18:08 / 07.07.2022
1 899

Коллектив Ғарб Украинани қайта тиклаш учун «Маршалл режаси»ни тайёрлашни бошлади

Коллектив Ғарб Украинани қайта тиклаш учун «Маршалл режаси»ни тайёрлашни бошлади
Одесса областига ракета зарбаси оқибатлари. Фото: EPA
Европа ва ривожланган дунёнинг 40 дан ортиқ давлатлари Россия тажовузидан кейинги Украинани тиклаш бўйича «Маршалл режаси»ни тайёрлашга расман киришди ва Лугано декларациясини имзолади.

Швейцариянинг Лугано шаҳрида бўлиб ўтган икки кунлик URS2022 конференцияси доирасида Европанинг барча давлатлари, шунингдек, Исроил, Япония, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ, Канада ва Австралия иштирокида Лугано декларацияси имзоланди.

Юридик кучга эга бўлмаган мазкур сиёсий ҳужжатда иштирокчи мамлакатлар Россия агрессиясини қоралаб, Кремлни зудлик билан қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақиришди ва Украинанинг тикланишини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди.

Украина расмийларининг ҳисоб-китоблари бўйича мамлакатни реконструкция қилиш ишлари 750 миллиард долларга баҳоланган. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўзида мудофаа ва қурол-яроғга сарфланган маблағлардан ташқари, 60-65 миллиард доллар керак бўлади.

Киев иқтисодиёт мактаби маълумотларига кўра, Россия армияси ҳозирга қадар 100 миллиард доллар қийматидаги бинолар ва инфратузилмани вайрон қилган. Мутахассислар урушдан кўрилган умумий иқтисодий зарарни 600 миллиард долларга баҳолашган.

Ғарб давлатлари ҳозирга қадар Украинага фақатгина қурол-яроғ сотиб олиш учун бир неча миллиард доллар ажратди. Шундай бўлса-да, аллақачон қайта тиклашнинг келажакдаги харажатлари ҳақида бош қотиришни бошлашган.

«Урушдан кейинги даврга урушнинг ўртасидаёқ тайёргарлик кўришни бошладик. Биз украиналикларга улар ёлғиз эмаслигига умид ва ишонч беришга интиламиз», дейди Швейцария президенти Игназио Кассис.

Маблағлар фақат ислоҳотлар учун

Украина реконструкция харажатларини 750 млрд долларга баҳоламоқда. Шу йилнинг ўзида мамлакатга 60-65 млрд доллар зарур. Фото: EPA
Апрель ойида саккиз нафар етакчи иқтисодчи томонидан Украинани қайта тиклаш учун ажратилиши керак бўлган ёрдам пакети 200-500 миллиард еврога баҳоланган эди. Бунда мутахассислар Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европани қайта тиклаш тажрибаси («Маршалл режаси»), Германияни бирлаштириш, Афғонистон, Ироқ ва Кувайтни қайта қуриш ва бошқа моделларга таяниб иш олиб борган. Улар реконструкция ишларини уч босқичда: ҳозирги фавқулодда ҳолат, ундан кейин муҳим инфратузилма ва давлат бошқарувини тиклаш ва шундан сўнг Украинани замонавий иқтисодиётга айлантириш учун пойдевор яратиш кўринишида амалга оширилишини белгилаб беради.

Шу билан бирга Европа Иттифоқи Украинани ўз сафига қабул қилишга тайёр бўлмасдан туриб, бу ишларни амалга ошириш қийинлигига урғу берилган.

Бошқа томондан, Украинанинг ўзи ҳам коррупция, давлат бошқарувидаги муваффақиятсизликлар ва иқтисодий ҳокимиятнинг тор доирадаги шахслар қўлида тўпланиб қолганлиги каби сурункали муаммоларни ҳал қилиш учун туб ислоҳотларга муҳтож.

Расмий Киевга Европа Иттифоқи аъзолигига номзодлик мақоми берилди. Шу билан бир қаторда Украина олдига бир қанча: коррупцияга қарши кураш, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, «яшил» қайта қуриш, рақамлаштириш ва фундаментал Европа қадриятларини қабул қилиш шартлари қўйилди.

Лугано декларациясида ҳам юқоридаги омилларга эътибор қаратилган.

«Қайта тиклаш жараёни шаффоф ва Украина аҳолиси олдида ҳисобдорлик кўринишида амалга оширилиши керак. Қонун устуворлигини тизимли равишда мустаҳкамлаш, коррупцияга барҳам бериш лозим», - дейилади ҳужжатда.

Потенциал донорлар ва Украина масаласида хайрихоҳ давлатларнинг навбатдаги конференцияси бир неча ойдан кейин Европа Иттифоқида, кейинги учрашув эса 2023 йилда Буюк Британияда ўтказилишига келишиб олинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коллектив Ғарб Украинани қайта тиклаш учун «Маршалл режаси»ни тайёрлашни бошлади