Қорақалпоғистонда метан қуйиш шохобчалари нега ёпилди?

Қорақалпоғистонда автомашиналарга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланди. Бу ҳақда "Ҳудудгаз Қорақалпоғистон" газ таъминоти филиали матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотга кўра, ҳудудда ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабаб магистрал газ тармоқларида босим пасайиб кетган. Шу боис газ таъминоти, аввало, аҳоли уй-жойлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилмоқда.
Корхона изоҳида таъкидланишича, метан “заправка”ларга босқичма-босқич вақтинчалик чекловлар киритилган. Бу чоралар маиший истеъмолчиларни узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Хабар қилинишича, мавжуд вазият яқин 3–4 кун ичида барқарорлашиши кутилмоқда. Газ босими тикланиши билан шохобчалар фаолияти ҳам босқичма-босқич қайта йўлга қўйилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!