date

2026-йилдан дори нархлари 50% гача туширилади

2026-йилдан дори нархлари 50% гача туширилади
2026-йил 1-январдан бошлаб Ўзбекистонда 2,6 мингдан ортиқ рецепт бўйича бериладиган дори воситаларининг ўртача нархи 40-50 фоизга пасайтирилади. Президент Шавкат Мирзиёев фармацевтика соҳаси ва ноёб касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги лойиҳалар билан танишди.

Барча давлат харидлари farma.xarid.uz янги электрон платформаси орқали амалга оширилади. Бу тизим сифатсиз маҳсулотларни ва коррупция ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилади.

Тендерларда фақат GMP, ISO:13485 ва GDP халқаро сертификатларига эга компаниялар иштирок этиши мумкин бўлади. Давлат харидлари, сертификатланган ишлаб чиқарувчилар ва дистрибюторлар ҳақидаги маълумотлар очиқ кўринишда бўлади.

Тизим харид қилинадиган препаратлар нархи белгиланган референс даражасидан ошмаслигини автоматик равишда назорат қилади. Президентга 2026-2030-йилларга мўлжалланган, ноёб ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган тадбирлар дастури тақдим этилди.

Мазкур дастурга кўра, давлат ҳисобига даволаниши молиялаштириладиган касалликлар сони бештадан ўнтага етказилади, шунингдек, бепул даволаниш ёш чегараси 18 ёшдан 21 ёшгача узайтилиши белгиланди. 2026-2030-йиллар давомида дастур ижроси учун 961 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Президент тегишли қарорни имзолаб, дастур лойиҳасини тасдиқлади. Шунингдек, 2026-йил 1-январга қадар давлат тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва ускуналарга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олиш ҳамда уларнинг қолдиқларини бошқаришга қаратилган алоҳида платформа яратилади.

Президентга дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказишнинг янги тартиби ҳам тақдим этилди. Ушбу тартиб технология трансфери асосида ишлаб чиқарилган препаратларни тезкор рўйхатдан ўтказишни кўзда тутади, яъни хорижий компаниялар маҳсулотларини маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқаради.

Бундан ташқари, зарарланган тўқималар ва органларни тиклашга ёрдам берувчи биотехнологик ҳужайра препаратларини тиббий амалиётга жорий этиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Шавкат Мирзиёев таклиф этилган чора-тадбирларни маъқуллаб, 2025-йил охирига қадар 166 миллион доллар инвестиция миқдоридаги 32 та лойиҳа тўлиқ амалга оширилишини, 1,5 мингта янги иш ўрни яратилишини ва дори воситалари нархи туширилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2026-йилдан дори нархлари 50% гача туширилади