18:48 / 25.04.2024
206

Буркина-Фасо армияси 223 нафар тинч аҳоли вакилларини қириб ташлагани айтилмоқда

Буркина-Фасо армияси 223 нафар тинч аҳоли вакилларини қириб ташлагани айтилмоқда
Фото: Al Jazeera
Буркина-Фасо ҳарбий кучлари жорий йилнинг февраль ойида мамлакатнинг икки ҳудудида 200 нафардан ортиқ тинч аҳоли вакилларини қириб ташлаган. Бу ҳақда Human Rights Watch манбасига асосланиб, Al Jazeera нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, ҳарбийлар қуролли гуруҳларга алоқадорликда айбланган тинч аҳолига қарши тажовузкор амалиётлар олиб борган. Уларга нисбатан шафқатсиз ва ноинсоний муносабатда бўлган.

Буркина-Фасо ҳарбий кучлари февраль ойида икки аҳоли пунктида 223 нафар тинч аҳоли вакилларини қатл этган. Уларнинг камида 56 нафар болалар бўлган.

25 апрель куни эълон қилинган Human Rights Watch ҳисоботига кўра, оммавий қотилликлар 25 февраль куни шимолий Нондин ва Соро ҳудудларида рўй берган. Халқаро ҳуқуқ ташкилотининг айтишича, қирғин қуролли гуруҳлар билан ҳамкорликда айбланган тинч аҳолига қарши кенг кўламли ҳарбий кампаниянинг бир қисми бўлган.

Аскарлар Нондин шаҳрида камида 44 кишини, жумладан, 20 нафар болани отиб ўлдиришган. Яқин атрофдаги Сорода эса 179 киши қатл этилиб, улардан 36 нафари болалар бўлган.

Human Rights Watch расмийлари февраль ва март ойлари орасида ўнлаб гувоҳлар билан суҳбатлашилганини, омон қолганлар тарқатган видео ва фотосуратлар таҳлил қилинганини хабар берган. 15 мартдан бошлаб сунъий йўлдошдан олинган суратлар асосида саккизта оммавий қабрнинг геолокацияси аниқланган.

Нондин ва Сорода ўлдирилганлар “Ал-Қоида” ва ИШИД террорчи-экстремист гуруҳлари билан алоқадор бўлгани ҳукумат манбалари томонидан айтилган. Ушбу террорчи уюшмалар ҳозирги кунда мамлакатнинг тенг ярмини марказий бошқарувдан ажратиб олишга эришган. Эгалланган ҳудудлардаги 2 миллиондан ортиқ фуқаро уй-жойларини ташлаб кетган.

Ғарбий Африкада жойлашган Буркина-Фасода 2022 йил сентябрида ҳарбий тўнтариш юз берган эди. Натижада демократик йўл билан сайланган президент Роч Марк Каборе ҳокимиятдан ағдарилиб, капитан Иброҳим Траоре бошчилигидаги ҳарбий хунта давлатни эгаллаган.

Траоре асосий эътиборини қуролли гуруҳлар назорати остидаги ҳудудларни қайтариб олишга қаратган. Бироқ ҳарбийлар хавфсизлик инқирозини бартараф этиш учун курашаётган бир пайтда, сўз эркинлигини таъқиб қилгани ва танқидчиларни қўрқитгани учун халқаро ҳуқуқ ташкилотлари қораловига учраган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Буркина-Фасо армияси 223 нафар тинч аҳоли вакилларини қириб ташлагани айтилмоқда