20:14 / 12.12.2017
5 582

Тожикистонда пахта олигархи ҳибсга олинди

Тожикистонда пахта олигархи ҳибсга олинди
Тожикистонда «Олими Каримзод» компанияси раҳбари ва «Олим Текстайлз» текстиль фабрикаси эгаси Жамшид Абдулов қўлга олинди. Тожикистонлик олигарх «Тожсаноатбанк»ка 15 миллион долларлик кредитни қайтармаганликда айбланмоқда. Абдуловнинг ҳибсга олингани бир неча манбалар томонидан тасдиқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари олигарх ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади. Манбаларнинг сўзларига кўра, Абдулов айни вақтда Душанбе шаҳрининг Фирдавсий туманида жойлашган тергов изоляторида сақланмоқда. Унинг оиласи эса Дубайда яшайди.

Хабар қилинишича, «Олими Каримзод» компанияси раҳбари аввалроқ «Тожиксодиротбанк»дан ҳам 4 миллион долларлик кредитни олган, бироқ ҳибсга олинганидан сўнг бу маблағлар молия муассасасига қайтарилди.

Хабарларга кўра, Жамшид Абдулов Тожикистон ҳукумати бош вазири ўринбосари Давлатали Саиднинг «Тожсаноатбанк» мижозлари гуруҳи билан учрашганидан сўнг ҳибсга олинди. Лицензиясидан маҳрум этилган банк омонатчилари бош вазир ўринбосарига баъзи олигархлар, жумладан, Жамшид Абдулов «Тожсаноатбанк»ка кўп миллионли кредитларни қайтариб бермагани ва шунинг учун улар ўз пулларини қайтариб ололмаётганликларидан шикоят қилишган.

Матчин туманидаги Такели посёлкасида жойлашган «Олим-Текстайлз» ЁАЖ Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон иштирокида 2010 йилнинг 25 март куни ишга туширилган. Ўтган йилда Сўғд вилоятининг солиқ бошқармаси раҳбарияти корхона 19 миллион сомоний (тахминан 2 млн доллар) қарз бўлиб қолгани ҳақида хабар берганди, бу республика ҳукумати корхонага қатор солиқ имтиёзлари тақдим этганига қарамай юз берган.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистонда пахта олигархи ҳибсга олинди