“1000 доллар топиб, 100 доллар солиқ тўлолмайсанми?” — Даврон Эргашевнинг кескин саволи баҳс уйғотди

Ижтимоий тармоқларда Даврон Эргашевнинг чиқиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У ўз нутқида айрим хонандалар яхши даромад топса ҳам, солиқдан норози бўлаётган санъаткорларни кескин танқид қилди.
Санъаткорнинг таъкидлашича, у бу фикрларни айнан даромади юқори бўлган, тўйларда катта гонорар оладиган хонандаларга қаратган:
“Мен изоҳларни ўқидим. Кўпчилик салбий фикр билдирганлар орасида маҳаллий хонандалар ҳам бор. Лекин мен бу гапларни айнан рейтинги баланд, тўйларга 6 миллион сўмдан юқори нархда чиқадиган хонандаларга айтгандим. Бу ҳаммага тегишли эмас”, — деди у.
У шунингдек, солиқ масаласига бепарво қарашни уятли ҳолат сифатида баҳолади:
“Оддий кўчадаги пистачи ҳам солиқ тўлайди-ку, нега биз — санъаткорлар — тўлай олмаймиз? Агар 1000 долларга тўйга борсангиз, камида 100 доллар солиқ тўлаш қийинми? Бу уят эмасми?” — дея кескин савол қўйди Эргашев.
У нутқини қисқа якунлаб, бошқа қўшимча қилишни истамаслигини билдирди. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда эса кўпчилик унинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, масалага жиддий ёндашиш кераклигини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!