19:09 / 21.04.2024
1 280

Оғир вазиятда Лолани қўллаб-қувватлаймиз! Фақат...

Оғир вазиятда Лолани қўллаб-қувватлаймиз! Фақат...
Шу кунларда «Ниҳол» мукофоти совриндори Лола Йўлдошеванинг саҳнадаги кийиниш маданияти билан боғлиқ видеолари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хонанданинг бу чиқиши шунчаки тасодифми ёки одамларнинг қитиқ-патига тегиш учун атай қилинган пиарми, бизга қоронғу.

Бу борада «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳам муносабат билдирди. Унда Ўзбекистон Республикаси «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона Низом» билан тасдиқланган паспортнинг лицензия талаб ва шартларида: «концерт-томоша тадбирларида ижрочиларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти, ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатларни ҳамда томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилмаслик» каби вазифалар белгиланганлигини эслатади.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида жорий йилнинг 18 апрель куни хонанда «Ўзбекконцерт» давлат муассасасига таклиф этилиб, ҳолат юзасидан суҳбат олиб борилгани ва унга яна бир марта лицензия талаблари эслатилганини маълум қилади.

Гап шундаки, кейинги пайтларда шоу бизнес вакиллари орасида ўз қўшиқларини мухлисларга шунақа, ноодатий усулларда тортиқ қилиш оммалашмоқда. Мақсад, одатдагидек тақдим этилиб, «емаётган» «ижод»ни, антиқа, очиқ либослар оҳангжамоси орқали кўрилишини ошириш.

Айниқса, бу усулни кенг оммалаштирган Жаҳонгир Отажонов кейинги «ижод»ларида қўшиқ матни ёки мусиқасидан кўра, шунақа ноодатий либосларда кўринишга бор эътиборини қаратган. Унинг шотландча юбкаси, кенг шалварлари-ю, тундрага хос пўстинлари, энг асосийси уларга ҳамоҳанг қилиқларидан ҳам мақсад шу.

Лекин бу усулни хонанда Лола ҳам ўзлаштириб олган бўлса...

Лоланинг илк бор саҳнага чиқиши ҳамон эсимда. Ўшанда устоз Даврон Ғойибов уни ўзи саҳнага етаклаб чиқиб, ўзбек эстрадасининг келажаги деб атаган эди... Лоланинг илк қўшиғи ҳам исмига монанд — «Баҳор» деб номланганди ва ўша қўшиқ унинг чинаккам баҳорига айланган эди. Айниқса, 2004-2006-йиллар «Кўз ёшим», «Ичим ёнар», «Тошкент-Самарқанд», «Муҳаббатим» каби бир қанча хит тароналари билан кўпчиликнинг қалбига кириб борганди. Ўша пайтлар қўшиқчида қандайдир яхши маънодаги чегара бор эди, бу қўшиқларида ҳам сезилар, клиплари ўзгача жозиба касб этарди.

Охирги кўринишлар эса... Лоланинг ўша олтин даври энди ортда қолдими? Наҳот у ҳам энди ноодатий «ижод»лар орқали рейтингини ошириб турса... Майли, у қўшиқларини эркин ижод қилсин, лекин оммага тақдим этаётган клипларида, саҳнада чиқишларида ахлоқий мезонларни ҳисобга олсин, чунки уларни томоша қилувчи ва улардан андоза олувчилар асосан бизнинг фарзандларимиз. Нима бўлганда ҳам биз, Лоланинг эски қўшиқларини, ўша сирлиликка ва ибога беланган жозибали кўринишларини соғинамиз. Ундан худди шундай ижод намуналарини кутиб қоламиз.

Шуҳрат Нормуродов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Оғир вазиятда Лолани қўллаб-қувватлаймиз! Фақат...