
Ноябрь ойи кузнинг сўнгги ойи саналади. Бу даврда иссиқ об-ҳаво ўз ўрнини салқинлик, шамоллар ва илк совуқларга бўшатиб беради.
Синоптиклар маълумотига кўра, ноябрь ойининг ўртача ҳарорати октябрга нисбатан 6–9 даража паст бўлади. Об-ҳаво ўзгарувчан бўлиб, кундузи қуёшли ва +20° бўлса, кечаси совуқ тушиб, ҳатто совуқ уриши мумкин.
Ўзбекистон тарихидаги энг совуқ ноябрь ойларида шимолда ҳарорат −31° гача, марказий ҳудудларда эса −20° атрофида қайд этилган. Аммо янги минг йилликда бундай совуқлар деярли кузатилмаган.
Сўнгги йиллардаги минимум ҳароратлар −10…−15° орасида бўлиб, энг совуқ ноябрь ойлар 2016 ва 2020 йилларга тўғри келган. 2023 йил ноябри эса кузатувлар тарихидаги энг илиқ ноябрь бўлган.
Ўшанда ўртача ҳарорат иқлимий нормадан 3–6 даражага юқори бўлган ва кўп ҳудудларда ҳаво ҳеч қачон нолдан пастга тушмаган. Қизиқарли томони шундаки, бошқа ойлар билан солиштирганда, сўнгги 25 йил ичида ноябрь Ўзбекистонда иссиқроқ эмас, балки совуқроқ бўлиб бормоқда.
Ноябрда ёмғир ва ҳўл қор ёғиши одатий ҳол. Тоғли ҳудудларда эса биринчи қор аллақачон ёғган бўлиб, 2 минг метр баландликда ой охирига келиб қор қалинлиги 40 см га етиши мумкин.
2011 йил ноябри кузатувлар тарихидаги энг нам ой бўлган. Ўшанда Тошкентда 167 мм ёғингарчилик қайд этилган (норма 51 мм бўлса-да), Термизда эса 148 мм ёғингарчилик кузатилган (норма 20 мм).
Баъзан эса аксинча ҳолатлар ҳам бўлган — бутун ой давомида ёғингарчилик миқдори бор-йўғи 1–30 фоизни ташкил қилган. Бу йил ноябрнинг бошланиши сокин бўлиши кутилмоқда: 1–2 ноябр кунлари бутун мамлакат бўйлаб ёғингарчилик кузатилмайди, кундузи ҳаво ҳарорати +15…+20° атрофида бўлади.
Аммо 3 ноябрдан бошлаб шимолдан салқин ва нам ҳаво оқими кириб келади. 3–5 ноябр кунлари, айниқса тоғолди ҳудудларида, ёмғир ва ҳўл қор ёғиши эҳтимоли бор.
4–7 ноябр кунлари эса ҳароратнинг кескин пасайиши кутилмоқда. Ойнинг иккинчи ярмида эса ҳарорат кескин ўзгарувчан бўлади.
Умуман олганда, 2025 йил ноябри иқлимий нормадан бироз совуқроқ бўлиши кутилмоқда: ўртача 1–1,5° паст. Ёғингарчилик кўп бўлмайди, асосан ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида 2–3 кун ёмғир ёғиши мумкин.
Ноябрь ойида об-ҳаво инжиқ: эрталаб совуқ, кундузи кузги илиқ об-ҳаво ҳукмрон, кечаси эса яна иссиқ кийимлар кийишга тўғри келади. Қисқача айтганда, ноябрда совуқни эътиборсиз қолдирмаслик керак.
Кундузи қуёшдан баҳраманд бўлиш мумкин, аммо кечқурунлар совуқ қишнинг илк таьмини ҳис этасиз.
Ноябрь об-ҳавоси: совуқ ва ёмғирли кунлар
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар