
Ўзбекистон омборхона мулклари ва логистика соҳасида жадал ривожланмоқда ҳамда Евроосиё логистика бозорининг муҳим иштирокчисига айланмоқда. Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) маълумотларига кўра, 2025 йилга келиб мамлакатдаги омборхоналарнинг умумий майдони 600 минг квадрат метрга етади.
2021 йилдан бошлаб ушбу кўрсаткич қурилиш суръатини ҳисобга олганда барқарор ўсишда давом этмоқда. Россия, Беларусь ва Қозоғистон билан биргаликда Ўзбекистон минтақанинг янги логистика тизимининг асосини шакллантирмоқда, дейилади ҳисоботда.
Мутаxассислар тахминига кўра, 2040 йилга бориб омборхона майдонларига бўлган талаб деярли икки баробар ошиб, 120 миллион квадрат метрдан ортиқни ташкил қилиши мумкин. Халқаро савдо ҳажми 2023 йилда 1278 миллион тоннадан 2040 йилга келиб 1420-1809 миллион тоннагача ошиши кутилмоқда.
Бу эса Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Россиянинг шарқий ҳудудларида янги логистика марказлари ва омборхоналар қурилишини тақозо қилади. Интернет-савдонинг тез ривожланиши ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб, 2040 йилга келиб унинг чакана савдодаги улуши 20-25 фоизни ташкил қилиши мумкин.
Бу эса буюртмаларни бажариш марказлари, шаҳар омборхоналари ва логистика тизимининг автоматлаштирилишини ривожлантиришни рағбатлантиради. ЕТБ прогнозларига кўра, 2040 йилга келиб омборхоналарга бўлган талаб 2025 йил бошидаги 58 миллион квадрат метрдан 101-123 миллион квадрат метргача ошади.
Ушбу ўсишнинг асосий сабаблари сифатида интернет-савдо, чакана сектор, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, транзит ташувлар ва аутсорсинг асосидаги логистика кўрсатилмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.