Қашқадарёда сув муаммосига сунъий музликлар орқали ечим топилди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Сарчашма маҳалласида сув танқислигини камайтиришга қаратилган замонавий ечим жорий этилди. Бу ерда инновацион технологиялар асосида сунъий музлик объектлари барпо қилинди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур лойиҳа совуқ фаслда сувни муз кўринишида жамлаб, баҳор ва ёз ойларида уни босқичма-босқич эритиш орқали суғориш ҳамда хўжалик эҳтиёжларига йўналтиришни назарда тутади.
Сунъий музликлар ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерларни тиклашга таъсирини баҳолаш» лойиҳаси доирасида молиялаштирилган.
Айни пайтда Сарчашма маҳалласида тўртта сунъий музлик устуни барпо этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири қиш мавсумида 450 куб метргача сув тўплаш имкониятига эга. Бу эса сув захирасини баҳор ва ёз давригача сақлаб қолишга хизмат қилади.
Ушбу технология қўшимча энергия талаб этмайди, экологик жиҳатдан хавфсиз ҳамда маҳаллий табиий шароитларга мос ҳисобланади. Келгусида бу тажрибани мамлакатимизнинг бошқа тоғли ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!