
2025 йил Ўзбекистон учун кўплаб “биринчи марта”лар йили бўлди: миллий терма жамоа тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди, Тошкент эса глобал даражадаги поп-юлдузнинг мамлакатдаги илк катта концертига мезбонлик қилди. Йилнинг иккинчи ярмида Boeing билан йирик келишув ҳам имзоланди. Қуйида 2025 йилда энг кўп муҳокама қилинган воқеалар қисқача эсланади. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
5 июн куни Ўзбекистон футбол терма жамоаси БАА билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, гуруҳда иккинчи ўринни расман кафолатлади ва тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди. Ҳал қилувчи учрашув олдидан жамоада етарли очко захираси бор эди: уйда БАА устидан ғалаба қозонилди, Қирғизистон ва КХДР ишончли тарзда мағлуб этилди, Эрон билан ўйинларда эса мағлубиятга йўл қўйилмади. Шу сабаб саралашнинг сўнгги турига келиб жамоа натижани “кутилмаган омиллар”га боғлаб қўймади.
Тарихий йўлланма қўлга киритилишига ЖЧ форматидаги ўзгариш ҳам таъсир қилди: 2026 йилдан турнирда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади, Осиёга эса саккизта тўғридан-тўғри йўлланма ажратилди. Саралаш босқичида жамоани Тимур Кападзе бошқарган бўлса, октябрда унинг ўрнини Фабио Каннаваро эгаллади — мундиалдаги натижалар энди янги мураббий билан боғлиқ бўлади. ЖЧдаги дастлабки учрашув Колумбияга қарши, иккинчи тур эса португалияликларга қарши ўтказилиши кутилмоқда.
Август ойида Женнифер Лопес Тошкентдаги “Миллий” стадионида (собиқ “Бунёдкор”) Up All Night: Live in 2025 жаҳон гастрол сафари доирасида ягона концертни берди. Бу Ўзбекистон тарихида AAA даражадаги артистнинг илк шоу дастури сифатида қайд этилди. Концертга 31 144 томошабин ташриф буюрди, шундан 15 330 нафари хориждан келган. Пойтахт бюджетига солиқ тушумлари 42,5 млрд сўмдан (тахминан $3,3 млн) ошди. Лопеснинг Ўзбекистондан ўз портрети туширилган лаган совғаси билан кетгани эса ОАВ ва ижтимоий тармоқларда алоҳида трендга айланди.
Сентябрда “C5+1” саммити доирасида Ўзбекистон Boeing билан Uzbekistan Airways учун 22 та Boeing 787 Dreamliner узоқ масофали лайнерларини харид қилиш бўйича келишувга эришди. Битим қиймати $8 млрддан ортиқ экани айтилди, етказиб бериш 2031 йилдан бошланиши режалаштирилган. Кузатувчиларга кўра, келишув АҚШ–Ўзбекистон муносабатларида янги босқич рамзи сифатида баҳоланмоқда: Вашингтоннинг минтақага қизиқиши кўпроқ прагматик “бизнес” ёндашуви билан изоҳланади, Тошкент эса ҳамкорликни иқтисодий мазмун билан тўлдиришга уринмоқда.
Ноябр ойида Америкалик-ўзбек бизнес ва инвестиция кенгаши тузилди — у қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этди. Бироқ визавий масалада ўзаро енгиллик бўлиши эҳтимоли паст: АҚШ томони кириш талаблари ва виза бериш амалиётини қатъийлаштириб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда АҚШ Давлат департаменти ўзбекистонликларнинг меҳмон визалари бўйича аризаларининг 64% дан ортиғини рад этгани қайд этилган — бу Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткич.
2025 йил ноябридан бошлаб Тошкент ва бошқа ҳудудларда ҳаво сифати кескин ёмонлашди: пойтахт ҳафталаб тутун ва смог остида қолди, ҳавода куйинди ҳиди сезилди, аҳолида йўтал, томоқ қичишиши ва бош оғриғи каби шикоятлар кўпайди, дорихоналарда респираторлар тақчиллиги юзага келди. Вазириятни об-ҳаво инверсияси оғирлаштирди — ифлос ҳаво қатламлари ерга “ёпишиб”, узоқ вақт тарқалмади. Айрим кунлари PM2.5 кўрсаткичлари меъёрдан ўнлаб баробар ошиб, ифлосланиш даражаси кун бўйи хавфли бўлиб қолди.
Ҳокимият муаммога жавобан пойтахтда махсус экологик комиссия тузди — комиссия ҳавони ифлослантираётган корхоналарни ёпиш ваколатига эга бўлди. Қурилиш майдончалари ва саноат объектларида назорат кучайтирилди, айрим қурилишлар вақтинча тўхтатилди, заводлар ҳамда ИЭСларга чиқиндилар бўйича қатъийроқ талаблар қўйилди. Президент топшириғига кўра, Тошкентдаги иссиқхоналар шошилинч тарзда кўмирдан газга ўтказила бошланди. Смогга қарши кураш йил охиригача тўлиқ барқарорлашмади: баъзан ҳаво очилиб, тоғлар кўрина бошлаган бўлса-да, ўзгаришлар кўп жиҳатдан об-ҳавога боғлиқ бўлиб қолди. Йил якунида ифлосланиш ноябрдаги чўққи даражаларга қайтмаган бўлса ҳам, ЖССТ тавсия этган меъёрлардан юқорилигича қолди.
12 декабр куни эса кўплаб тошкентликлар кутилмаганда одатдаги дориларни харид қила олмаганини билдирди: пойтахт ва республиканинг 15 та туманида электрон рецептлар бўйича пилот лойиҳа ишга туширилди. Рецепт талаб қилинадиган дорилар рўйхатига парацетамол, аспирин, этил спирти ва нимесил ҳам киритилгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди — натижада кўплаб дорихоналарда рецептсиз деярли фақат витаминлар ва БАДлар қолиб кетди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шикоятлар кўриб чиқилаётгани, тизим такомиллаштирилаётгани ва жараён босқичма-босқич жорий этилишини маълум қилди: ишчи гуруҳ ҳамда эксперт кенгаши тузилди, рецептсиз олинадиган дорилар рўйхати эълон қилинди, фавқулодда ҳолатларда зарур препаратлар чекловсиз берилиши ваъда қилинди. Электрон рецептларга тўлиқ ўтиш 2026 йил охиригача якунланиши режалаштирилган, бироқ тушунтиришлар ҳамон кўплаб саволларни очиқ қолдирди.
Йил якунлари иқтисодий жиҳатдан ҳам эътиборни тортди: ўзбек сўми доллар курсига нисбатан қарийб 7% га мустаҳкамланди, ҳолбуки мутахассислар миллий валюта заифлашишини кутган эди. 3 декабр куни доллар йил давомидаги энг паст даражага — 11 880,93 сўмга тушди, йил охирида эса 1 доллар 12 025,33 сўм атрофида якунланди. Доллар босимининг пасайиши, асосан, мамлакатга валюта тушумлари кўпайгани билан изоҳланди: олтин экспорти жаҳон нархлари фонида ўсди, туризм ва хизматлар даромади ошди, пул ўтказмалари ҳамда ташқи қарз жалби ҳам маълум роль ўйнади, импорт эса нисбатан барқарорлашди.
Сўмнинг мустаҳкамланиши импорт маҳсулотлари нархлари ўсишини секинлаштириб, инфляцион кутилмаларни пасайтирди. Иқтисодиётнинг долларга боғлиқлиги ҳам қисқарди: валютадаги кредитлар ва омонатлар улуши камайди, давлат ва бизнес учун ташқи қарзни хизмат кўрсатиш харажатлари нисбатан арзонлашди. Шу билан бирга, экспортёрлар ҳамда импорт билан рақобат қилувчи ишлаб чиқарувчилар кучли сўм шароитида босимни кўпроқ ҳис қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.