
Ўзбекистонда йирик халқаро кўнгилочар лойиҳа — Disneyland мавзусидаги боғни қуриш режалари муҳокама қилинмоқда. Ушбу ташаббус мамлакат туризм салоҳиятини ошириш, минтақани янги даражадаги дам олиш масканига айлантириш мақсадини кўзламоқда. Лойиҳа амалга ошса, у нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам жозибали нуқтага айланиши кутилмоқда.
Мазкур масала Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда The Walt Disney компаниясининг вице-президенти Хайма Вашингтон ўртасида бўлиб ўтган учрашувда атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистонда Disney концепциясига мос маданий ва туристик инфратузилмани ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.
Шу билан бирга, мамлакатда халқаро компаниялар учун қулай шароитлар яратилган Cinema Park креатив боғини ташкил этиш режаси ҳам илгари сурилди. Ушбу майдон кино, анимация ва рақамли контент соҳаларида ишловчи ижодкорлар учун замонавий платформага айланиши мумкин.
Учрашувда Голливуд мутахассислари билан ҳамкорликда янги авлод аниматорлар, режиссёрлар ва сценарийнависларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу қадам маҳаллий кино ва анимация саноатини глобал бозорга олиб чиқиш учун муҳим пойдевор бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Disney’нинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонасини очиш, шунингдек, ўзбек тилида болалар учун мўлжалланган контент намойиш этувчи телеканални ишга тушириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Қисқаси, Disney билан боғлиқ режалар катта — агар бу ғоялар амалга ошса, Ўзбекистон учун бу ҳақиқий мультфильмдек ёрқин тарихий саҳифа бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.