Кремл Эрондан хавотирда: "навбат Россияга келмайдими?" деган савол...

Кремлга яқин мафкуравий доиралар Теҳрондаги инқирозга оддий “минтақадаги иттифоқчи заифлашяпти” деган нуқтаи назардан эмас, балки кенгроқ қўрқув билан қараяпти. Яъни Эрондаги сценарий Ғарб билан қарама-қаршилик шароитида бир куни Россияга ҳам кўчиб ўтиши мумкин, деган фикр Москвадаги айрим таъсирли муҳитларда очиқ муҳокама қилинаётгани айтилмоқда. Президент Путиннинг олий раҳбарга қилинган суиқасдни қатъий қоралагани ҳам шу хавотирнинг бир қисми сифатида талқин қилиняпти.
Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар айнан шу масалага тўхталиб, Россиянинг реакцияси ва унинг сабаблари ҳақида ўзига хос манзара чизиб беришди.
Камолиддин Раббимовнинг қайд этишича, Путиннинг бу мавзудаги позицияси кеча пайдо бўлган эмас. 2025 йилда журналистлар билан учрашувда унга “агар имом Хоманаий АҚШ ёки Исроил томонидан ўлдирилса, қандай баҳолайсиз?” деган савол берилганида, Путин икки марта бир хил маънода жавоб қайтарган: “буни ҳатто изоҳлашни ҳам, тасаввур қилишни ҳам истамайман”. Раббимовга кўра, Путин дунёқарашида уруш бўлиши мумкин, аммо давлат раҳбарини бевосита нишонга олиш — принципиал жиҳатдан қабул қилиб бўлмайдиган чизиқ.
Шу нуқтаи назардан, Эрон раҳбариятига нисбатан таҳдидлар Кремл учун шунчаки ташқи сиёсат эпизоди эмас, балки “прецедент” масаласи ҳам. Яъни бу иш “эртага кимга навбат?” деган фикрни автоматик қўзғатади.
Бу фикрни оммага чиқараётган шахслардан бири сифатида Александр Дугиннинг баёноти ҳам тилга олинди. У “агар Эрон йиқилса, кейин Россия навбатда” деган огоҳлантирувни айтган. Дугин расмий лавозимда бўлмаса-да, Кремл атрофидаги мафкуравий муҳитга яқин шахс сифатида кўп тилга олинади. Яъни бу гаплар давлат позицияси эмас, лекин давлат ичида айланадиган хавотирнинг “овозли версияси” бўлиши мумкин.
Минтақавий манфаатлар кесимида эса картинка тушунарли: Эроннинг заифлашуви Исроил учун қулай, чунки Тел-Авив Теҳронни асосий хавфсизлик таҳдиди сифатида кўради. Аммо муҳокама фақат Яқин Шарқ билан чекланмайди.
Глобал даражада АҚШ ва Хитой рақобати кучайган бир пайтда, Россия ва Эрон Пекин учун муҳим ҳамкорлар саналиши айтилди. Шу фон ортида Куба ва Венесуэладаги иқтисодий қийинчиликлар ҳам эътиборга тушади: энергия оқимлари қисқариши Кубада ёқилғи танқислиги, электр таъминотида узилишлар ва ижтимоий инфратузилмада муаммоларни кучайтиргани тилга олинди. Таҳлилчиларга кўра, агар Эрон ҳам жиддий заифлашса, Россия ва Хитой зиммасига тушадиган стратегик юк янада оғирлашади.
Бироқ асосий дилемма шунда: Москва бир томондан Эронни тўлиқ қўллаб-қувватлашга қодир эмас, иккинчи томондан эса вазиятни безовталик билан кузатяпти. Украинадаги уруш Россия ресурсларини сезиларли даражада чеклаган, янги катта геосиёсий силкиниш эса Кремл учун яна бир қийин фронт демак.
Шуҳрат Расул эса Россия жамоатчилигида муҳокама бўлаётган яна бир эпизодга эътибор қаратди: Масъуд Пизишкиён ва Владимир Путин ўртасидаги телефон суҳбати ҳақидаги маълумотлар. Бу ҳақда Валерий Соловей гапиргани айтилди. У кўп ҳолларда мухолиф сифатида кўринса-да, баъзан Кремл расмий айта олмайдиган тезисларни “айланма йўл” билан оммага чиқаради, деган қараш бор.
Соловейга таяниб келтирилган фикрларга кўра, Кремл ичида янги тушунтириш услуби ҳам шакллантирилаётган бўлиши мумкин: гўёки Эрон атрофидаги кескинлик Россияга иқтисодий жиҳатдан ҳатто маълум маънода фойдали — чунки энергия нархлари ўсиши Москва манфаатига ишлайди. Шу билан бирга, “Эрон тўлиқ ҳарбий иттифоқчи бўлмаган, вақтида Теҳроннинг ўзи ҳам чуқурроқ ҳамкорликка жуда қизиқмаган” деган оқловга ўхшаш тезислар ҳам айланиши мумкинлиги айтилди.
Лекин суҳбатнинг энг оғир нуқтаси — ёрдам масаласи. Айтилишича, Пизишкиён ҳарбий кўмак сўраган, Путин эса ресурслар чекланганини билдирган. Россиянинг ўзида ҳам қурол-аслаҳа, ўқ-дори танқислиги борлиги, айниқса Эрон сўраши мумкин бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Россиянинг ўзига ҳам етишмаётгани таъкидланди.
Хитой мавзусида ҳам муҳим реаллик бор: Россия–Хитой–Эрон яқинлиги кўпроқ сиёсий баёнотлар даражасида, улар ўртасида “бир-бирини урушда мажбурий ҳимоя қилиш” каби қатъий ҳарбий мажбурият йўқ. Қурол савдоси бўлса, бу автоматик равишда “урушга кириш” дегани эмас — бу кўпинча бизнес сифатида талқин қилинади. Шу сабаб таҳлилчилар бугунги зиддиятларни дарров “жаҳон уруши” деб аташ учун ҳали асос етарли эмаслигини, бундай таъриф учун аниқ ҳарбий блоклар ва ўзаро мажбуриятлар шаклланган бўлиши кераклигини қайд этди.
Хулоса қилиб айтганда, Москва Эрон масаласида икки ўт орасида: бир тарафда мафкуравий хавотир ва “прецедент” қўрқуви, иккинчи тарафда эса Украина уруши туфайли қисқарган ресурслар ва реал имкониятлар. Шунинг учун Кремл оғзидан қаттиқ баёнот эшитилиши мумкин, лекин амалдаги ёрдам масаласида “қўл қисқалиги” сезилиб турибди. Энг қизиғи эса шу: уруш тугаганда, сукут ҳам, баёнот ҳам эсда қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!