08:44 / 25.04.2024
774

Хонанда Авазбек Олимовдан “Севар ёрим” қўшиғини рухсатсиз куйлаб келаётгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда

Хонанда Авазбек Олимовдан “Севар ёрим” қўшиғини рухсатсиз куйлаб келаётгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда
Фото: YouTube
Шоира Маҳлиё Аҳророва хонанда Авазбек Олимов устидан судга даъво аризаси киритди. Kun.uz буни суд мажлисларининг онлайн жадвали орқали аниқлади.

Тошкент шаҳар судидан таҳририятга маълум қилинишича, даъвогар Маҳлиё Аҳророва жавобгар Авазбек Олимовга нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги талаб билан 2024 йил 2 февралда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво аризаси киритган.

Маҳлиё Аҳророва даъво аризасида хонанда Авазбек Олимов унинг “Гўзал ёрим” шеърини ўзгартириб, “Севар ёрим” номи остида муаллифнинг рухсатисиз ижро этиб келганлигини, “Гўзал ёрим” шеъри 2009 йилда ёзилганлиги ва “Сўзи гавҳарим” китобида чоп этилганлиги, хонанда уни 2015 йилдан ҳозирги кунга қадар мунтазам равишда номини ўзгартириб, турли давраларда ижро этиб келганлигини таъкидлаган.

Иш ҳужжатларига кўра, айни шу ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2023 йил 4 декабр кунги қарори билан Авазбек Олимов маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шоира хонандадан ўзининг фойдасига 200 млн сўм маънавий зарар ҳамда 340 млн сўм товон пули ундириб беришни, хонандага “Севар ёрим” қўшиғини ижро этишни, барча теле ва радиоканалларга мазкур қўшиқни эфирга узатишни тақиқлашни сўраган.

Дастлаб суд мажлиси 2024 йил 14 март кунига белгиланган. Аммо хонанда (ёки унинг ишончли вакили) суд мажлисига келмаганлиги сабабли ишни кўриш 28 март ва 8 апрел кунларига қолдирилган. 8 апрел кунидаги суд мажлисида жавобгарнинг адвокати иштирок этиб, иш ҳужжатлари билан танишиш учун суд мажлисини бошқа кунга қолдириш ҳақида илтимоснома киритган.

23 апрел куни навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган ва тарафлар тингланган. Навбатдаги суд мажлиси 7 май куни давом эттирилиши белгиланган.

Хонанда Авазбек Олимов аввалроқ ўзи хизмат ўтаётган тўй маросимларидан бирида бошловчига қўполлик қилгани учун Ўзбекконцерт раҳбари номига тушунтириш хати ёзганди.

Ўшанда хонанда тўйда навбат берган бошловчини ёнига чақириб, исми Аваз эмас, Авазбек деб эълон қилиниши кераклигини айтган ва бошловчини ҳақорат қилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Хонанда Авазбек Олимовдан “Севар ёрим” қўшиғини рухсатсиз куйлаб келаётгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда