дастурларга қарши курашда давлат органларининг фаол қатнашаётганини эътироф этган Microsoft вакили бу борада компания ҳам тегишли тавсияларни беришга тайёрлигини билдирган.

    Microsoft’нинг баъзи хизматлари, жумладан Xbox тизими учун иловалар Ўзбекистонда мавжуд эмаслиги ҳам айнан киберқароқчилик даражасининг юқорилиги билан изоҳланган. Компания вакили ноқонуний равишда тарқатилишини билган ҳолда дастурий таъминотни етказиб бериш ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайд этган.

    Фото: Getty Images / daryo