16:35 / 24.04.2024
620

Жаҳонгир Отажоновдан ўзгача клип: Бу «ижод»лардан мақсад нима?

Жаҳонгир Отажоновдан ўзгача клип: Бу «ижод»лардан  мақсад нима?
Фото: YouTube
Сўнгги пайтларда ўзининг «қайноқ ижод»ларини тортиқ қилиб чарчамаётган хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг кечаги клипи ҳаммасидан ошиб тушди. Ўзи шундоқ ҳам кейинги вақтларда мухлислар тоқатини синаб, асабларни ёй каби таранг тортаётган хонанда бу сафар танноз аёллар қиёфасида кўриниш берди.

Аёллар ўртасида одатга айланиб бораётган шиширилган лаблар, бошқа тана аъзолари, қўлга чизилаётган ҳар хил расмлар (татуировка)ларни танқид қилган бўлиб, ўзи ҳам бирма-бир ўша қиёфаларга киради. Бўяниб, ҳатто танасига шарлар жойлаб, аёллар кўринишида ҳаракатлар қилган...

Қайсидир маънода у кўтараётган мавзу асослидир. Ўзбек аёллари орасида лабни шишириш, қоматни ўзгартириш операцияси авж олаётгани бор гап. Авваллари аёлларимизнинг латофатини узун сочлару, сурмали кўзлар намоён этган бўлса, энди барча гўзаллик гўёки лабларга кўчгандек, селфичи қизларимизнинг лаблари чўччайган. Агарда жаҳон юлдузлари Рианна ёки Бейонсега тақлидлар шу тарзда оммалашган бўлса, билиб қўйингки, у қўшиқчилар буни атайдан қилишмайди, бу шунчаки яқин тарихи қайноқ Африкага бориб туташувчи одамларга хос ташқи кўриниш, холос.

Лекин охирги клипни кўриб, Жаҳонгир Отажонов аёлларни танқид қилишни чиндан ҳам хоҳлаганмикин деган хаёлга боради киши. Бош планда ўзи — эркак киши учун ёт образларга кириши, ясама тана аъзоларини силкитиши ғалати... Бирор актёрни ёллаши ёки бошқа кадрлар билан асосий урғуни қўшиқнинг ўзига қаратса ҳам бўлардику?!

Афтидан у навбатдаги бачкана «шоу»си билан яна омма эътиборига тушишни хоҳлаган.

Шоу-бизнес, гарчи четдан қаралганда сирли ва жозибали кўринса-да, аслида жуда шафқатсиз ва ўта кучли рақобат олами. Бунда бугун энг эъзозлилар эрта буткул унутилишга маҳкум. Бугун ҳеч ким билмаган бир тўпори эртага бир клипи ё қилиғи (!) билан таниқли бўлиб кетиши ҳеч гапмас. Энг ёмони, Жаҳонгир Отажонов каби қачондир дуппа-дуруст ижоди билан танилган, энди эсдан чиқаётганлар «яшаб қолиш» ёки ўзини бир-бир эслатиб туриш учун ҳатто жанжал чиқариб, шов-шув кўтаришдан ҳам тоймаяпти. Хонанда яқиндагина Озода Нурсаидова билан «ғижиллашиб» кўтарган шов-шувлари ҳали босилмай туриб, бу клипга қўл урди. У бир пайтлар куйлаган «Учрашмадик», «Аразламанг», «Рашк», «Доғман» каби халқимиз севган қўшиқлар оҳанги ёди, энди «Оқ булутлар» каби тарқалиб кетгандек.

Биз истардикки, «Қадди баланд» бу қўшиқчимиз қанча «Ўйнаса ўйнасин-у» ахлоқий мезонлардан «Четга чиқмасин», йўқса унинг аввалги ижодига, унинг санъатига бу бир доғ бўлиб тушиши аниқ.

Муаллиф Шуҳрат Нормуродов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жаҳонгир Отажоновдан ўзгача клип: Бу «ижод»лардан мақсад нима?