Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли темирйўл вокзали, станцияси ва разездларининг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича қарор қабул қилди. Қарор “Давлат тили ҳақида” ҳамда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунларга асосланади.
Мазкур қарорга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” тизимидаги барча темирйўл объектлари номлари махсус рўйхат асосида тасдиқланади. Эндиликда барча расмий ҳужжатлар, иш юритиш материаллари ва хизмат ёзишмаларида фақат тасдиқланган номлардан фойдаланиш талаб этилади.
Транспорт вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” уч ой муддатда тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритади. Шунингдек, темирйўл вокзаллари ва станцияларидаги пешлавҳалар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида қайта ёзилади.
Бу чора-тадбирлар давлат тили меъёрларига риоя этишни кучайтириш, номлардаги ягона услубни таъминлаш ва йўловчилар учун қулайлик яратишга қаратилган. Шу орқали транспорт инфратузилмасида бир хил ёзув тизими жорий этилади.
Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклатилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!