Исроил Эрон кескинлиги ортган пайтда урушга тайёргарликни кучайтирди

Исроил билан Эрон ўртасидаги таранглик кучайиб бораётган бир шароитда Исроил армияси эҳтимолий кескин сценарийларга тайёргарликни ошираётганини билдирди. Бу ҳақда Исроил Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Эял Замир юқори қўмондонлик таркиби иштирокидаги йиғилишда маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, армия бир вақтнинг ўзида бир неча йўналиш бўйича вазиятни ҳисоблаб чиқяпти ва турли эҳтимолларга “тайёр туриш” режимини кучайтирмоқда. Яъни гап фақат ҳимояда туришда эмас — зарурат туғилса, урушнинг турли жабҳаларида ҳужумкор операцияларни ўтказишга ҳам шай бўлиш кераклиги таъкидланган.
Шу билан бирга, Эял Замир 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан амалга оширилган кутилмаган ҳужумдан сабоқ чиқариш зарурлигини алоҳида урғулаган. Бу воқеа Исроил учун катта йўқотишлар ва хавфсизлик тизимида оғриқли саволларни қолдирган эди.
Ҳозирги баёнотлар фонида бир нарса равшан: минтақа яна “асаб устида” турибди. Бундай паллада ҳар икки томон ҳар бир сигнални жиддий қабул қилади — демак, кейинги ҳафталарда дипломатия ҳам, ҳарбий тайёргарлик ҳам параллел равишда кучайиши эҳтимоли юқори.