Халоскорини кўриш учун минглаб чақиримдан сузиб келадиган пингвин » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
14-11-2016 | 12:15 ZAMIN.UZ / Дунё / 14 Ноябр 2016 года
408

Халоскорини кўриш учун минглаб чақиримдан сузиб келадиган пингвин

Халоскорини кўриш учун минглаб чақиримдан сузиб келадиган пингвин

Бундан бир неча йил муқаддам бразилиялик Жоау Перейра Соуза исмли эркак Рио-де-Женейро яқинидаги соҳил қояларида танаси нефть билан қопланган ва ҳаракатланишга қурби қолмаган Магеллан пингвинига дуч келади. Пингвин очликдан силласи қуриган, нажотсиз ва ўлим ёқасида эди, деб ёзади "Terabayt" сайти.

Соуза дарҳол пингвинни қутқаришга киришади: уни уйига олиб келиб, танасини нефтдан тозалайди, ҳафта мобайнида пингвинни балиқ билан боқиб, парвариш қилади. Эркак жониворга Диндим деб лақаб қўяди. Диндим куч йиғиб, саломатлигини ўнглагач, Соуза уни яна табиат қўйнига қўйиб юборади. Бироқ пингвин халоскорини ташлаб кетишдан бош тортади. Фақатгина 11 ойдан кейингина баданидаги патлар тўлиқ тўкилиб, янгиландан кейин Диндим очиқ уммонга қараб сузиб кетади…

Навбатдаги учрашув бир неча ойдан кейин рўй беради. Ўз халоскорини соҳилда кутиб турган пингвин, уни кўргач шодон товуш чиқарган ҳолда эркакнинг ортидан эргашади. Бу гал Диндим Соузанинг уйида яна бир неча ой меҳмон бўлади. Шундан бери пингвин ҳар йили мунтазам халоскорини зиёрат қилиш учун минглаб чақиримдан сузиб келади. Соузанинг айтишича, Диндим июнь ойида унинг олдига сузиб келади ва февралда яна ортига қайтади.

Зоологларнинг фикрича, Диндим ўз турдошлари яшайдиган Аргентинанинг Патагониясига сузиб бораркан. Ушбу манзил Рио-де-Женейра соҳилларидан тахминан 5000-8000 минг км узоқликда жойлашган.

Диндим Соузанинг энг яқин дўстига айланган, пингвин унинг қўлидан овқатланади, халоскорини кўрганда думини қимирлатиб, хурсандлигини билдириш учун шодон товушлар чиқаради.

Магеллан пингвинлари пингвинларнинг камёб тури ҳисобланади. Уларни биринчи бўлиб Жанубий Америка қитъасида Фернан Магеллан аниқлагани боис ушбу турдаги пингвинлар унинг шарафига номланган. Ҳозирда жаҳонда 1,8 млн жуфт Магеллан пингвинлари мавжуд, 15-20 йил умр кўради. Шунингдек, бундай пингвинлар ўзининг вафодорлиги билан ҳам машҳур: ўз жуфтини танлагач унга бутун умр содиқ қоладилар.

Ушбу реал воқеа яхшилик, меҳр ва ишонч инсоният учун нақадар муҳимлигини исботлайди. Садоқат ва вафонинг бебаҳолигини яна бир кўрсатиб беради.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru