Нега хонандаларнинг хизмат ҳақи бунча қиммат?

  • Маданият
  • 19-05-2018, 15:23
  • 2 926
  • Нега хонандаларнинг хизмат ҳақи бунча қиммат?
    Айни кунларда тўйлар мавзусига бағишланган телекўрсатув, радиоэшиттириш, газета-журналлардаги мақола-ю интернетдаги мукоҳамаларда санъаткорлар мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилаяпти. Қўшиқчилар АҚШ доллари қийматида пул олишлари, 4-5 та қўшиқни фонограммада куйлашлари учун 300-400$ миқдорида пул олишлари қаттиқ қораланмоқда. Очиғини айтганда, АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини ҳисоблайдиган бўлсак, битта санъаткорнинг бир кунлик топиш-тутиши ёмон эмаслигини тахмин қилса бўлади. Орамизда бир ой ишлаб ҳам 300$ даромад тополмаётганлар кам дейсизми?

    Интернетда санъаткорларни очиқчасига текинхўрлик, халқ пулини осонликча ўзлаштиришда айблашди. Аммо вазиятга бир ёқлама ечим излаш нотўғри. Санъаткорларнинг ҳам дардини эшитиш, бу соҳада неча йиллардан буён ечимини кутиб турган муаммоларни ўрганиш лозим.

    Илгари (тахминан 15-20 йиллар аввал) санъаткорларга бирмунча осон эди. Овози бор ижодкорларнинг қўшиқ ёки клипи махсус комиссия кўригидан ўтказилиб, ижобий деб топилган ижодий ишлар омма эътиборига тақдим этиларди. Шу боис ҳам санъаткорлар қўшиқнинг сонига эмас, сифатига эътибор беришарди. Фалон концертга чиқиш учун ёки радио-телеведениеда қўшиғимни «айлантириш» учун пул топишим керак деган бошоғриқлар йўқ эди. Ҳозирги комиссияларнинг мақсади эса анчайин нохолис. Халқ артисти ва ҳаваскорнинг қўшиқ ва клипи бир хил нархда эфир юзини кўради.

    Тижорат каналлари тугул давлат каналларига ҳам нарх белгиланганлиги ва ҳар соатда «Фалон эфирга қўшиғингизни жойлаштиришингиз мумкин» деган таклифи кишини ўйлантириб қўяди. Нима, энди бу ёғига эфир ва катта саҳна фақат пули бор ижодкорларга тегишлими?

    Яқиндагина фаолиятини бошлаган «Зўр ТВ» кўплаб хонандалар билан ҳамкорлик қилмоқда. Битта қўшиғингизнинг кундузи эфирга узатилиши бор-йўғи 75 доллар, кечкиси эса икки баробар қимматроқ — 150 доллар (Марказий банк курси бўйича). Нега телеканаллар ижодий ишларга ҳам худди тижорат рекламаларидек муносабатда бўлишаяпти? Ахир бирор маҳсулотнинг рекламаси билан яхши қўшиқ ва клипни таққослаб бўлмайди-ку.

    Демак, кимнидир қоралашдан аввал унинг негизида ётган баъзи муаммоларга ҳам ечим излаш керак. Қўшиқни тижоратга айлантирмай, соф ижодий меҳнат тўғри баҳоланганда эди, овози йўғу пули бор санъаткорлар сафи ҳам анча қисқарган бўларди.
    Наргиза Муродова

    Манба: Xabar.uz

    » » Нега хонандаларнинг хизмат ҳақи бунча қиммат?
    Яндекс.Метрика