
Янги йил арафасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни жамиятга мослаштириш, маънавий-ахлоқий тарбия ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Иккинчи минтақавий бошқарма тасарруфидаги 6-колонияда “Профилактика ва интизом” ҳафталиги доирасида маҳкумлар учун диний-маърифий учрашув ташкил этилди. Унда Поп тумани имом-хатиби, жоме масжид имоми ҳамда “нормал ҳаётга қайтариш” йўналишидаги гуруҳ вакиллари иштирок этди. Суҳбатда дин инсонни эзгуликка, ҳалолликка, сабр-тоқат ва кечиримлиликка чорлайди, ислом эса инсон қадр-қимматини улуғлаб, билим олиш, ота-онани эъзозлаш ҳамда жамиятда тинчлик ва тотувликни асраш муҳимлигини таъкидлайди, деган мазмундаги тушунтиришлар берилди.
Шу бошқарма тизимидаги 6-тергов ҳибсхонасида маҳкумларнинг тузалиш даражасини баҳолаш бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Наманган вилояти бўйича минтақавий вакили, Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари ҳамда Уйчи тумани Республика Маънавият маркази вакиллари қатнашди. Хўжалик хизматига жалб қилинган маҳкумлар ҳар бири алоҳида кўриб чиқилиб, содир этилган қилмишга муносабати, пушаймонлик даражаси, ўқишга қизиқиши, меҳнатга муносабати ва касб ўрганиш истаги ўрганилди.
Йиғилиш якунида барча номзодлар бўйича ижобий хулосалар берилди. Ички тартиб-қоидаларга риоя қилган ва намунавий хулқ кўрсатган саккиз нафар маҳкумни эса янги йил байрамлари муносабати билан рағбатлантириш тавсия этилди.
Тўртинчи минтақавий бошқарма муассасаларида, хусусан 10-колонияда байрам олдидан манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Маъмурият ногиронлиги бор маҳкумлар, яқинларидан кўмак олмайдиганлар ҳамда оғир ижтимоий вазиятдагиларга янги йил совғаларини топширди.
Иккинчи минтақавий бошқарма тасарруфидаги 6-тергов ҳибсхонасида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳам давом эттирилди. Муассаса раҳбари қамоқда сақланаётганлар ва хўжалик блокида жазони ўтаётганлар яқинлари билан учрашиб, сақлаш шароитлари, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилди. Якунда уч нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилгани билдирилди.
Шу ҳибсхонада ўтказилган сайёр қабул чоғида қамоқда сақланаётган шахслар томонидан йўлланган мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди. Уйчи тумани ФҲДЁ бўлими раҳбари иштирокида тергов остидаги шахслардан бирининг никоҳи расмий рўйхатдан ўтказилиб, гувоҳнома тантанали тарзда топширилди.
Биринчи минтақавий бошқарма тизимидаги 46-манзилли колонияда ҳам байрам тадбирлари ўтказилди. Меҳнатга масъулият билан ёндашган ва тарбиявий ишларида фаоллик кўрсатган маҳкумлар колониянинг раҳбарияти томонидан ташаккурномалар билан тақдирланди.
Ўтказилган тадбирлар маҳкумларни қайта ижтимоийлаштириш, уларнинг маънавий қадриятларини мустаҳкамлаш ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган комплекс ишларнинг бир қисми экани қайд этилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.