date

Ноҳақ жарималар учун амалдорлар жавобгарликка тортилади

Ноҳақ жарималар учун амалдорлар жавобгарликка тортилади
Ўзбекистонда тадбиркорларга ноҳақ жарима солган амалдорларни жавобгарликка тортиш таклиф қилинмоқда. Бизнес-омбудсман жамоатчилик муҳокамаси учун қонун лойиҳасини эълон қилди.

Мазкур идора маълумотларига кўра, айрим давлат органлари ишида тадбиркорларга нисбатан асоссиз жарима қўллаш ҳолатлари тез-тез учрайди. Ўтган йили тадбиркорлар бундай жарималарга қарши судга 6 370 та шикоят киритган.

Шикоятларнинг 5 280 таси суд томонидан қаноатлантирилган ва бекор қилинган жарималар миқдори қарийб 1,4 триллион сўмни ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи яримида эса 4 738 та шикоят рўйхатга олинган бўлиб, шундан 3 755 таси суд томонидан асосли деб топилган.

Бекор қилинган жарималар миқдори тахминан 3,1 триллион сўмни ташкил этган. Ҳозирги кунда ноҳақ жарима солган амалдорлар жавобгарликка торилмайди.

Шу сабабли улар тадбиркорларга жарима белгилашда ўзларига хавф туғдирмасдан иш олиб боришлари мумкин. Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «Тадбиркорларга ноҳақ жарима белгилаш» деб номланган 241-11-модда қўшиш таклиф қилинмоқда.

Суд жаримани ноқонуний деб топган тақдирда, амалдор 20-40 базавий ҳисоблаш миқдори (тахминан 8,24–16,48 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилади. Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 9 ноябрга қадар давом этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ноҳақ жарималар учун амалдорлар жавобгарликка тортилади