Нукус темир йўл вокзали замонавий кўринишда реконструкция қилинди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Нукус темир йўл вокзали замонавий кўринишда реконструкция қилинди

Нукус темир йўл вокзали замонавий кўринишда реконструкция қилинди

Мустақиллик йилларида Нукус шаҳрида барпо этилган муҳташам ва салобатли бинолар, маданий-маиший ва саноат иншоотлари, замонавий меъморий андозалардаги кўп қаватли турар жойлар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.

Ана шундай муҳим иншоотлардан бири – Нукус темир йўл вокзалида 5,5 миллиард сўмлик реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда “Ўза”.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли маиший ва хизмат кўрсатиш объектлари, сервис шохобчалари фаолияти йўлга қўйилаётгани аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Замонавий меъморий андозаларга мос тарзда қайта бунёд этилган вокзал биносида бир вақтнинг ўзида 400 йўловчига, бир кеча-кундузда эса 1 минг 800 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Йўловчиларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш учун 6 йўлак барча қулайликка эга бўлди.

Йўловчилар учун VIP кутиш заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, меҳмонхона типидаги дам олиш хоналари, савдо шохобчалари қурилди. Поездлар йўналиши ва қатнови тўғрисида ахборот берадиган электрон маълумотлар таблоси ўрнатилди. 1,4 гектар майдонни эгаллаган вокзал ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Гулга бурканган ям-яшил хиёбон ўртасида замонавий фаввора қурилиб, йўловчиларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун қулайлик яратилди. 550 метрлик икки перронга замонавий плиталар тўшалди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилаётган Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда барча молиявий манбалар ҳисобидан 4 триллион 52 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, қатор иқтисодий-ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru