Ижтимоий реестрга кириш қоидалари тасдиқланди: ариза ва баҳолаш тартиби

Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан «Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Янги ҳужжат оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, уларни белгиланган тоифаларга ажратиш ва зарурат туғилганда реестрдан чиқаришнинг аниқ қоидаларини белгилаб берди.
Эндиликда реестрга кириш учун мурожаат қилишнинг бир нечта қулай йўли бор. Низомга кўра, ариза берувчи ўз оиласини реестрга киритиш мақсадида давлат хизматлари марказига ёки ваколатли органга шахсан бориб мурожаат қилиши мумкин. Шу билан бирга, ижтимоий ходим орқали ариза топшириш имконияти ҳам сақланиб қолади.
Бундан ташқари, фуқаролар замонавий рақамли каналлардан ҳам фойдаланиши мумкин: «ЯМИҲ» АТ, ЯИДХП ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали мустақил равишда ариза юборишга рухсат берилган. Яъни кимдир навбат кутишни ёқтирмаса, масалани телефон ёки онлайн тизим орқали ҳам ҳал қилиши мумкин.
Муҳим қоида: ҳар бир оила томонидан ариза топшириш бир ойда бир мартадан ошмаслиги керак. Бу талаб тизимни ортиқча такрорий мурожаатлардан ҳимоя қилади ва баҳолаш жараёнини тартибга солади.
Ариза келиб тушгач, дастлаб оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати бошланғич баҳолашдан ўтказилади. Агар ушбу босқичда ариза берувчининг оиласини “давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” деб топишни рад этиш учун асослар аниқланмаса, ариза кейинги босқичга ўтади: у ижтимоий ходимнинг шахсий кабинетига саволнома тўлдириш учун юборилади.
Саволнома ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан кейин ахборот модули орқали автоматик тарзда “маҳалла еттилиги”га йўналтирилади. Яъни қарор қабул қилишда маҳалланинг масъул тузилмаси ҳам иштирок этади.
“Маҳалла еттилиги” хулосаси тасдиқлангандан сўнг, «ЯМИҲ» АТ уч иш куни ичида оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини якуний баҳолашдан ўтказади. Демак, жараён “қоғозбозлик”ка кетиб қолмаслиги, маълум муддатларда якунига етиши кўзда тутилган.
Низомда даромадни ҳисоблаш тартиби ҳам очиқ-ойдин белгиланган. Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад қуйидагича аниқланади: охирги уч ой учун барча оила аъзоларининг даромадлари жамланади, сўнг оила таркибига киритиладиган аъзолар сонига ва 3 ойга бўлинади. Шу йўл билан бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад чиқарилади.
Реестрга киритиладиган оилалар тоифалар бўйича алоҳида ажратилади. Низомга кўра, оилалар:
- — “давлат таъминотидаги оила”,
- — “камбағал оила”,
- — “камбағаллик чегарасидаги оила”
деган тоифалардан бири сифатида реестрга киритилади.
Яна бир муҳим жиҳат: реестрга киритилганидан кейин ҳам маълум вақт ўтиши билан маълумотлар янгиланиб туриши шарт. Оилалар реестрга киритилган кундан бошлаб оила аъзолари иштирокида саволнома қайта тўлдирилади:
— “давлат таъминотидаги оила” тоифаси учун — ҳар 12 ойда,
— “камбағал оила” тоифаси учун — ҳар 6 ойда.
Қисқаси, янги низом Ижтимоий реестрга кириш масаласини аниқ қоидаларга солиб, мурожаат қилиш йўлларини кенгайтирди ва баҳолаш ҳамда тасдиқлаш жараёнларини босқичма-босқич белгилаб берди. Бу эса фуқаролар учун ҳам тушунарли, ҳам назорат қилиниши мумкин бўлган тизим шаклланяпти дегани.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!